+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Сен 2017
    ПАХТА ЙИFИМ-ТЕРИМИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК!
    (40-сон) Жорий йилда вилоятимизда 89 минг 200 гектар майдонда чигит экилди. Деҳқонларимизнинг йил давомида қилган машаққатли меҳнатлари эвазига мўл пахта ҳосили етиштирилди. Айни кунларда етиштирилган…
  • 28 Сен 2017
    "ОИЛАВИЙ ҲАЁТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ"
     (40-сон) Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежида "Оилавий ҳаётнинг ҳуқуқий асослари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва…
  • 28 Сен 2017
    ФАРМОН ТАРFИБОТИГА БАFИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ
    (40-сон) Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида "Валюта сиёсатини либераллаштириш - эркин иқтисодиётни таъминлашнинг муҳим омили" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати -…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


02 Март 2017

КЕЛИННИНГ БАХТИ СЕПИДА ЭМАС, УНИНГ УҚУВИ, ОДОБ-АҲЛОҚИДА

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

10- (сон)

Оила - муқаддас гўша. Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, бахти, камоли энг аввало оиласи билан чамбарчас боғлиқ. Қолаверса, жамиятимиз равнақи, ҳаётимизнинг тинч, фаровон ва тўкин бўлишида оилалардаги маънавий, иқтисодий муҳит, тинчлик-хотиржамлик муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам юртимизда оила, унинг мустаҳкамлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодекси ва бошқа қатор ҳужжатлар оила мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ана шу ҳужжатлар, шунингдек, мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, оиланинг жамиятдаги ўрни ва  мавқеини мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни тартибга солиш борасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигига қарамасдан, ажримлар сони камаймаётганлиги ачинарлидир. Агар фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина ўтган 2016 йилда Қорасув шаҳрида 320 та никоҳ қайд этилгани ҳолда 43 та ажрим кузатилди. Бу кўрсаткич албатта, барчамизни жиддий ташвишга солади.

Айрим юртдошларимиз катта орзу-ҳаваслар билан тўйлар қилишмоқда, қизларининг сепи учун ким ўзарга сарполар йиғишмоқда. Лекин қизи ёки ўғлининг оилавий ҳаётга тайёрлиги, оилавий ҳаёт ҳақида қанчалик билим ва тушунчага эга эканликлари масаласига у қадар эътибор бермаётганликлари натижасида муаммолар келиб чиқаётганлиги ҳам бор гап. Яқинда хизмат юзасидан турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган, лекин жанжаллар туфайли ажрашиш остонасига келиб қолган ёш оиланинг можаролари билан танишишимга тўғри келди. Келиннинг онаси:

- Сепини бекаму-кўст қилиб, қизимни ҳеч кимдан кам қилмасдан узатдим. Қайнонаси бўлса ҳеч нарсани билмайсан, деб унга кун бермаётганлигига тоқат қилолмайман, - дея арз-дод қилди.

Қайнона эса, келинини оддийгина - уйни саранжом-саришта тутиш, чиройли муомала қилиш, мазали таом тайёрлашни ҳам эплай олмайди. Ахир онаси қилган сеп-сидирға менга эмас, қизига-ку? Менга унинг сепи эмас, зиммасидаги келинлик вазифаларини чиройли адо этиши, оиламизнинг бор-йўғига кўникиши, хуш муомаласи билан оиламиз аъзосига айланишини истайман, деган гапларни айтиб масалага ойдинлик киритди.

Қизнинг онаси наҳотки шу оддий ҳақиқатни англаб етмаслиги, қизини бахти у қилган сарпо билан эмас, одоб-аҳлоқи, уқуви, чиройли муомаласига боғлиқ эканлигини тушуниб етмаса?

Шу ўринда мен оналаримизга энг аввало, қизларини турмушга тайёрлашга, оиланинг масъулияти, келиннинг бурч ва вазифаларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратишларини сўрар эдим. Ҳаётда мана шу жиҳатларга эътибор қаратилсагини қизлари бахтли бўлишлари мумкинлигини ҳар бир она тушуниб етсин.

Демак, ёш оила мустаҳкамлигига, оила қурилганда эмас, оила қурилишидан анча аввал йигит-қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш билан мустаҳкам замин яратишимиз лозим.

Ҳар қандай ақли расо кишини ташвишга соладиган яна бир масала. Кейинги  пайтларда орамизда бадавлат хонадон қизини келин қилишни орзу қиладиган, шу йўл билан тўкин ҳаёт кечиришни ўйлайдиган кишилар тоифаси шаклланаётганлигидир.  Аммо ана шу тоифа кишилари  юқорида келтирганимиз каби бахт тўкин ҳаётда эмаслигини жуда кеч тушуниб етадилар. Бундан ташқари, фарзандининг тўйини дабдабали қилиб ўтказиб, қарзга ботганлар, қарзни узаман деб, хорижга ишлагани кетганлар орамизда оз эмас. 

