+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Апр 2026

Мингтепа - юртимиз кўхна тарихининг кўзгуси

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Тарих ва қадрият

Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳудудида жойлашган “Мингтепа” археология ёдгорлиги тарихий манбаалар ҳамда археолог-олимларнинг маълумотларига кўра, қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбааларда “Даван” деб келтирилади) номи билан машхур давлатининг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари деб таҳмин қилинади.

Ҳозирда Мингтепа ёдгорлиги харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисми 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.

 

Манбаларда ёзилишича, “Мингтепа” қадимда, милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида аҳоли зич яшаган Довон давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Унинг тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. “Буюк ипак йўли”да жойлашган бу маҳобатли шаҳар ривожланган ҳунармандчилиги, дехқончилиги ҳамда “самовий тулпорлари” билан машҳур бўлган.

Тарихий манбааларда Довон давлатига ташриф буюрган Хитой элчиси Чжан Цяннинг ўз императори У-Дига ёзган мактублари сақланган. Элчи ўз мактабларида Довоннинг қишлоқ ва шаҳарлари обод, суғорма деҳқончилик ва ҳунармандчилик хўжаликлари юксак даражада ривожланганлиги, кучли қўшинга эга мамлакат эканлигини таърифлайди. Аҳолиси хушмуомала, меҳмондўст, кўнгли очиқ эканлиги, халқи қишлоқ хўжалиги экинларидан арпа, буғдой, шоли, беда экиб, улардан юқори ҳосил олишини ёзади. Қолаверса, элчи Довоннинг тинч ва осойишта мамлакат экани, аҳолиси бой, турмуши фаровон, табиати гўзал, айниқса, бақувват, баланд бўйли ва кучли дулдул отлари ҳақида алоҳида тўхталганлиги тарихчилар томонидан қайд этилади.

 “Мингтепа” ёдгорлигини ўрганиш, илмий тадқиқ этиш ишлари ўтган асрнинг 40-50-йилларидан бошланган. Ўтган йиллар давомида “Мингтепа” харобалари ўрнида археолог-олимлар қазишма ишларини олиб борган, кўплаб қадимий осори-атиқалар топилган. Бугунги кунда ҳам бу ерда изланишлар давом этмоқда. Айниқса, 2012 йилдан тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти археолог олимлари ҳамкорлигида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида қадимий пойтахт шаҳар харобаларидан қимматли топилмалар, моддий ашёлар топилди.

Топилган ашёлар, тўпланган манбалардан келиб чиқиб, 2017 йилда 2 минг йилдан зиёд вақт аввал “Мингтепа” Фарғона водийсидаги энг йирик, ривожланган қаср-шаҳар бўлганлиги, қатор тарихий манбааларда таъкидланганидек, Довон давлати пойтахти Эрши, кейинчалик Мингтепа деб қайта номланган шаҳар эканлиги ва унинг жойлашган ўрни ҳақида маълумот ва илмий хулосалар эълон қилинди.

Ёдгорлик ҳудудидан топилган осори-атиқалар, қурилиш иншоотлари қолдиқлари, кулолчилик идишлари, ҳайвон суяклари ва тошдан ясалган ёрғучоқлар, хум идшлар, палаҳмонлар Мингтепанинг ҳақиқатан ҳам ўз вақтида ривожланган шаҳар бўлганини тасдиқлади.

Олимларнинг таъкидлашича, сопол идишларга тирнаб безак бериш водийда эрамиз бошларида юксак даражага етган. Мингтепада ана шундай тасвирлар туширилган сопол парчалари топилган. Бирида жангчи ва қуш, иккинчисида эса от тасвири туширилган. Мазкур нафис тасвирлар аждодларимизнинг юксак дид ва маҳоратидан дарак беради. Энг муҳими, шаҳарнинг ички ва ташқи деворлари жуда мураккаб ва ҳар қандай ҳужумга дош берадиган қилиб қурилган. Аммо ташқи шаҳар ва уни деворлари бугунгача сақланмаган. Ички шаҳар майдони ҳам деярли бузилиб, экин экиш учун ўзлаштирилиб юборилган.

-  Ҳозирда “Мингтепа”нинг ички мудофаа девори ҳамда миноралари сақланиб қолган, - дейди тадқиқотчи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шахло Хусанова. - Мудофаа деворининг шимол ва жануб томонларида 12 тадан 24 та, шарқ ва ғарб томонларида 20 тадан 40 та, жами 64 та кузатув ва қўриқлов миноралари бўлган. Ҳозирга қадар 52 та мудофаа деворларидаги миноралар сақланган.Мудофаа деворининг умумий узунлиги 2 минг 600 метр, ташқи девор бундан ҳам узун бўлган. Демак, ўз даврида Мингтепа икки қатор мудофаа иншооти билан ўраб олинган мустаҳкам қалъа-шаҳар бўлган. Бундай мустаҳкам мудофаа иншооти Фарғона водийсидаги антик даврга тегишли бошқа бирорта ёдгорликда аниқланмаган.

