+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

31 Авг 2017

НОМИ ДИЛЛАРДАН ЎЧМАС, БУЮК ИНСОННИНГ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

36 - сон ) Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига!

Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон том маънода мустақилликка эришди. Яъни нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам мустақил бўлдик. Шаҳарларимиз, қишлоқларимиз гуллаб-яшнади, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалди. Бир сўз билан айтганда, биринчи Президентимиз  ўзига қўл билан тиклаб бўлмайдиган ҳайкал қўйди. Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, Ватан тараққиёти, равнақи учун фидойилик кўрсатиб меҳнат қилган Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.

 

Отамиз авлодлар қалбида мангу яшайди!

Ўтган йили мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг соғлиги ёмонлашди. Очиғи, байрамни дилда ғашлик ва "тузалиб кетсинлар"деган илинж билан ўтказдик. Истиқлолнинг 25 йиллик шодиёнаси... Президентимиз ҳар йилгидек байрам тантаналарида қатнашмадилар, самимий чеҳралари билан концертни кузатмадилар, ва...завқлари ошиб рақсга тушмадилар. Болажонларни кўтариб бағрига босиш ҳам у кишига насиб қилмади. Биз, Ўзбекистон халқи бундай тасвирларга ўрганиб қолган эдик. Хуллас, байрам татимади. Байрамнинг эртасигаёқ президентимизнинг вафот этганлари ҳақидаги мудҳиш хабар эълон қилинди.

Гарчи ота-она ўтмоқлиги мерос эса-да, ҳеч ким ота-онасининг бу дунёни тарк этишини истамайди. Чунки бу дунёда ҳамма неъматларга тўйиш мумкин, аммо меҳрга тўймайсан киши. Президентимиз, буюк йўлбошчи И.А.Каримов вафотини ҳам тасаввуримизга сиғдиролмадик. Онгимиз билан идрок этардик, "ҳамма инсон ҳам бир кун ўлади, ўлмайдиган одам йўқ-ку дунёда", дея. Бироқ меҳрталаб, севувчи юрагимиз буни инкор этарди. Хали яна яшасалар бўларди-ку.

Мотам кунлари давомида у кишининг суратлари муҳрланган тасвирлар ойнаи жаҳонда тез-тез намойиш этиб турилди. ...Ана, у киши ёшлар билан самимий суҳбатлашяпти... Анави суратда эса президентимиз аскар ўғлонни даст кўтариб бағрига босяпти... Кейинги суратда юртбошимизнинг кекса отахон ва онахонлар билан гурунглашиб турган дамлари... Яна бирида ёш болакайни қучоқлаб, ўпмоқда... Тарих зарварақларига муҳрланган суратлар. Кўздан шашқатор ёш оқизадиган суратлар, соғиниб қўмсаганда кўриб, илиқ хотираларни уйғотадиган суратлар....Отамизнинг суратлари... Ҳа,биз у кишини отамиз, деб атардик. Отамизнинг вафоти эса биз учун чуқур қайғу бўлди.

Мен отамиз - биринчи Президентимизни севардим. Ишонинг, бу чин эътироф. Бир кишини севсанг, уни нима учун севишингни билмайсан. Фазилатлари учунми, кўркамлиги ё  яхши хислатлари учунми, салобати ёхуд меҳри учунми? Хуллас, отамизни яхши кўришимга минг сабабим бор эди. Мен отамизни ҳаётда кўрмаганман, у киши билан гаплашмаганман. Бироқ ҳамиша у кишининг меҳрини, эътиборини, меҳнаткашлигини, адолатпарварлигини ҳис қилиб яшадим. У барпо этган давлатда эмин-эркин ўсдим, яратиб берилган имкониятларидан баҳраманд бўлдим, оилам билан тинч-осойишта ҳаёт кечиряпман.Отамиздан бизга озод ва обод ватан мерос бўлиб қолди.

2011 йилда дадам Собиржон Иброҳимов 78 ёшида оламдан ўтган эдилар. Дадам ўтганларидан сўнг у кишининг ўрни жуда билинган. Хонадонимиз хувиллаб, узоқ вақтгача ўзимизга келолмаганмиз. Орада 5 йил фарқ билан юртимиз отаси - Ислом Каримов ҳам айнан 78 ёшида бизни ташлаб кетдилар. Орадан бир йил ўтаётган бўлса-да,  у кишига бўлган меҳру-муҳаббатимиз асло сусайгани йўқ. 

