Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Ислом ва аёл ҳуҚуҚИ
АЁЛЛАР УЧУН (БЕЛГИЛАНГАН ҲУҚУҚЛАР) ЎЗ МЕЪЁРИДА ЭРКАКЛАР (ҲУҚУҚИ) БИЛАН ТЕНГДИР
Маълумки, муқаддас динимизда эр ва хотинлик алоқаларига энг муҳим инсоний алоқа сифатида қаралади. Ҳозирда гендер масаласи деб номланган эр-хотиннинг ҳуқуқ ва бурчлари,ўзаро ҳурмат масаласи Исломда бир неча асрлар аввал тўлақонли баён этилган.
Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак?! Уларнинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг оилавий ҳуқуқлари қандай йўлга қўйилиши керак? Ислом шариатида Аллоҳ каломи ва Пайғамбаримиз ҳадиси шарифлари орқали бу саволларга батафсил жавоблар берилган. Мазкур диний ҳужжатлар асосида мужтаҳид уламолар чиқарган ҳукмлар бўйича Олтинкўл туманидаги “Миробод ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Баҳодиржон Рўзибоев шундай дейди:
- Хотиннинг эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишлидир. Хотиннинг эри зиммасидаги маҳр ва нафақа сингари молиявий ҳамда шахсий ҳақлари бор, яъни эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт кечириши, унга озор етказмаслиги, хотинининг озорини кўтариши, у ғазабланганида мулойим бўлиши, хатоларини кечириши, аёлини ўзгалардан қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши, хотинига бериши лозим бўлган маҳрни қанча бўлса-да, тўла бериши керак, бу тадбирлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) суннатларига амал қилишдир. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини етарли таъминлаши керак. Эр бу харжлари туфайли ажр ва савобга эришади.
Бугунги кунда жамиятимиздаги аҳолининг ярмидан кўпини аёллар ташкил этар экан, ҳаётдаги турмуш юмушлари ва ташвишларининг ярми ҳам улар зиммасидадир. Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Шундай экан, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига ҳар тарафлама боғлиқдир.
Аллоҳ таоло ер юзида исломни қарор топтиргунга қадар дунёда аёл шаъни топталган, унга худди бир буюм, матоҳ ёки йўлдан оздирувчи шайтон сифатида қаралган. Улар ҳар қадамда хўрланган, ҳақлари поймол этилган, улар бузуқ ишларни қилишликка мажбур қилинган. Ислом динигина аёлга чинакам ҳурлик олиб келди, уни жамиятнинг ҳар томонлама тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди ва ҳурматини жойига қўйди.
Динимизда эркакларга ўз аёлларига хушмуомалада бўлиш, уларга азият етказмаслик, илм олишликка, дину диёнатли бўлишга шароит яратиб бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни ўлдиришни ман этган. Қуръони каримнинг “Нисо” (Аёллар) ва “Талоқ” сураларида асосан, аёлларга тааллуқли илоҳий ҳукмлар баён қилинди. Шунингдек, бир қатор сураларда ҳам аёлларга тегишли масалалар айтилган. Жумладан, “Бақара” сурасининг 228- оятида “...Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир...” дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло. Бу тенглик қуйидаги ҳолатларда ўз аксини топган.
Биринчидан, Ислом таълимоти аёлга худди эркакка қарагандек қараб, унга берган ҳуқуқ ва вожибларни аёлга ҳам берди. Аллоҳ таоло бир ояти каримасида аёл ҳам яхши амали учун эркак билан баробар ажр-мукофотга сазовор бўлиши ҳақида марҳамат қилади: -“ Эркакми ё аёлми-кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (“Наҳл” сураси, 97- оят).
Иккинчидан, дин таълимоти молиявий муомалаларда эр ва аёл ҳуқуқларини тенг деб билади. Аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилишда ихтиёри ўзидадир, эри ёки отасининг аралашувисиз тижорат шартномаларини мустақил равишда ўзи тузишга ҳақлидир. Илм ва маърифатни ўрганиш ва талаб қилишда ҳам аёл эркак билан тенг ҳуқуққа эга.
Учинчидан, Ислом қиз болани меросдан бутунлай маҳрум қилмади, балки, унга ота-онасидан мерос олишда ўғил меросининг ярми ҳисобида белгилади. “Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида(беришни) буюради...” (“Нисо” сураси, 11- оят).
Тўртинчидан, шариат хотинни эр уйида масъул бўлишида эркак киши мақоми билан баробар ўринга қўйган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) “Барчаларингиз бамисоли чўпонсиз ва қўл остидагиларингизлардан сўралурсиз. Имом ўз қавмига масъулдир, аёл эрининг уйига масъулдир, эр аҳли-аёлига масъулдир”, дея марҳамат қилади ҳадиси шарифда.
Кўриниб турибдики, динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматларини ниҳоят даражада юксак баҳолайди. Шунга жавобан бугунги кун аёллари ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланган ҳолда нафақат оилада, фарзанд тарбиясида, балки жамият ижтимоий ҳаётининг турли йўналишларида самарали меҳнат қилишмоқда, фаоллиги билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Шукрки, давлатимиз олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, бандлигини таъминлашда кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Аёллар бола тарбиялаб, оила мустаҳкамлиги учун эр билан баробар ҳаракат қилиш билан бирга ижтимой фаоллиги билан ҳам ўзларини намоён қилмоқдалар. Шу боис ҳам аёлнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) биз - умматларини уч нарсадан огоҳ этиб, улардан бири сифатида аёлларга ғамхўр бўлишга чақирган: “...Хотинларнинг ҳақларини ҳурмат қилинглар, мен бу хусусда Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия этаман. Хотинларнинг ҳақи масаласида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, улар сизнинг ёрдамингизга муҳтождирлар. Улар сизга Аллоҳнинг омонатидирлар...”.
Демак, сизу биз омонатга содиқ қолиб, аёлларимизнинг турмушини фаровон қилайлик, уларга ҳамиша эътиборли ва муҳаббатли бўлайлик, омонликда сақлайлик, уларга кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатайлик.
Восит АҲМАТХОНОВ
ёзиб олди.