+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

18 Фев 2021

Андижонлик коллекционер Алишер Навоийга тегишли бебаҳо хазинани сақлаб келмоқда

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Орамиздаги одамлар

Абдуманноб ака Асронов қадимий тангалар ва эски буюмларни йиғишга қизиқади. Унинг коллекциясида 2 мингдан зиёд қадимий тангалар, 100 дан зиёд хум, кўза, лаган, шамчироқ каби тарихий рўзғор буюмлари, 215 та давлатнинг тангалари бор. Абдуманноб ака коллекциясидаги илк тангани бундан 52 йил муқаддам совға сифатида олганини эслайди.

- Ўшанда ҳарбий хизматдан қайтаётган эдик, - деб ҳикоя қилади коллекционер.  - Тошкентлик хизматдошим Германия давлати тангасини совға қилди. Мана, ўшандан буён танга йиғиб келаман. Улар орасида 9-асрда зарб этилган Сомонийлар тангаси, 10-асрдаги Қорахонийлар тангаси, Амир Темурнинг Султон Маҳмуд билан биргаликда зарб этган тангаси ҳам бор. Мана булар эса Қўқон хони Худоёрхоннинг ярим мисқоллик кумуш тангалари. Яна Бухоро амири Абдулахатхон замонида чиқарилган танга, бундан  ташқари1469 йилда Фарғона вилояти ҳокими бўлган, Бобурнинг отаси - Умаршайх Мирзо даврида зарб этилган танга ҳам бор.

Коллекциядаги энг қадимий танга эса эрамизнинг 1-асрига тегишли. Абдуманноб аканинг тангалари орасида Бобурийлар сулоласи вакили Ҳумоюн Мирзонинг Ражастонда зарб этдирган кумуш тангаси ҳам ўрин олган.

- Шу тангамни жуда яхши кўраман. Бир томонига ҳиндча ёзилган, бир томонида отнинг тасвири бор, - дейди коллекционер.

Абдуманноб ака пенсияга чиққунига қадар  Андижон механика заводида оддий ишчи бўлиб ишлаган. У коллекция тўплаш учун қишлоқма-қишлоқ, хонадонма-хонадон кезиб юришига тўғри келгани, буюм ва тангаларни сотиб олиш учун ойлик маошининг охирги тийинигача сарфлаганини таъкидлайди.

-      Бу машғулот менга аввалига хобби эди, энди эса ҳаётим мазмунига айланган, - дейди фахр билан Абдуманноб Асронов. - Ўтган йили вилоят ҳокимлиги менга Андижон шаҳридаги Регистон майдонидан музей ташкил қилишим учун хона ажратиб берди. Шу ерга қадимий буюмлар ва тангаларимни жойлаштирдим. Шунингдек, музей билан ёнма-ён хонада мўъжазгина кутубхона очдим. У ерда жуда кўп ноёб китобларим бор.

Ҳар куни китобга қизиққан, нодир буюм ва тангаларни кўришни истаган кишилар келиб, музейни томоша қиладилар. Саёҳатга келган чет эллик меҳмонларни Абдуманноб аканинг бебаҳо китоблари орасида сақланаётган "Хамса" асари айниқса, қизиқтириши табиий. Алишер Навоийнинг бу нодир асари 1905 йилда чоп этилган бўлиб, ҳозирча бу китобни ўқий оладиган одам топилгани йўқ.

Ҳозир Абдуманноб ака 72 ёшда. Соғлиги яхши бўлмаса-да, бирон жойда нодир буюм ёки танга борлиги ҳақида эшитса, коллекциясини бойитиш учун шогирди Дилшодбекни чақириб, дарҳол йўлга отланади.

 

 

Раҳимжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ

Прочитано 729 раз Последнее изменение 12 Апр 2022