Версия для печати
14 Дек 2017

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Яхшилар ёди

Дунёда шундай улуғ, доно ва фозил инсонлар бўладики, ўшандай одамга даврдош бўлганингга шукроналар айтасан. Шундай инсонлардан бири -  Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари, ёзувчи, шоир Шароф Рашидов эди.

У кишини бир неча марта кўришга, "Халқлар дўстлиги" (ҳозирги "Истиқлол") саройида нутқларини эшитишга муяссар бўлганимдан фахрланаман.

Ўзбекистон Қаҳрамони,   марҳум Таваккал Топволдиев ҳам ҳаёт чоғларида Шароф Рашидов ҳақидаги хотираларини гапириб берган эди:

"- Мен ўзимни бахтли инсон деб ҳисоблайман. Чунки ҳурматли инсонлар, улуғ раҳбарлар - Шароф Рашидов ва Ислом Каримовлар билан бир неча марта суҳбатлашиб, уларга сафдош бўлганман. Эсимда, 1982 йил эди. Мен Жалақудуқ тумани раҳбари бўлиб ишлар эдим. Туманимизга Шароф Рашидов келди. Обод қишлоқлардан бири - Ёрқишлоққа бордик. Рашидов бир хонадонга кириш истагини билдирди. Машинамиз тўхтади. Мен олдин ўша уйга кириб, хонадон бекасига:

- Опа, уйингиз олдида Хизр турибди. Кирсак майлими? - дедим.

Уй бекаси ҳаяжонланиб:

- Бажонидил, кирсинлар! - деди.

Рашидов савлат тўкиб кириб келдилар. Уй бекаси (исми Маҳбубахон эди)билан сўрашдилар. Хонадон соҳибаси бизни сўрига таклиф қилиб, олдимизга оппоқ дастурхон ёзди. Тандирдан узилган иссиқ нон ва янги қаймоқ қўйди. Шароф ака нондан бир бурдасини олиб, "мунча ширин бу нон?" - дедилар. Озгина синдириб, қаймоққа теккизиб едилар.

- "Оҳ-оҳ, қандай яхши! Майлими, шу бурда нонни олсам? - дедилар.

- Албатта, олаверинг, бемалол! - деди Маҳбуба опа.

Шароф ака ўрнидан туриб ҳовлини кўздан кечирди. Хонадоннинг файзидан завқланган кўйи деди:

- Мен бундай икки қаватли, уч қаватли деҳқончиликни чет элда кўрган эдим. Қаранглар, ишкомда узум, тагида бодринг гуллаб ётибди. Мол-қўй, куркалар боқиляпти. Опа, пилла қуртингиз ҳам бор экан. Майлими, кириб кўрсам?..

Хонадон эгасининг рухсати теккач, Шароф ака қурт боқилаётган хонага йўл олди. У ер озода, саранжом-саришта эди. Ипак қурти ривожи авжида. Шароф ака хонадан чиққач:

- Қурт боққанлар одатда, бировни ичкарига киритишмайди, ирим қилишади. Шунинг учун рухсат сўрадим. Бешта уйни қуртга бўшатиб бериб, ўзингиз ташқарида яшаб юрибсиз. Раҳмат опа, кам бўлманг. Фарзандларингиз қаерда? - дея сўради.

- Қишлоқда иш йўқлигидан, Ўш шаҳрида, текстиль корхонасида ишлашади. - жавоб берди опа.

- Солижон Мамарасулович, қишлоққа саноат келтира оламизми? - дея вилоят раҳбарига мурожаат қилди Ш.Рашидов.

- Албатта бўлади, Шароф Рашидович, - дея жавоб берди Солижон ака.

- Ундай бўлса, бу ерда Андижон текстиль комбинатининг филиали қурилсин, - дея топшириқ берди Шароф Рашидов.

У киши хонадон бекаси Маҳбубахон опага тилла соат совға қилдилар. Яхши инсонларнинг қадами етган жой обод бўлавераркан. Мана, хизрсифат инсоннинг топшириғи билан Ёрқишлоқда қурилган текстиль комбинати бугун ҳам ишлаяпти.

Шароф Рашидовнинг халқ олдидаги, Ватан олдидаги хизматлари беқиёс. Буни 1966 йилги зилзиладан сўнг қайта тикланган гўзал Тошкент мисолида, бутун Ўзбекистоннинг фахрига айланган Тошкент метрополитени мисолида кўриш мумкин.

Бу ҳақда меҳнат фахрийси Тўланбой Иминов шундай ҳикоя қилади:

- Мен Ёрқишлоқдаги жамоа хўжалигининг раиси Исмоилжон Қурбоновга ҳайдовчилик қилар эдим. Хизмат тақозоси билан юрганимда Рашидовнинг таърифларини эшитиб юрардим. Ойим қишлоғига тез-тез келиб Ўзбекистон қаҳрамони Қўчқор Турдиев билан учрашиб турарди. Ойим қишлоғида маъруза қилса, албатта,  Моҳлар-ойимдан сўз очарди. Пахтакорларнинг меҳнатини кўп улуғлаб гапирарди.

Кампирровот сув омборининг қурилишида Шароф Рашидовнинг алоҳида  хизматлари бор. Сув омборининг пастки қисми Дардоқ қишлоғигача тошлоқ ерлар эди. Шу ерларда "Прогресс" номли ширкат хўжалиги ташкил этилишига бош бўлиб, тошлоқ ерларни боғларга айлантирди. Шароф ота қаерга борса, ўзидан яхши из қолдирарди.

Ҳа, яхши инсондан яхши ном, эзгу хотиралар қолади. Ўз даврининг доно раҳбарларидан бири бўлган Шароф Рашидов хотираси халқимиз қалбида барҳаётдир.

 

Соҳибахон ҲОШИМОВА,

 

Жалақудуқ тумани.

Прочитано 1762 раз Последнее изменение 05 Фев 2018
Super User

Последнее от Super User