Мутахассис фикри
Адабиёт, аввало, инсонни тарбиялайди, тафаккурини бойитади. Қайсидир олимлар адабиётни образлар тизими, ҳис-туйғулар намойиши, деб ҳисоблайди. Лекин инсоннинг ҳис-туйғулари доим ҳам уни тўғри йўлга бошлайвермайди. Минг афсуски, бадиий асарларда баён этилган ҳато фикрлар эса ўқувчининг тарбиясига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатади.
Шу маънода алоҳида таъкидлашни истар эдимки, биз адабиёт фанини ўқувчи ёшларга тарбия асоси сифатида ўргатмасак, ўз қўлимиз билан уларнинг тарбияси, маънавияти ва дунёқарашининг тўғри шаклланишини издан чиқаришимиз мумкин. Бугун шиддат билан ривожланаётган, турли ғоялар кураши авж олган бир даврда ўқувчиларда энг аввало ўзликни англашни, яқинларини, юртини севишни, мустақил фикрлаш, яхши-ёмонни ажрата олишни ўргатишимиз муҳимдир. Қолаверса, мустақилликни асраб-авайлайдиган, истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга садоқатли ёшларни тарбиялаш, айниқса, биз зиёлиларнинг биринчи галдаги вазифамиздир.
Қачонки, ёшларимизда ана шу фазилатларни тарбияласак, уларга "сабрлилик", "шукуроналик", "олийжаноблик", "бағрикенглик" сингари вакциналарни бера олсак, билимли, ўқмишли бўлса, улар ҳеч қачон ёт, бузғунчи ғояларга эргашмайди. Ёшларимизни ана шу фазилатлар руҳида тарбиялашда адабиётдан, хусусан, тасаввуф адабиётидан кенг фойдаланиш самарали натижалар беради.
Тасаввуф адабиёти номоёндалари асарларидаги ҳикматлар, ибратли воқеа-ҳодисалар уларнинг дунёқарашига тез ва ижобий таъсир кўрсатади. Энг асосийси, тасаввуф адабиётига оид асарларда ҳар қандай муаммога ечимлар, уларни хал этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар баён этилади. Масалан, Навоийнинг ана шу йўналишдаги асарларида шаҳзодаларнинг бирлашиши, бир-бири билан аҳил, иттифоқ бўлишлари ҳақида фикрлар билдирилган. Ҳудди шу каби бошқа асарларда ҳам турли даврларнинг муаммоларига ечимлар баён этилади.
Айниқса, бугунги таҳликали даврда турли норасмий, экстремистик диний оқимлар ғоялари хуружидан ёшларимизни асрашимиз керак. Дарсларда ўқувчига осон етиб борадиган дунёвий, диний ҳикматлар баён этилган асарлардан фойдаланиш ижобий самара беради. Жумладан, мен ҳам дарсларимда шаҳрихонлик ижодкор Равшанбек Қосимжон ўғлининг ҳикматли асарларидан фойдаланаман. Асарлардаги эзгу ғояларни тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Ҳозирга қадар 4 та китоби нашр этилган Равшанбек Қосимжон ўғлининг тарбиявий, диний мавзудаги ҳикматлари, шеърлари ёрдамида ўқувчиларимизга Ислом дини тинчлик ва инсонийликни тарғиб этувчи дин эканлигини, сабрли бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, инсонни юксакларга кўтаришини тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Ишонч билан айта оламанки, бу каби дарс машғулотларимиз ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлаш кўникмасини янада мустаҳкамлайди.
Мухайёхон АШУРОВА,
Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқитувчиси.