+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

16 Май 2019

Бобомнинг хотираси халқимиз қалбидан ўчмайди

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ёднома

Султон Жўра 1915 йил 1 январда Бухоронинг       Шофиркон туманидаги Қоғолтом қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди.  Уч-тўрт   ёшлигидаёқ   ота-онасидан   жудо   бўлиб, қариндош-уруғлари   тарбиясида   бўлади.   Сўнгра     Шўро мактабларида бошланғич таълимни олиб, 1930 йилда Бухородаги Эрлар билим юртини тамомлагандан сўнг, мактабда ва билим юртида ўқитувчилик қилади. 1936-1939 йилларда у Андижон педагогика институтида ўқийди. Институтни тамомлагач, ана шу илм даргоҳида талабаларга дарс беради.

У бор-йўғи  33 йил умр кечирди. Бироқ ана шу қисқа ҳаёти давомида юртимизнинг забардаст зиёлиси, иқтидорли ижодкор,  Ватан ҳимоячиси сифатида ном қолдирган инсон эди.

Унинг биринчи   шеъри 1927   йилда "Меҳнат   қўйнида"  номи билан "Янги йўл" ойномасида чоп этилади. Султон Жўра Андижонда ўқиган, яшаган даврида самарали меҳнат қилди, шу билан бирга, унинг ижоди юксак чўққига кўтарилди. шу ерда дарс берган; Иккинчи жаҳон урушида қатнашган; урушда ҳалок бўлган. Ана шу йилларда унинг "Фидокор", "Шодлигим", "Очиқ чеҳралар", "Москва" шеърий тўпламлари эълон қилинди. Айниқса, 1939 йил шоир ижодининг энг самарали палласи бўлди. "Парвознома" балладаси, халқ ривоятлари асосида "Зангори гилам", "Қалдирғоч" шунингдек, "Карим ва Қундуз" достонларини ёзди. Шоирнинг 1938 йилда машҳур итальян астрономига бағишланган "Бруно" достони 30-йилларда яратилган ўзбек достонларининг яхши намуналаридан ҳисобланади.

Бадиий соддалик, самимийлик, оғзаки ижодга яқинлик Султон Жўра шеъриятининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобланади. Султон Жўранинг адабий меросида болалар ҳаётидан олинган асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг сўнгги асари  - "Ирода" драмаси Андижон вилоят театрида саҳналаштирилган.

Султон Жўра 1939 йилда педагогик ва адабий фаолияти учун "Ҳурмат белгиси" ордени билан тақдирланганда эндигина йигирма тўққиз ёшга тўлган эди. У Александр Фадеев, Михаил Шолохов, Янка Купала, Петрусь Бровка, Сергей Михалков, Валентин Катаев, Fафур Fулом, Абдулла Қаҳҳор сингари ўша даврларнинг улуғ адиблари қатори ана шу мукофот соҳиби бўлган.

Султон Жўра 1942 йилда кўплар қатори кўнгилли бўлиб фронтга кетади. Унга ҳарбий газеталардан бирида ишлаш таклиф этилади, лекин у таклифни рад этиб, ҳаракатдаги армия сафида фашистларга қарши жанг қилишни маъқул топади.

Шоир душманга қарши ҳам қурол, ҳам қалам билан жанг қилди. У Белоруссия фронтида 2-гвардия дивизия пулемётчиси бўлиб хизмат қилди. Юртдошларимизни Ватанни ҳимоя қилишга чорловчи, душманни тор-мор қилишга бағишланган жуда кўп шеърлари  ҳарбий газеталарда чoп этилди.

1943 йил 14 ноябрь куни Белоруссиянинг Гомель вилояти, Лоевск туманидаги Борцовка қишлоғини озод этишдаги шиддатли жангларда шоир қаттиқ ярадор бўлади ва Пустая Гряда қишлоғининг тиббиёт-санитария батальонига етказилади. Бироқ, уни қутқаришга шифокорлар ожизлик қилди. У аввалига, шу қишлоққа дафн этилди, кейинроқ, унинг қабри Козероги қишлоғидаги қабристонга кўчирилади.

Султон Жўра билим доираси кенг инсон эди.  Ўзбек, рус, тожик, татар, қозоқ тилларида бемалол ўқир ва мулоқот қила оларди. Шунингдек, рубоб, гармон, скрипка, пианино сингари мусиқа чолғуларини  моҳирона чалар эди. У қисқа умр кўрса-да, ўзидан ёрқин хотира қолдирди. Жанглардаги мардлиги, Ватан учун фидойилиги, бетакрор ижоди билан халқимиз хотирасига муҳрланди.

Шоирнинг турмуш ўртоғи Моҳира Жўраева 2007 йилда 92 ёшга кириб оламдан ўтган. Ўғли Ботиржон ҳам ўзи сингари ижодкор бўлиб камол топган. Унинг - фарзанд ва набиралари бугун юртимизнинг турли гўшаларида истиқомат қилмоқда.

Шоир ҳақида мамлакатимизнинг таниқли киноижодкорлари Малик Қаюмов, Файзулла Хўжаев кинофильм яратган. Бундан ташқари, турли матбуот нашрларида кўплаб мақолалар, очерклар чоп этилган.

Ҳозирда Андижон шаҳридаги 40-умумтаълим мактабида шоирнинг ҳайкали ўрнатилган.  Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида, Белорусь давлати Гомель шаҳридаги Ўлкашунослик ва тарих     музейида шоир ҳаёти ва ижоди акс эттирилган фотосуратлар, адабиётлар билан тўлдирилган бурчаклар ташкил этилган. Вилоятимиз марказидаги Хотира майдонидаги Хотира ёдгорлигида унинг номи зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.

Мамлакатимизда Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган эътибор, улуғ зотларни ёд этиш, номларини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ишонамизки, кейинги йилларда бироз унутилгандек бўлган Султон Жўра номи ҳам янада қадр топади. Султон Жўра номи билан аталган кўчага унинг номи яна қайтади.

Жангчи шоирнинг порлоқ хотираси қалбларимиздан асло ўчмайди. 

Эльмира МУСТАФОБОЕВА, жангчи шоирнинг набираси.

Прочитано 1156 раз Последнее изменение 12 Авг 2019