+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Июль 2020

ЖАСУРБЕК ЛАТИПОВ: "АНЧАДАН БУЁН БУНАҚА ТАЪСИРЛИ КИТОБ ЎҚИМАГАН ЭДИМ"

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Спортчиларда бўш вақт бўлиши жуда қийин масала. Доимий равишда машғулотларда, мусобақаларда бўламиз. Яқин йиллар давомида ҳатто оилам даврасида ҳам узоқ муддат бўла олмаганман.

 

Нафақат юртимиз, бутун   дунёни жиддий ташвишга       солган коронавирус пандемияси туфайли бир неча ой уйимизда, оиламиз бағрида бўлдик. Ана шу даврда бўш вақтимиз ҳам кўп бўлди. Очиғини айтсам, машғулотлар билан бўлиб анча йиллардан буён  бирорта китоб ўқимаган эдим.

Карантин даврида бир эмас, иккита китобни ўқиб чиқдим. 2018 йилда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинлари финалида филиппинлик боксчи Роген Ладонни мағлуб этиб, ўз вазн тоифамда Осиё ўйинлари чемпионлигини қўлга киритгандим. Ўшанда рингда қувончдан кўз олдимда нимагадир онажонимнинг меҳрли сиймоси гавдаланган эди. Балки мендан олис-олисда бўлса-да, ўшанда поёнсиз меҳри, дуолари билан ғалаба қозонишимга кўмаклашгандир. Уйга қайтганимда шуни ўйлаб, онамни бағримга босиб узоқ тургандим, кўзларимдан беихтиёр ёш оққанди. Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори бўлганимда ҳам бундай туйғуни ҳис этмаган эдим.

Мана, орадан икки йил ўтди. Бугун онажоним орамизда йўқ, онажонимдан айрилиб қолганман. Онамни соғинганим сари, нимагадир ўша, чемпионликни қўлга киритган пайтимдаги,   рингдаги унинг меҳрли сиймоси хаёлимга келаверади. Шуларни ўйлаб, онадан азиз, меҳрибон ва яқин инсон бўлмаслигига яна бир бор амин бўлдим.

Карантин сабаб уйимдаги китоблар орасида турган, анча аввал бир  журналист акамиз совға қилган Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" китобини ўқиб чиқдим.  Очиғи, асардан шунчалар таъсирландимки, хонамни ичидан қулфлаб олиб ўқидим. Ўқиб бўлгач ҳам анчагача унинг таъсиридан чиқолмадим. Оналар борлигига шукр қилдим. Адиб айтганидай: "Мабодо Тангри марҳумларга қайта жон ато қилсаю, оналар тирилиб қолса, ҳаёт пайтида меҳр берганми, бермаганми - барибир фарзандларини мақтаб гапирган бўларди. Оналар ҳатто вафотидан кейин ҳам оналигича қолади.".

 Адиб китобдаги ҳикояларида оналарни шундай тасвирлаб берган-ки, ўқиб фақат мароқ топасиз, оналарнинг буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Онангизни ўйлайсиз. Сизнинг Онангиз билан ёзувчи Онасининг гапиришлари, меҳри, жон куйдириши бир хил эканлигини ҳис этасиз. Китобни ўқиб, худди онам билан ён-ён тургандай ҳис қилдим, ўзимни. Чунки бу китоб оналар, менинг онам ҳақида ёзилган. Шу боис китоб кўнглимдан мустаҳкам жой олди. Мен учун энг қадрли китобга айланди. Билмадим, балки оналар ҳақида ёзилган яхши    китоблар кўпдир. Бироқ, айнан мана шу китобни ўқишдан чиқарган хулосам шу бўлдики, "Дунёнинг ишлари" мен учун оналар ҳақида ёзилган дунёдаги энг яхши асардир. Агар кимки ушбу китобни ўқимаган булса, албатта ўқиб чиқишларини маслаҳат бераман. Оналари тирик бўлса, уларни янада қадрлашга интилади, агар ўтиб кетган бўлса, онасининг тафтини, меҳрини ҳис қилади.Мен ҳам онамни соғинганимда шу асарни ўқийдиган бўлдим.

Болалигимда "Қайсар чумчуқча" деган эртак китоб ўқиганман. Муаллифи ким эканлиги ҳам ёдимда йўқ. Айнан мана шу китоб воқеалари узоқ йиллар хотирамдан ўчмай келади. Умуман, ҳаётда бирор бир муҳим иш қилмоқчи бўлсам, ўқиган         китобларимдаги воқеаларни кўз олдимга келтираман. Улардан сабоқ олишга ҳаракат қиламан. Назаримда китоб инсонни улғайтиради, мулоҳаза, мушоҳадага чорлайди.  Китоб ўқиган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Шундай экан, китоб ўқишни канда қилмаслигимиз,  китоб ҳар биримизнинг яқин дўстимизга айланиши керак.

 

Жасурбек ЛАТИПОВ,

 

Осиё ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпионатлари совриндори.

Прочитано 786 раз