Отамизни хотирлаб, унинг эзгу ишлари ҳақида ҳар қанча ёзиш мумкин. Яна ўйлаб қоламан, ахир биргина мақолага инсон 25 йил давомида қурган давлат тарихини ёзиб бўладими? Ўнлаб китоб бўладиган ишларни қандай қилиб кичик мақолага сиғдира оламан?  Отамиз ёдини, хайрли ишларини хотирлар эканман, мен ўзим билган ва ҳис қилган туйғулар билангина у кишини эсга оламан. Суратларига боқиб, бу инсон мангуликка     даҳлдор, буюк тарихий шахс сифатида қалбларга абадий муҳрланганини ҳис этаман. У кишининг суратларига боқиб, буюк инсонлар ҳеч қачон ўлмаслигига яна бир бор амин бўламан.

Бугун бу каби туйғулар, хотиралар, фикрлар миллионлаб юртдошларимиз қалбида жонланаётганлиги бор гап. Ишонаманки, биринчи Президентимиз ана шу кишилар қалбида яхши инсон сифатида муҳрланиб қолган. Демак-ки, бу инсон халқи, фарзандлари қалбида мангу яшайди, номлари асрлар мангу яшайди.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

Ҳамиша барҲаёт!

Ўзбекистонимизнинг биринчи президенти, фидойи ва ватанпарвар инсон - Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафот этганига бир йўл тўлди. Сир эмаски, бу буюк инсонни йўқотиш халқимиз учун оғир жудолик бўлди. Бу йўқотиш ҳар биримизнинг юрагимизни ларзага солди, қалбларимизни қайғуга тўлдирди.

Азиз ва мўътабар инсон Ислом Каримов ҳаёти, фаолияти давомида халқимизнинг ёшидан қарисигача буюк Ватанни жон дилдан севишга, ардоқлашга, жаннатмакон юртимизни янада обод ва гўзал қилишга ўргатди, ундади, рағбатлантирди. Ҳар бир чиқишларида  "Ўзбекистон -умумий уйимиз" дея  раҳбарларга хос оқиллик, одиллик, йўлбошчилик сифатлари билан Ўзбекистонда яшайдиган барча миллатлар, элатларни  бир-бирларига меҳрибон, оқибатли бўлишларига ундадилар. Тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган ватанимизда яшаётган халқларни "Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик билан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак ва зарур. Зеро, тинчлик учун курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди!", дея юртдошларимизни доимо ҳушёрликка ундардилар.

Биринчи юртбошимиз Ўзбекистонни, унинг соддадил, меҳнаткаш одамларини чин дилдан севардилар. Катта минбарлардаги чиқишларида ҳар қандай вазиятда ҳамиша ўз халқига суянишини таъкидлардилар: "Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланишида мен тинчликсевар, меҳрибон, меҳнаткаш, ватанпарвар халқимга суяндим, таяндим. Мен ҳаммангизни севаман ва яхши кўраман, ҳаммангизни бағримга босаман", - деб ўз меҳрларини чин дилдан изҳор этар эдилар.

Юртбошимиз ватанимиз келажаги бўлган ёшларни ҳам юрак-юрагидан севардилар ва ватанимизнинг кежагини ёшларга ишонардилар. "Ўзбекистоннинг барча ёшлари менинг ўғилларим, қизларим ва менинг фарзандларим", - дер эдилар фахр ва ифтихор билан.

Ислом Каримов ёшларни ўз жонажон Ватанига, халқига ҳалол хизмат қилишга чақирар, фидоийликка даъват этар эдилар. Ўзбекистон ёшларини чуқур билим олиб, ҳалол касб-кор эгалари бўлиб  етишишлари учун жон куйдирардилар. Шунинг учун ҳам ижодкор, истеъдодли ёшларни муносиб  рағбатлантириш учун ва Зулфия номли давлат, шунингдек, "Ниҳол" ва бошқа қатор мукофотларни таъсис этилишига бош-қош бўлдилар.

Муҳтарам юртбошимиз доимо "Биздан озод ва обод ватан қолсин!"дея таъкидлар эдилар. Дарҳақиқат, ўз ватанини юрак-юракдан севган ватанпарвар, жонкуяр, фидойи президентимиздан ўзи орзу қилган озод ва обод, чил дилдан истаган, гуллаб-яшнаган, ҳур Ўзбекистон қолди. Бугун у инсон орамизда йўқ бўлса-да, у кишининг эзгу орзу ва ниятлари ижоботи йўлида жипслашган, меҳнаткаш халқимиз юртимизнинг буюк келажагини барпо этиш йўлидан оғишмай бормоқда, бу ана шу ғоялар асосчисиз буюк юртбошимиз, улуғ инсон  Ислом Каримов ҳамиша барҳаёт эканлигига ёрқин бир мисолдир.                

 Мавлудахон АБДУҚОДИРОВА,

 Қўрғонтепа тумани.

