+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Авг 2017

ТЎЙЛАРИМИЗДА ТАРТИБ, МЕЪЁР БЎЛИШ КЕРАК

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(33-сон) Бугуннинг гапи

Тўйлар тинчлик, хотиржамлик, тўкинлик ҳукмрон бўлган юртга ярашади. Айни дамда мамлакатимизда ана шу неъматлар ҳукм сураётганлиги боис ҳар куни маҳаллаларимизда карнай-сурнайларнинг овози ёшу-қарини тўю томошаларга чорламоқда. Кимдир  хатна тўйи ўтказмоқда, қайсидир қизнинг бахти очилиб, янги ҳаёт остонасига қадам ташламоқда ёки яна кимдир хонадонига келин туширмоқда.

Бу манзарани кўриш, иштирокчисига айланиш жуда ҳам ёқимли. Миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз асосида шоду-хуррамлик, ўйин-кулгулар билан ўтган ва қуда-андаларни янада бирлаштирган, икки ёшнинг бахтига эшик бўлган тўйлардан кўнглимиз тўлади. Ҳамма орзу-ҳавас билан фарзанд ўстириб, унинг камолини кўришни, қўшгани билан қўша қариб, тиниб-тинчиб яшашини ҳоҳлайди. Шунинг учун халқимиз эзгу ният билан  ўғилдир, қиздир фарзанд дунёга келганида унинг тўйи учун сеп-сидир-ға йиғишни бошлайди.

Албатта, хайрли ният, эзгу мақсад билан яшаш яхши. Бироқ, ҳар нарсанинг ҳам маълум меъёри, тартиб-қоидалари бўлган маъқул.  Ана шу тартибларга амал қилинмаса, дабдабабозлик, ўзини кўз-кўз қилишдек иллатлар бўй кўрсатиши аниқ. Қолаверса, бу ҳолат нафақат тўй қилувчининг ўзини қийин аҳволга солиб қўяди, балки яқинлари ва атрофидагиларга ҳам азият етказади. 

Бугун оилаларда, маҳалла, кўча-кўй, ҳатто катта йиғинларда ҳам тўй мавзуси долзарб бўлиб бормоқда. Чунки тўйларимизни дабдабали ўтказишдек иллат борган сари урфга айланиб бораётганлиги кўпчиликни ташвишга солади. Бу иллатларнинг олдини олиш, ҳақиқий ўзбекона тўйларимизни, урф-одатларимизни сақлаб қолиш бизнинг зиммамиздаги энг катта вазифа эканлигини гоҳида унутиб қўймоқдамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 август куни маданият ва маърифат вакиллари билан ўтказган видеоселекторда виртуал қабулхонага келаётган мурожаатларнинг жуда кўп қисми тўй-маъракаларни тартибга солиб бериш ҳақида эканини, Тошкент шаҳрида "келиннавкар"лар пайдо бўлгани ва бу миллий қадриятларимизга ёт иллат эканлигини таъкидладилар. "Оммавий маданият"нинг яна бир кўриниши бўлган бу ҳолатга наҳотки ота-оналар, маҳалла-кўй, жамоатчилик жим қараб турган бўлса? Қачонгача четдан мажбурлаб сингдирилаётган бу каби "маданият"ларни урф-одат, деб талқин қилишга йўл қўйиб берамиз? Ёши катта отахон, онахонларимиз, маҳалла фаолларимиз қаёққа қараяпти?

Ҳозир ҳамма айбни ёшларга тўнкашга ўрганиб қолганмиз. Аслини олганида ана шу ёшларни тўғри йўлга солиш, ётиғи билан тушунтириб, яхшини яхши, ёмонни ёмон, деб ўргатиш биз катталарнинг вазифаси эмасми? Улар ҳали навниҳол, тажрибасиз, катталарнинг кўмаги, маслаҳатига муҳтож эканлигини унутиб қўймоқдамиз. Натижада айрим ёшларимиз бетайин дугонаси ёки дўстининг, интернетдаги олди-қочди маслаҳатларнинг йўриғига юриб, оилани, маҳаллани, бутун халқимизни шарманда қилмоқда.

Ота-оналар фарзандини моддий таъминлаш билан биргаликда таълим-тарбиясига ҳам масъул эканлиги муқаддас китобларимизда, қолаверса, қонунчилигимизда қайд этиб ўтилган. Фарзандларини одоб-ахлоқли, маънавиятли қилиб вояга етказиш ота-она зиммасига мажбурият сифатида қўйилган. Наҳотки, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлган ҳар бир шахс ўз фарзандини йўлга сола олмаса?! Унинг фарзанди онгли, фаросатли, нафсониятли, маданиятли инсон эмасми ота-онасининг йўлига юрмаса, айтганини бажармаса?

