+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

10 Июнь 2023

ОЛТИНКЎЛЛИК «КУМУШ ТОЛА» МИРИШКОРЛАРИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

ПИЛЛА - 2023

Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири, пилла эса  енгил саноат учун муҳим хом ашёлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларига  алоҳида эътибор қаратилади.

Айни кунларда  вилоятиимиз туманларида ушбу мавсумда етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Олтинкўл тумани пиллакорлари томонидан етиштирилган "кумуш тола" ҳосили омборларга топширилмоқда.

Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Олтинкўл туманида жорий йилда 3 минг 578 қути ипак қурти парваришланиб, 207,5 тонна пилла хом ашёси етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

- Мавсум бошида туманда фаолият олиб бораётган "Гуантуан" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон - Хитой уруғчилик корхонаси мутахассислари томонидан мавжуд  11 та инкубаторияда 3 минг 578 қути сифатли уруғ тайёрланиб, тумандаги 495 нафар касаначи ҳамда 142 та фермер хўжаликларига етказиб берилди, - дейди "Олтинкўл агропилла" корхонаси раҳбари Ҳусниддин Қодиров. - Касаначилар томонидан 60 тонна, фермер хўжаликлари томонидан 139 тоннадан зиёд, "Гуантуан" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон - Хитой уруғчилик корхонаси томонидан 8 тоннага яқин пилла ҳосили етиштириш белгиланган.

Таъкидлаш керакки, пиллакорнинг бир ойлик меҳнати йилга татийди. Ипак қурти парвариши ўта нозик иш. Хона ҳароратини бир хилда ушлаб туриш, қуртларга ўз вақтида озуқа бериш, буларнинг бари айтишга осон холос. Эрта тонг тутзорга бориб барг кесиб келиш, ярим тун демасдан қурт­ларга барг солиш ўзига яраша меҳнат, машаққатни талаб этади. Бу ишларнинг ҳадисини олган пиллакорлар эса ҳақиқий миришкорлардир.

Туманнинг Ижтимоият маҳалласида яшовчи, касаначи Гулчеҳрахон ва Бахтиёржон Назировлар йигирма йилдирки, ипак қурти боқиб келади. 70 сотих тутзорлари бор. Жорий мавсумда улар 2 қути ипак қурти парваришлаб, 118 килограм пилла топширди.

- Пилла етиштириш билан шуғулланиб, кам бўлмадик, - дейди Бахтиёржон Назиров. - Бутун оиламиз билан бир ой шу иш билан астойдил шуғулланамиз. Даромади ҳам ёмон эмас. Бу йил ҳам етиштирилган сифатли пиллани кластер корхона омборига биринчилардан бўлиб топширдик, шу куниёқ пулини олдик. Энг асосийси, туман агропилла корхонаси томонидан биз - касаначиларга иш стажи ёзиб борилмоқда.

Авваллари пиллакорлар топширган пилласи учун йиллар давомида пулини ололмасдан сарсон бўлар эди. Эндиликда кўплаб туманларда бундай муаммо тўла бартараф этилган. Жумладан, "Олтинкўл зар ипаги" кластер корхонаси томонидан топширилган пилла учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш йўлга қўйилган, ортиқча оворагарчиликка йўл қўйилмайди.

Жорий йилда тумандаги "Туркис­тон" массивида 12 нафар касаначи ҳамда 16 та фермер хўжалиги томонидан 323 қути ипак қурти парвариш қилинди.

- Касаначиларимиз ўз ишининг ҳақиқий миришкорлари, - дейди "Олтинкўл агропилла" корхонасининг мазкур ҳудуддаги агрономи Зулайҳо Аҳмаджонова. - Шарифахон Эсонова, Марҳабохон Исмоилова, Одинахон Сатимова, Ҳамиджон Собиров сингари илғор касаначиларимиз ҳар йили белгиланган режани ортиғи билан бажариб, барчага намуна бўлди.

Мазкур массивда яшовчи Марҳабохон Исмоилова бу йил ўз хонадонида тўрт қути ипак қурти парвариш қилиб, юқори ҳосил олишга эришган касаначилардан биридир.  

- Бир неча йилдан буён оиламиз билан ипак қурти парваришлаб келамиз, - дейди М. Исмоилова. - Аввало, қуртга меҳр куйиш керак. У хам тирик жон. Айниқса, қурт боқилаётган хоналар озода, шинам, доимий ҳаво айланиб туриши лозим. Хатто, баргни ҳам ювиб бериш керак. Ҳар бир квадрат метрга 1 грамм қурт уруғи ёяман. Улар қанча сийраклаштирилса, ҳосил шунча мўл ва йирик бўлади.

Умуман, Олтинкўлда ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган пиллакорлар талайгина. Шу боис ҳам, туман ҳар йили вилоятда биринчилар қатори йиллик режани бажаради.

Айни кунда нафақат аксарият касаначилар, балки фермер хўжаликлари ҳам белгиланган режани ортиғи билан адо этдилар. Жумладан, "Оқтепа" массивидаги "Турсинбой ота", "Машъал" массивидаги "Машъал меҳргиёси", "Намуна" массивидаги "Қосимжон обод ерлари", Ф. Қўчқоров массивидаги "Хуршидбек равнақ мақсад" сингари фермер хўжаликлари илғорлар сафида барчага намуна бўлмоқда.

Шу кунларда вилоятимизнинг барча туманларида пилла ҳосилини йиғиб-териш ишлари якунига етмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 212 раз