Версия для печати
10 Май 2018

Ислом дини ва ёшлар

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Беш нарсани беш нарсадан илгари ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлиғингни, камбағал бўлиб қолишинг-дан олдин бойлигингни, машғул бўлишингдан олдин бўш вақтингни, ўлим келишидан олдин ҳаётингни", дедилар (имом Ҳоким ривояти). Бундан кўринадики, ёшларимиз ёшлик шижоатини, куч-қувватини, олтиндан-да қадрли вақтни  ғанимат билиб, келажакда билимли, юксак маънавиятли юртига, динига, ота-онасига хизмат қиладиган инсон бўлиб камол топиши учун астойдил ҳаракат қилиши жоиз. Маълумки, динимизда ёшларга, уларнинг дини диёнатли, матонатли, одоб-аҳлоқли бўлишлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг далили сифатида Қуръони каримда келтирилган: "Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик" (Каҳф сураси: 13-оят) ояти калимани келтиришимиз мумкин. Аллоҳ таоло яна бир сурада, ёш бўлишига қарамай жаннат аёлларининг саййидаларидан бири бўлиш даражасига эришган Марям онамиз (алайҳассалом) ҳақида ҳикоя қилади. Умуман, Қуръони каримда ёшлар ҳақида жуда кўп оятлар келтирилган. Жумладан, сарвари коинот Муҳаммад (с.а.в.): "Мен сизларга ёшлар ҳақида яхшиликни васият қиламан. Чунки, уларнинг қалблари нозикроқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мени покиза ва холис дин ила юборди. (Аммо аввалига), менга (баъзи) ёшлар (ҳам), шунингдек, яна (баъзи) қариялар (ҳам) мухолиф бўлишганди", дегандилар.

Агар биз Аллоҳ таоло буюрган, ўзига хуш келадиган амалларни сидқидилдан адо этсак, Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг неъматлардан энг яхшисини бизга тортиқ қилади. Муҳаммад ибн Абу Бакр айтади: "Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Ҳар қандай муваффақият Аллоҳга итоат қилиш биландир. Ҳақиқий ҳаёт У зотнинг ризосидадир. Ҳақиқий неъмат эса У зотга яқин бўлишдадир".

Бугун юртимиз ёшларига кенг имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, эл-юрт, жамиятга манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб камол топса, эзгу амалларни адо этса, шубҳасиз, Яратган ваъда қилган ажру савобларга, мартабаларга албатта, эришади. 

Шу маънода ёшларимиз Ватани, дини, ота-онаси ҳурмат қиладиган ва муносиб хизмат қиладиган комил инсон даражасида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Зотан, ёшларимиз жамиятимизнинг порлоқ эртасини, динимизнинг барқарор ва бардавом бўлишини таъминлайдиган давомчиларимиздир.

Аллоҳ таоло барча мўминлар, шу жумладан ёшларимиз қалбига эзгуликларни жо этсин. Ана шу эзгуликлар ва хайрли амалларимиз билан Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлиш барчамизга насиб этсин.

 Сарварбек ЙЎЛДОШЕВ,

 Асака туманидаги "Мирзо шариф" жоме масжиди имоми.

Андижон шаҳридаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси.

 

Прочитано 1986 раз
Super User

Последнее от Super User