Баъзан ўйланиб қоламан: ота чет элда қиз узатиш, унга сеп-сидирға қилиш ҳаракатида ишлаб, емай-ичмай маблағ тўплаб жўнатади. У юборган пулларга оналар қизига керагидан ортиқча сарпо, мебель олиб, турмушга узатадилар. Айрим оталар, ҳатто қизининг тўйида ҳам қатнаша олмаяптилар. Ахир ота дуосини олмай турмушга чиққан қиз қандай бахтли бўлади?! Ўзга хонадонга келин бўлиб кетаётган қизни отаси пешонасидан силаб, "Борган жойингда тош қотиб, бахтли бўлгин!" деб кузатиши бизга ота-боболаримиздан қолган мерос-ку! Бунга амал қилмаслик қадриятларимизни оёқ-ости қилиш эмасми? Қолаверса, 18-19 ёшли қизларимиз ота дуоси қанчалар улуғлигини, балки тушунмас, бироқ оналаримиз, кексаларимиз бунга нега лоқайд қарамоқда?!

Халқимизда "Қиз чиқарганга 40 йил тегма" деган нақл бор. Минг афсуски, бугун ана шу нақлга кўпчилигимиз амал қилмаяпмиз. Шундай  но-маъқбул урфлар шаклланмоқдаки, тўйдан кейин қиз томон бир неча ҳафта давомида кунига уч маҳал маъзар қилиб, куёвнинг уйга олиб бориб туриши керак. Бундай номаъқбул иш инсонийликнинг қайси бир меъёрига тўғри келади? Одатда эркакларимиз "Мен эркакман" деб ғурурланишади. Лекин бугунги кунда келин томондан келаётган сарполар, саватларга кўз тикиб ўтирган, ёҳуд бундай ҳолатларга томошабин бўлиб қараб турган, аёлига ўз таъсирини ўтказа олмаётган эркакларни қандай аташ мумкин?

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги каби муаммоларни бартараф этишга кўплаб юртдошларимиз бефарқ қараётганлиги туфайли уларни батамом йўқ қилишга ожизлик қиляпмиз. Ана шундан келиб чиқиб, тушунтириш, тарғибот ишларини янада кучайтиришга, айниқса, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга отахон, онахонларимиз бу ишга кенгроқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

  Ёш оилалар билан боғлиқ муаммолар таҳлил этилганда, аксарият ҳолларда муаммолар келиб чиқишига арзимас камчиликлар, ёшларимизнинг оила қуришга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эмасликлари сабаб бўлаётганлигини кўриш мумкин. Кўп ҳолларда қиз ва йигитнинг оилани қанчалар муқаддас эканини англаб етмаслиги, оилавий ҳаёт ҳақида билим ва тушунчалари етарли эмаслиги ажримларга сабаб бўлмоқда.

Қайноналик мақоми фақатгина куёвнинг онасига эмас, балки келиннинг онасига ҳам берилади. Камчиликлар, кўнгилсизликлар ҳар бир оилада бўлгани каби ёш оилаларда ҳам учраб туради. Шундай пайтда ота-она уйга гап кўтариб келган қизини сабр қилишга, муаммо ечимини топишга ундаш ўрнига, қудаларни "тартибга чақириб қўйишни" ўйлаши, куёв ва унинг ота-онасига шарт қўйиши ҳеч қачон ўша оиланинг мустаҳкам бўлишини таъминламайди.  Ота-боболаримиздан мерос - оила нечоғлик муқаддас эканлигини, сабр-қаноат, ор-номус, ота-онага ҳурмат, диёнат, бор-йўққа шукур қилиш, уқувли бўлиш сингари фазилатларни фарзандларимиз онгига сингдирмас эканмиз, улар оилаларининг тўлақонли бахтли, мустаҳкам бўлишига эриша олмаймиз. Шу боис, жонкуяр, фидойи нуронийларимизнинг маслаҳатларига, панд-насиҳатларига таяниб, фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Ажримларнинг олдини олишда, қолаверса, тўйларни камчиқим, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш учун маҳаллалардаги яраштириш, тўй ва маросимларни ўтказиш комиссиялари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада кучайтиришимиз лозим.

Азиз юртдошлар, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамкорликда иш олиб борсакгина, юқоридаги муаммоларни ижобий ҳал этишга эриша оламиз.

 

Наргизахон ХОЛМАТОВА,

Қорасув шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Прочитано 376 раз Последнее изменение 27 Март 2017
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА БУ ОҚШОМ »