Версия для печати
27 Авг 2020

ОРЗУИМ УШАЛГАНИДАН ХУРСАНДМАН

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Дил изҳори

Оилавий боғчанинг қулайликлари кўп. Хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олиш мумкин. Фақатгина, бу соҳада етарли билим ва малакага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.

Мен ҳам кўпдан бери тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, уй боғча ташкил этишни кўнгиллаб юргандим. Яқинда вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят телерадиокомпанияси орқали «Ҳоким ва ёшлар» лойиҳаси доирасида онлайн мулоқот ўтказди. Мазкур мулоқотда мен ҳам иштирок этдим ва давлат шерикчилиги асосида уй боғча очмоқчилигимни, шу масалада менга ёрдам кўрсатишини сўрадим.

Вилоят ҳокими менинг мурожаатимни, ижобий ҳал этиш учун мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Шу куниёқ вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Муқаддас Абдуллаева мен билан боғланди. Мурожаатим бу даражада тез ҳал этилишини асло кутмагандим. Мутасаддилар ҳолатни ўрганиб, ҳомийлик асосида иш ташкил этишни бошлаб юбордилар. Бир ой ичида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди, оилавий боғчамиз фаолият кўрсатиши учун зарур барча жиҳозлар билан таъминланди.

Янги фаолият бошлашимда ўз ишининг устаси, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган Шаҳрихон тумани 8-МТТ мудираси Умринисо Бегматова, 15-МТТ мудираси Турсуной Абдуллаева, 11-МТТ мудираси Гулнора Турсунова ҳамда 2-МТТ мудираси Матлуба Сатторовалар катта ёрдам бердилар, маслаҳатларини аямадилар. Неча йиллик орзуим ушалганидан беҳад хурсандман.

Бу йўлда менга беминнат ёрдам берган инсонлардан чексиз миннатдорман. Ўз зиммамга олган жамиятимиз равнақига ҳисса қўшиш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифани сиқидилдан адо этиш учун астойдил меҳнат қиламан.

 

Озодахон ОЛИМОВА,

 

Шаҳрихон тумани.

Прочитано 766 раз
Super User

Последнее от Super User