Версия для печати
07 Июнь 2018

АХБОРОТ ХУРУЖИ ВА ЁШЛАР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Муносабат

Бугунги глобаллашув жараёнида оммавий ахборот воситаларининг барча тур ва йўналишлари шиддат билан ривожланиб бормоқда. Қолаверса, ахборот оқимининг тезлиги, мавзу қамровининг жуда кенглиги кишилар ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда инсонлар электрон оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет тармоғи таъсирига тобора чуқур тушиб бормоқда. Биргина юртимизда интернетнинг "Facebook", "Twitter", "Telegram", "Instagram", "Однокласники" каби тармоқларидан фойдаланувчилар сони 10 миллион нафардандан ошганлиги, фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётгани фикримизга мисолдир.

Бугун ўз олдига ғараз мақсадларни қўйган айрим кишилар  кўлами ва таъсири ортиб бораётган интернет   орқали вайронкор ғояларни  тарқатиш, ёшлар орасида зўравонлик, шавқатсизлик, ҳаёсизликни тарғиб этаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Ахборот қуроли орқали кабинетда ўтирган ҳолда сиёсий можаро ва фитналар қўзғаш кўп жойларда иш бера бошлади. Чунки электрон  коммуникациялар бугун чегара билмас қудратга эга, улар қисқа муддатда минг йиллик маданиятни оёқости, бадном қила олиш имкониятига эга. Ахборот таҳдидлари билан боғлиқ яна бир ҳолат шуки, аксарият давлатлардаги иқтисодий танглик, ишсизлик ва қашшоқликдан фойдаланган қабиҳ кимсалар ўша давлатларда тинчлик ва барқарорликни издан чиқариш орқали бойлик орттиришни касб қилиб олмоқда. Хориждаги айрим мафкуравий марказлар суянчимиз ва таянчимиз бўлган ёшлар йўлига ҳар қадамда турли маънавий ва ахборот кўринишларида тузоқ қўймоқда. Бундан ташқари, интернетдаги виртуал ҳаёт туфайли баъзи бир ёшларимиз бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Натижада фарзанд ва ота-она, диний-миллий қадриятларга бўлган муносабатлар таназзулга юз тутмоқда.

Четдан бўлаётган ана шу каби таҳдидларни тўхтатиш, тақиқлаш осон эмас. Асосий масала - ҳар қандай ғоявий, ахлоқий таҳдидга қарши аҳоли, айниқса, ёшларимизда маънавий иммунитетни шакллантиришимиз зарур.  Интернетдан фойдаланувчилар ҳар бир ахборотни, маълумотни ақл тарозисида тортиб, маънавият элагидан ўтказиб, ажратиб олишга ўрганишлари лозим.  Шундан келиб чиқиб, ота-оналар, педагоглар, умуман, кенг жамоатчилик биргаликда ана шу жараённи шакллантириш ва мустаҳкамлаш бўйича қатъий иш олиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хуружлари, виртуал ҳаёт билан боғлиқ таҳдидларни ўз вақтида бартараф этмасак, у яқин йиллар ичида тузатиб бўлмас даражада талафотлар келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Бу борада жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъулиятни ҳис этиб, уларни бартараф этиш жараёнида фаол қатнашиши лозим.

Саидахон ХЎЖАЕВА,

 

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

Прочитано 1606 раз Последнее изменение 30 Июль 2018
Super User

Последнее от Super User