Версия для печати
31 Дек 2020

Фарзандларимиз биз билан фахрлансин

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган тарбия мезонлари ёш авлодни юртига муҳаббатли, юксак одоб-аҳлоқли, кенг дунёқараш ва тафаккур соҳиби бўлиб тарбиялашга хизмат қилади. Ўзбекона тарбиянинг ўзига хос кўриниш ва хусусиятлари борки, булар бошқа халқларда асло   учрамайди.

Минг афсуски, бугун тарбия борасида оғриқли нуқталаримиз ҳам йўқ эмас. Орамизда айрим кишилар ўзининг хулқ-атвори, юриш-туриши, хатти-ҳғаракатлари бимлан Европа маданиятини ҳам йўлда қолдирмоқда. Шу ўринда  ота-она ва бола тарбияси хусусида сўз юритсак.

Ҳар бир ота ўғлини ўзининг фазилатларига мослаб  тарбиялашга ҳаракат қилади. Ота ўғил учун намуна, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати фарзанд учун тарбия воситасидир. Бола ўз отасидан ўрнак олишга, унга ўхшашга ҳаракат қилади. Агар ота намунали, хушмуомала, инсофли, иймонли бўлса-ку майли, лекин, акси бўлса-чи.

Арзимаган сабабларни важ қилиб, жанжаллашадиган ота-оналарни, уларнинг ортидан эса айбсиз-айбдор бўлиб қолаётган фарзандларни кўрганимизда, "бунга ким айбдор?" деган савол туғилади. Фарзандларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, тарбияси ҳақида гапирамиз, улар шарқона тарбияни унутиб юбораётганликлари ҳақида бонг урамиз. Аммо, оддийгина бир ҳақиқат борки, уни айтсак, гўёки ўзимиз айбдор бўлиб қоладигандек лом-мим демаймиз.

Биз ота-оналар болаларимизга етарлича эътибор қаратяпмизми? Улар учун вақт ажратиб, улар билан дўстона суҳбат қуриб, кўнглига қулоқ соляпмизми?

Кўпчилик ота-оналар ўзларининг бурчларини фарзандларини едириб-ичириш ва чиройли кийинтиришдан иборат, деб ўйлайдилар. Оқибатда эса оилада, меҳр-оқибат, сабр-бардошлилик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат каби маънавий қадриятларимиз тобора йўқолиб бораётганига гувоҳ бўламиз.

Балоғат ёшига етиб қолган ўғил-қизларни қаровсиз ташлаб пул топиш илинжида бошқа давлатларга кетадилар. Улар фарзандларининг тарбияси билан қандай шуғулланиши мумкин?

Хўш, ана шундай оилаларда улағаяётган фарзандлар келажакда қандай инсон бўлиб етишади? Фарзандлакримизнинг ўзбошимча бўлишларига ўзимиз сабабчи эмасмизми? Ота-онага гап қайтариш, менсимаслик, ўз билганидан қолмаслик, бундай унсурлар шарқона маданиятимизга ва тарбиямизга мутлақо зид эмасми?

Фарзандларимиздан одобли бўлишни талаб қилишдан аввал, ўзимизга ўзимиз савол берсак мақсадга мувофиқ бўлариди. Айрим оилаларда  аёллар эрларидан ўзларини устун қўйиб фарзандлари олдида жанжал кўтарадилар, бир-бирини номаъқул сўзлар билан ҳақоратлайдилар. Бундай оилада тарбияли, маънан етук фарзанд вояга етиши даргумон.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                            

Ота-оналаримиз бир-бирларига меҳрибон бўлсалар, ширин муомала қилсалар, болалар ҳам шундай муомалага ўрганадилар. Оилада ўзаро ҳурмат пайдо бўлади.

Қачонки, оилада бир-бирига ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат бўлар экан, бундай оилаларда баркамол, етук, ҳавас қилса арзийдиган фарзандлар вояга етади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, фарзандларимизнинг қандай инсон бўлиши аввало, биз ота-оналарга боғлиқ. Биз катталар нафақат оиланинг тинчлиги ва  хотиржамлиги, балки фарзандларимиз тарбияси учун масъулмиз. Шундай экан, энг аввало ўзимизнинг чиройли хатти-ҳаракатимиз, юриш-туришимиз, гап-сўзимиз билан фарзандларимизга ўрнак ва ибрат бўлишга харакат қилайлик. Улар: "бу - менинг ота-онам!" дея биз билан фахрлансин.

Назирахон ДАДАБОЕВА,

 

вилоят ФВБ  ходими.

Прочитано 665 раз
Super User

Последнее от Super User