Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси доирасида чоп этилди.
Мулоҳаза
АЁЛ ВА ЭРКАК ҲУҚУҚЛАРИ МУВОЗАНАТИ ТАРАҚҚИЁТГА ЕТАКЛАЙДИ
Бугун жамият тараққиётини инсон қадрини улуғламай тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, аёлларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол бўлиши, уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиши — мамлакатнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, гендер тенглик масаласи нафақат ҳуқуқий, балки маънавий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик асосидир.
Гендер тенглик, бу - эркак ва аёлнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларда тенг бўлиши, жамиятдаги ролини жинс эмас, қобилият, меҳнат ва билим белгилаши демакдир. Ҳақиқий тенглик - аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам ўз орзулари ва қобилиятини эркин рўёбга чиқариши учун шароит яратишдир.
Кўп ҳолларда “гендер тенглик” деганда фақат аёллар манфаати кўзда тутилади, деган фикр бор, аммо бу тушунча ҳар икки жинс учун адолат ва имконият тенглигини англатади. Яъни, эркак киши ҳам оиладаги тарбия жараёнида фаол бўлиши, аёл киши ҳам давлат бошқарувида ўз сўзини айта олиши мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш йўналишида муҳим қадамлар қўйилди.
2019 йилда қабул қилинган “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун шу йўналишдаги асосий қадам бўлди. Шунингдек, Гендер тенглик комиссияси фаолияти орқали давлат бошқаруви, иқтисод ва ижтимоий ҳаётда аёлларнинг иштироки сезиларли даражада ошди.
Бугун юртимизда давлат бошқарувида, маҳаллий кенгашларда, тадбиркорлик ва таълим соҳасида фаол аёллар сони йил сайин ортиб бормоқда. Улар нафақат ўз оиласи, балки бутун жамият ривожига ҳисса қўшишмоқда.
Гендер тенглик фақат сиёсий ёки ҳуқуқий масала эмас — бу, энг аввало, илм ва иқтисодиёт соҳаларида тенг иштирок этиш имкониятидир. Бугун кўплаб қизлар олий таълим муассасаларида билим олиш орқали ўз орзулари сари қадам қўйишмоқда. Қишлоқ жойларда ҳам кичик бизнесни йўлга қўйган аёллар сони ортиб бормоқда — улар оиласига даромад келтиряпти, шу билан бирга маҳаллий аҳолининг иш билан таъминланишига ҳисса қўшишмоқда.
Грант ва кредит дастурлари орқали аёл тадбиркорларга яратилган имкониятлар ҳам жамиятда янги куч, янги илҳом уйғотмоқда. Бу — аёлларнинг фақат “уй бекаси” сифатида эмас, балки яратувчи, илғор фикрли шахс сифатида намоён бўлаётганидан дарак беради.
Гендер тенглик нафақат жамиятда, балки оилада ҳам муҳим аҳамият касб этади. Оилада эр ва хотиннинг тенг масъулиятли бўлиши, бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш маданияти оиланинг мустаҳкамлигига, фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.
Шундай экан, ҳар биримиз гендер тенглигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак: аёл сифатида илмий салоҳиятимизни, меҳримизни, куч-ғайратимизни аямайлик. Зеро, тенглик бор жойда адолат, адолат бор жойда эса тараққиёт бўлади.
Сожидахон САИДОВА.