Таниқли ривоятда айтилганидек "тарбияни фарзанд дунёга келмасидан аввал бошлаш керак эди". Болани едириб-ичиргани билан ризқ харомдан келаётган бўлса, тўғри йўлга чақирса-ю ўзи қинғир йўллардан юрса, эр-хотин бир-биридан айб излашдан нарига ўтмаса, ёнига олиб насиҳат қилишни билмаса, ўзи ҳам ота-онасини ҳурмат қилмаса, сўзларига қулоқ солмаса, ҳаётнинг аччиқ-чучуги, паст-баландига ўргатиш, билимли, маъанавиятли, маърифатли қилиш ўрнига ҳавойи ҳавасларни шуурига сингдириб борса, қобил фарзанд қаердан бунёд бўлсин. Бундай боланинг турган-битгани ташвиш, келтиргани азоб-уқубатдан нарига ўтмайди. Ана шундай фарзанд тўйини ўзича ўтказиб, ота-онасини ҳам ўз ҳукмига бўйсундиради. Охир-оқибат бош чангаллаб, эл-юрт олдида шарманда бўлишдан бошқа чора қолмайди.

Шу ўринда биз катталар, ота-оналар назаримда лоқайд, бефарқ бўлиб бораётгандаймиз. Қизимиз бир дугонасини кўриб, ярим ялонғоч кийинса, унга эътиборсиз қарасак, миллатимиз учун бундай кийиниш уят саналади, деб уқтирмасак, уни бу йўлдан қайтармасак, эртага улар кўнглига келган бошқа  ҳар қандай ишни қилишдан тап тортмаслиги аниқ. Шу боис, тўйларни ўтказишда ёшларни йўлга солишимиз, айниқса, аёлларимиз томонидан ўйлаб топилаётган бемаъни "янгича урфлар"ни таг-томири билан йўқотишимиз керак.  Энг ачинарлиси,  бошқалар қиляпти, мен ҳам қилишим керак, деб тўйларда умуман, кераги бўлмаган нарсаларни сотиб олишга маблағ сарфлаб, топганимиздан баракани йўқотяпмиз, қийналяпмиз, ҳатто айримлар қарз бўлиб қолаётганлиги ачинарлидир. Тиришиб, дабдабали тўй ўтказиб, тинчимизни, саломатлигимизни йўқотишнинг нима кераги бор? Сохта ҳурмат-эътибор топиш зарурми?

Афсуски, орамизда мана шу оддий ҳақиқатни англаб етмаётган юртдошларимиз, айниқса, опа-сингиларимиз кўп эканлиги бизнинг энг катта   муаммоимиздир. Жумладан, туманимизда ҳам босар-тусарини билмай, данғиллама тўй қилувчилар учраб туради. Жорий йилнинг ўтган давр мобайнида қўмитамиз фаоллари, маҳаллалардаги Тўй комиссиялари аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳиятини фуқароларга тушунтириш, белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан Бўстон, Янгичек, Тошлоқ, Дўстлик, Кўкалам, Қўртқи, Абдуллабий, Капа, Fозичеки, умуман, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашувлар ўтказилди. Унда тўй ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака маросимлари,   марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни камчиқим ва тежамкорлик билан ҳамда никоҳ тўйларини ортиқча дабдабасиз ўтказиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди. 

Йиғилишларда иштирок этган мутахассислар, катта ҳаётий тажрибага эга отахон ва онахонлар, маҳалла фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар томонидан тўйларда йўл қўйилаётган исрофгарчиликлар, "Загс"ларнинг қатор-қатор машиналарда дабдаба билан ўтказилаётганлиги, қудаларнинг матоҳ билан боғлиқ можаролари, мазар ташишлар қадриятларимизга зид эканлиги тушунтирилмоқда. Ўтказилган учрашувлар давомида маҳалла фаоллари ва ёши улуғ кишиларнинг таъсирини ошириш, тўй-марака ва бошқа оилавий маросимларни тартибга солиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Халқимизда асалнинг ози ширин, деган доно нақл бор. Гарчи ширин бўлса-да, уни кўп истеъмол қилиш аввало, меъдага тегиши, қолаверса, соғлиқ учун салбий таъсир этиши мумкинлиги маъжозий маънода келтирилган бу нақл ҳар бир нарсага тааллуқлидир. Тўйларимиз камчиқим, ширингина ўтказилса, энг аввало, ёшларнинг бахту-саодати, келажаги ўйланиб ҳаракат қилинса, ҳар бир фуқаро, бутун жамиятимиз учун фойдадан холи бўлмайди. Бунинг учун барчамиз бирдек фаол бўлишимиз, лоқайд ва бефарқ бўлмаслигимиз муҳимдир.

 

Фаридахон АБДУЛЛАЕВА,

Жалақудуқ тумани ҳокимининг ўринбосари,

 

              хотин-қизлар кўмитаси раиси.

Прочитано 1991 раз Последнее изменение 11 Сен 2017