 

Болам, дуо қил!

Бу дунё фонийдир, эмас абадий,

Шоҳлар ҳам ўтади, гадолари ҳам.

Болам, аждодларинг руҳини шод қил,

Дуо қил, жаннатга тушсин, деб Бобом.

 

Бир йил тўлаётир, ўтган йил шу дам,

Бир нохуш хабарни эшитди олам.

Қолмади ҳеч кўз ёш тўкмаган одам,

Бизни тарк этдилар ногоҳ, юртбоши

 

У миллат отаси, пешвоси эди,

Гуллаб-яшнатди ҳур Ўзбекистонни!

Болам, юрагингда эъзозлаб яша,

Эли деб, юрти деб ўтган инсонни!

 

У кишидан қолди ҳур Ўзбекистон,

Келажаги порлоқ, озод ва обод!

Тоғлардай виқорли эди Отамиз.

Дуо қил, руҳлари бўлсин дея шод!

 

Эртага байрамдир, муқаддас байрам,

Байрамга Бобонгни руҳини шод эт!

Гарчи бу байрамни кўрмасалар ҳам,

Дуо қил, Жаннатга тушсин Президент!

 

Ислом Каримов - улуF йўлбошчи эди

Биз - инсонларнинг табиати шундай, борида кўп нарсаларга эътибор бермаймиз, вақтида сизу биз билан ён-ён яшаётган кишининг қадрига етмаймиз. Фақат ўша нарсалардан узоқлашганимизда, йўқотганимизда унинг қадрини англаб етамиз. Шундагина у биз учун  қанчалар муҳим ва азиз эканлигини ҳис этамиз.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг асосчиси ва биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳам халқимиз, юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун нақадар қадрли ва азиз эканлигини у кишининг вафотидан кейин чуқур ҳис этдик. Шахсан мен юртбошимиз вафот этганида нафақат кўз ёш тўкиб, балки  бутун вужудим, қалбим билан йиғлаганман. Чунки у киши тинч ва осуда ҳаётимизга, буюк тараққиётимизга тамал тошини қўйган улуғ инсон эди. Энг муҳими, халқимиз етакчиси, фидойилик тимсоли  сифатида қалбимизда муҳрланиб қолган.

Англаганим шу бўлдики, биринчи Президентимиз ўз режалари ҳақида кўп гапирмасди, балки уларни амалга ошириш, эл-юртга манфаат келтириш ҳақида қайғурарди. Қай бир соҳа бўлмасин, ўша жабҳани юксалтириш, тараққиётнинг юқори даражасига кўтариш ҳақида жон куйдирарди, астойдил меҳнат қиларди.

Таълим тизимининг вакили сифатида мустақил тараққиёт йилларида у кишининг ташаббуси ва раҳнамолигида таълим тизимида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчисиман. Мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ ўқитувчиларга қўшимча томорқа хўжаликлари ажратиб берилганлиги, кейинчалик юзлаб ҳамкасбларимиз президентимиз ташаббуси билан намунали лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар соҳибига айланганлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Президентимизнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" асаридаги "Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди..." деган ҳикматомуз сўзлари нафақат мен, балки соҳанинг кўплаб мутахассислари фаолияти учун дастуриламал бўлган, десам асло муболаға бўлмайди. Ана шундан келиб чиқиб, фаолиятимизда таълим-тарбияни бирдек олиб боришга, ҳар жиҳатдан етук ёш авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга астойдил ҳаракат қиляпмиз.

Мен қишлоқ аёлиман. Шу маънода биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қишлоқ ҳаётини яхшилашга, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар турмуш фаровонлигини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссасини яхши биламан. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ опа-сингилларимизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. 

Биринчи президентимиз келажакни кўра билувчи, буюк шахс эди. Шу боис ҳам, буюк ишларнинг бошида турди.  Айниқса, ўзлигимизни англаш, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган буюк ва улуғвор ишларни бошлаб берди. Бугун биз келажаги буюк Ўзбекистонни бунёд этиш мақсадида улуғ юртбошимиз, йўлбошчимиз бошлаб берган нурли йўлдан дадил одимлаб боряпмиз. Бу йўл бизни албатта, истиқболи порлоқ манзилларга элтади. 

Ҳа, мамлакатимизнинг биринчи Президенти халқимизни зулматдан нурли йўлга олиб чиққан буюк инсон, улуғ йўлбошчи эди. Биз у кишининг табаррук номи ва хотирасини юрагимиз тўрида асраймиз.

Маъмурахон ҚЎЛДОШЕВА,

Марҳамат туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Прочитано 1862 раз