Версия для печати
01 Июль 2017

ИЛМ – ИНСОННИНГ ҚАЙРИЛМАС ҚАНОТИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(27-сон) ёшлар фикри

"Китоб ўқиш менга вақтни ўлдириш воситаси эди. Охири бориб вақтни тирилтира бошлади", деган эди бир ижодкор ўз асарида. Дарҳақиқат, биз кўп китоб  ўқиш орқали ўз билимларимизни ошириб борамиз ва ҳаётни тушунишга ҳаракат қиламиз. Инсон билим олмоғи, илм эгалламоғи керак. Ҳадисларда ҳам "Бешикдан то қабргача илм изла" дейилган.

Қачон инсон етук бўлади? Қачонки, илмли бўлса. Илмнинг фойдаси ва у киши ҳаётида нечоғли муҳим эканлиги ҳақида мумтоз адабиётимиз намоёндалари асарларида ҳам кўплаб фикрлар баён этилган. Буни биз Аҳмад Югнакийнинг "Ҳибат ул-ҳақойиқ" асари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Билимнинг фойдаси, жаҳолатнинг зарари ҳақидаги ўзаро муқоясали тасвир асарнинг асосий қисмини ташкил этади. Шоир илм-маърифат орқали кишига саодат йўли очилишини таъкидлагани ҳолда, илмли, маърифатли бўлиш юксак инсоний фазилатлардан эканлигини ўзига хос тимсол, ташбеҳлардан фойдаланган ҳолда янада бадиийлаштиради. Асарда шоирнинг илм олиш инсон ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этиши тўғрисидаги қуйидаги образли фикрларини алоҳида эътироф этиш жоиз:

 

Қўнгакка  йиликтан эранга билик,

Еран кўрки ақл, сўнгакнинг - йилик.

Биликсиз - йиликсиз сўнгактан қоли,

Йиликсиз сўнгакка  сунулмас алик. 

 

"Сўнгак" (суяк)да илик бўлиши лозимлиги "эран", яъни эр кишига илм кераклигига  қиёс қилинади. Кишининг кўрки ақл бўлса, сўнгакники иликдир. Шоир илмсиз кишини иликсиз сўнгак каби бўш бўлади, деб билади. Шу боис, иликсиз сўнгакка қўл узатилмайди, деган фикрни баён этади. Аҳмад Югнакий  ғоятда чуқур мулоҳазалар асосида ўқувчига ўзининг ҳаётий тажрибаси замирида туғилган теран фикрларини етказаркан, уларни жамиятдан йироқ бўлмасликка даъват этади. 

Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда, ёшларни китоб ўқиши, илм олиши, ҳунар эгаллаши лозимлиги кенг тарғиб этилмоқда, бунинг учун ёшларга кенг имконият, қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Умуман, ёшларнинг илмли бўлиши масаласига бундан Х аср илгари ҳам долзарб вазифалардан бири сифатида қаралганлигини шоир ижоди орқали билиб олишимиз мумкин.

 Илмли одам албатта, ақл соҳиби бўлади. Ишларини ўйлаб, ақл билан бажаради. Идрок ва онг ёшда эмас, бошда бўлади! Ёш - яшаган кунларимизнинг саноғи, холос. Ақл эса тушунчаларимиз ва ҳаётий  мулоҳазаларимизнинг маҳсулидир. Илм бойу камбағалликда, ҳар қандай шароитда ҳам инсонни билан бирга бўладиган, уни ташлаб кетмайдиган дўсти, ҳамроҳидир. Ҳадиси шарифда ҳам илмга юксак баҳо берилади. Ҳатто, бир соатлик олинган илм, бир кунлик тоат-ибодатга тенглаштирилади.

Келажак биз ёшлар қўлида. Шундай экан, бизни, баркамол авлод, етук шахс бўлиб тарбияланишимизда илмли, билимли бўлиш муҳим эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Бу йўлда асло толмаслигимиз, юртнинг билимдон, фидойи инсонлари қаторида унинг ривожига муносиб ҳисса қўшишни олдимизга бош мақсад қилиб қўйишимиз керак.

 Мафтуна МИРАБДУЛЛАЕВА,

АДУ талабаси.

Прочитано 1890 раз Последнее изменение 31 Июль 2017
Super User

Последнее от Super User