Ҳудудда олиб борилган қазишма ишларида узунлиги 30 метрча, эни 140-170 сантиметр бўлган тошйўлак аниқланди. Майда тош тўшалган бундай йўл “Мингтепа” ёдгорлигининг жанубида ҳам топилди. Шунингдек, қазишмаларда йирик ҳажмдаги кўплаб идиш парчалари, хумлар қазиб олинди. Археологларнинг фикрларига кўра, бу топилмалар тери ишлаш (кўнчилик) ёки тўқимачилик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки мутахассислар текширганларида хумлар остки қисми ер остига ковлаб бир текс қилиб ўрнатилган ва атрофи махсус лой - қир (турпоқ, кул ва оҳак аралашмаси) билан ўралган (гидроизоляция қилинган). Мазкур топилмалар эҳтимол Хитой манбалари тилга олган узум шарбати ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиши керак. Яъни, хитойлик тарихчилар манбааларида Фарғона водийсида узум ва узум шарбати (май) етиштириш ривожланганлиги қайд этилади.

Халқ орасида Мингтепа, Лўмбитепа, Жингиртепа деб номланувчи тепаликлар борки, уларни ўрганиш, тадқиқот ишларини олиб бориш бугунги кунда археолог олимлар олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. 

Мингтепадаги тарихий масканлар, зиёратгоҳлар ва ёдгорликларни сақлаш, ободонлаштириш, бой маданий меросни тиклаш, ана шу йўналишдаги эзгу ишларни кенг жамоатчилик ўртасида оммалаштириш мақсадида 2018 йилда Марҳамат туманида “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди ташкил этилди. Бугунги кунда фонд томонидан Мингтепа ёдгорлиги ва тумандаги бошқа тарихий зиёратгоҳларнинг аҳамияти ҳақида  кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, фонд ташаббуси билан “Турон” ўқув маркази томонидан очиқ ва ёпиқ “Мингтепа музейи ” ташкил этилди. Келгусида бутун “Мингтепа” ёдгорлиги мажмуасини қамраб олувчи очиқ осмон остида музей ташкил этиш режалаштирилган.

“Мингтепа” ёдгорлиги, уни ўрганиш, тадқиқ этиш бўйича турли даврларда Н. Я. Бичурин, М. Е. Массон, Ю. А. Заднепровский, В. М. Массон, А. Н. Бернштам, Б.Х. Матбобоев, Б. М. Абдуллаев, А. Хўжаев, А. Эгамбердиев сингари шарқшунос ва археолог олимлар, ёзувчиларнинг хулосалари эълон қилинган, китоблари чоп этилган.

“Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, тарихчи-тадқиқотчи Шахло Хусанова томонидан тайёрланиб, чоп этилган “Мингтепа” китобида юқоридаги олимларнинг илмий хулосалари ва китоблари ҳақида тўлақонли маълумотлар жамланган. Бундан ташқари, журналист, ёзувчи ва тадқиқотчи Обиджон Маҳмуд Довонийнинг “Кўхна ва боқий Мингтепа. Қадим Фарғона тарихидан” номли китобидан ҳам “Мингтепа” ҳақида жуда кўп маълумотлар ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг май ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида “Мингтепа археологик ёдгорлигини ободонлаштириш ва унинг базасида туризмни ташкил этиш, ривожлантириш” тўғрисидаги лойиҳа билан танишиб, лойиҳани амалга ошириш юзасидан қатор топшириқ ва тавсиялар берган эди.

Ана шундан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида “Мингтепа” ёдгорлик мажмуаси ҳамда Марҳамат туманидаги бошқа тарихий ёдгорлик ва зиёратгоҳларни қамраб олган туристик йўналишлар ташкил этилди. Мажмуа ва бошқа туристик объектларни ободонлаштириш, инфратузилмасини яхшилаш, сайёҳ ва зиёратчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, бир неча йиллардан буён “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди томонидан 18 апрель - Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни муносабати билан юртимиз ва хорижий олимлар иштирокида илмий анжуман, турли тадбирлар, танлов ўтказилиши анъанага айланган.

Бундан ташқари, шу кунларда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида мажмуанинг кириш қисмига рамзий дарвоза, атрофига девор тиклаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда

Бир сўз билан айтганда, бугун юртимизнинг қадим тарихидан сўзлагувчи  “Мингтепа” ёдгорлик мажмуасини асраб-авайлаш, ўрганиш, уни борича келажак авлодга етказиш, бу орқали юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида қадим тарихимизга ҳурмат, юртга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган  саъйи-ҳаракатлар давом этмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Прочитано 4 раз