+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОМОНАТНИ ЯХШИ САҚЛАМАГАННИНГ ИМОНИ ЙЎҚДИР

(27-сон)

Ривоят қилинадики, Илёс ибн Муовия Басрага қози этиб тайинлангач, ҳар бир муаммони адолат ва шариат мезонлари асосида ҳал этиб борди. Унинг адолат билан иш олиб боришлиги кўпчиликка маълум бўлди ва унга мурожаат этувчилар сони ҳам ортди.

Бир куни икки киши даъволашиб, унинг ҳузурига келди. Даъвогар ёнидаги шериги ундан омонатга мол олиб, сўнг тонганини айтди.

Савол-жавоб давомида улардан бири даъвогарнинг сўзларини инкор этиб, деди: "Ҳужжат, далил ёки гувоҳи бўлса келтирсин". Илёс ибн Муовия бу кишининг ёлғон қасам ичиб, бировнинг омонат молини еб кетишидан қўрқди ва даъвогарга: "Қайси жойда бу кишига омонатни берган эдинг?", деб сўради. У киши жой номини айтди. Илёс: "Ўша жойда яна нима бор эди?", деб сўради. Даъвогар: "Катта бир дарахт бор. Унинг соясида овқатландик. Кетар маҳали молни берганман", деди. Илёс ибн Муовия: "Сен ҳозир ўша жойга бор. Балки  хаёлингдан кўтарилган нималардир эсингга келар. Сўнг ҳузуримга қайтиб кел. Кўрган-билганларингни сўзлаб берарсан", деб маслаҳат берди.

Даъвогар чиқиб кетди. Қози тонаётган кишига: "Сен дўстинг келгунча шу ерда ўтир", деди. Ва ҳузурига келган бошқа кишиларнинг арзлари ва даъволарини тинглай бошлади. Гоҳ-гоҳида кўз қири билан унга қараб-қараб қўйди. Тонгувчи хотиржам, хаёлчан ўтирган пайтда қози тўсатдан: "Дўстинг сенга омонат берган ўша дарахт ёнига етиб бордимикин? Нима деб ўйлайсан?", деб сўради. У киши ҳеч ўйламай, бехосдан: "Йўқ, ҳали етиб бормагандир, чунки у жой анча узоқ", деб юборди.

Шунда Илёс ибн Муовия: "Эй, Аллоҳнинг душмани, молни олганингни инкор қиласан-у, уни қаерда олганингни билар экансан-да?! Аллоҳга қасамки, сен хоинсан", деди.

Ҳалиги киши қозининг бу тадбиридан лол қолиб, хиёнат қилганига иқрор бўлди ва омонатни эгасига қайтаришни бўйнига олди.

Имом Fаззолийнинг "Мукошафат-ул қулуб" яъни, "Қалблар кашфиёти" асарида омонат ва хиёнат ҳақида шундай ёзади: "Омонат сўзи имон сўзидан ясалгандир. Аллоҳнинг амрларидан ташкил топган омонатни кимда-ким яхши муҳофаза қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг имонини яхши муҳофаза қилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Омонатни яхши сақламаганнинг имони йўқдир. Аҳдида турмаганнинг дини йўқдир".

Луқмони Ҳакимдан сўрабдилар: "Биз сизда кўриб турган нарсага қандай эришдингиз?". Дебдурлар: "Гапнинг тўғрилиги, кераксиз сўзларни тарк қилишлик ва омонатга хиёнат қилмаслик билан".

Абу Лайс Самарқандийнинг "Танбеҳул-ғофилийн" асарида шундай зикр қилинади: "Тобеъинлардан битталари бир кишининг юзига у кишини мақтабдилар. Ҳалиги киши: "Эй, Аллоҳнинг бандаси! Нима учун мени мақтадинг? Fазабим келганда мени синаб кўриб, юмшоқлигимни топдингми?", деди. Жавоб қилди: "Йўқ". Яна сўради: "Сафар қилганингда мени синаб кўриб, яхши хулқлик ҳолатда топдингми?". Жавоб қилди: "Йўқ". Сўради: "Омонат берганда мени синаб кўриб, омонатга содиқ топдингми?" Жавоб қилди: "Йўқ!".

Кейин: "Сенинг ҳолингга вой бўлсин. Биров бировни мана уч ҳислат билан синаб кўрмагунча, мақтамасин", деди".

Ривоят қилибдурларки, Ҳазрати Иброҳим Адҳам Уммонга бораётганларида бир ҳайвонни ижарага олдилар. Кетаётиб, қамчилари тушиб қолди. Шунда у зот уловдан тушдилар, уни боғладилар. Кейин ортга пиёда қайтиб, қамчини олиб келдилар. У кишига: "Уловингизнинг бошини буриб, қамчини олсангиз бўлмасмиди?", дейишди.

Шунда Иброҳим Адҳам дедилар: "У бировнинг омонати. Мен уни фақат бориш учун ижарага олганман, қайтиш учун олганим йўқ".

Омонатни адо этишлик, уни кўз қорачиғидек асраш мўмин-мусулмон одамнинг зиммасидаги мажбуриятдир. Бу мажбуриятни сидқидилдан адо этиш барчаларимизга насиб айласин.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи тайёрлади.