+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

17 Нояб 2016

КЕЛИНИМИЗ ХОНАДОНИМИЗНИНГ ЧИН БЕКАСИ БЎЛСИН

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(47- сон, 2016 й.)

Она фарзанд камоли учун жон бахшида  этгувчи, меҳр-муҳаббати беқиёс, комил инсон тарбиячиси ҳамда авлодлар давомийлигини таъминловчи улуғ зотдир.

Азалдан аёл зиммасига улкан ва масъулиятли вазифалар юкланган. Ана шулар орасида қайноналик ва келинлик вазифалари алоҳида ўрин тутади. Аёл учун бу вазифалар нечоғлик муҳим эканлигини эътироф этган севимли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор мақолаларининг бирида жаннатда ёқуту забаржадлардан ясалган бир тахт борлигини, у тахт энг яхши қайнона учун асралганлигини айтиб ўтади.

Фарзандларнинг дунёга келиши орзу-умидларнинг бошланишидир. Ота-онанинг фикри-хаёлида дилбандига чиройли исм қўйиш, илму ҳунар ўргатиш, одоб-аҳлоқли қилиб вояга етказиш,    наслу насабини суриштириб келин олиш ва қиз узатиш каби эзгу ниятлар жўш уради. Қиз туғилса, сандиқ олиб, сеп-сидирға йиғиш халқимизга хос одатдир.

Рисоладагидек она бўлиш осон эмас. Бу мақомга фарзандни дунёга келтириш билангина эришилмайди. Боласига яхши тарбия берган, эл корига ярайдиган инсон қилиб улғайтирган, халққа нафи тегадиган касб эгаси этиб камолга етказган аёлгина оналикка муносибдир. Унинг қалбида "Рисоладагидек она, қайнона бўла оламанми? Ўғлимни доно, ақлли, илм, ҳунар эгаси қилиб, бир оилани бошқара оладиган, авлодим давомчиси қилиб тарбияладимми?" ёки "Қизим оқила, одоблими, борган жойида турмуш ўртоғининг оила аъзолари ўртасида меҳрга, қайнота-қайнонасининг ҳурматига сазовор бўла оладими?", деган ўйлар ҳадиги бўлиши аниқ. Ҳар бир она ҳаёти давомида мана шу саволларга ижобий жавоб бермоқ учун амалда ҳам астойдил ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, қиз болани иккинчи - келинлик хонадонига ҳар жиҳатдан тайёрлаш оналарнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда айрим ота-оналар қизларини оилавий ҳаётга тайёр бўлмасидан турмушга бериш ҳолатлари учраб турибди. Аслида, эндигина коллежни тамомлаган 18-19 ёшли қиз оиланинг катта вазифалари қаршисида эсанкираши табиий. Вақти келса, қайнонасининг илмоқли гапларини тушунадими?! Қош қоқиб, лаб буришдек инжиқликларига тайёрми? Бу шунчаки гаплар эмас. Оналар бу масалаларда қизларни ҳаётга тайёрлаб боришлари муҳим.

Қайноналик тахтига ўтиришнинг ҳам ўзига хос масъулияти бор. Бунинг учун қайноналар ўғлини ҳам, ёш келинини ҳам ўз оиласи мактабида ўқитиши, оила удумлари, қоидалари ҳақида чиройли хулқлари, ширин сўзлари билан тарбия бермоқликлари лозим. Ўз фарзанди - қизига нимаики яхшиликни раво кўрса, авлодининг давомчиси бўлган келинига ҳам шуни раво кўриши керак.

Қайнона билан келин ўртасидаги муносабат оила мустаҳкамлигининг энг муҳим омилидир. Хонадондаги муносабатларнинг   барқарорлиги, иттифоқлик, мазали таомлар, кўнгилни кўтарадиган суҳбатлар оиладаги чиройли муҳитни, самимийликни юзага келтиради. Оиладаги илиқ муносабат нафақат келин-куёв, балки, оиланинг барча аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат ва муҳаббатни зиёда қилади.

Бугунги кунда қиз узатиш билан боғлиқ муаммолар кўп оилаларни ташвишга солаётгани ҳам бор гап. Бундан ташқари, тўй харажатларидан, сепу сидрғалардан ошиниб, яна куёвнинг уйида келинга ажратилган хоналарни безатишдек одатнинг урфга айланганлиги ҳам қиз томон учун  қийинчилик туғдирмоқда. Табиийки, ана шу хоналарни буюмлар билан тўлдириш қиз томон учун осон кечмайди. Безатилган уйнинг ҳашами не-не меҳнатлар эвазига келиши, айрим ота-оналар эса қарз-қавола билан уйини тўлдираётганини кўриб, билиб турибмиз. Очиқ айтиш керакки, бу билан ўзимиз фарзандларимизни таъмагир, тайёрига айёр, дангаса қилиб қўймаяпмизми, деган ҳақли савол туғилади.

Биз катталар фарзандларимизга ҳаётларини фаровон, эртасини бекаму кўст бўлишини таъминлаш учун меҳнат қилишга, интилишга ўргатишимиз керак. Келин-куёв ўз пешона терилари билан уй қилса, уйни турли буюмлар билан тўлдирса, қилинган меҳнатнинг, харажатининг, ота-онаси меҳнатининг қадрига       етади.

Аллоҳ таоло мавжудотлар ичида фақатгина инсонга тафаккур қилиш, гапириш, фикр билдириш имконини берган. Бироқ, айрим инсонлар мулоҳаза қилмасдан бир-бирларини аёвсиз сўкаётгани, қудалар, келин-куёвлар кераксиз нарсалар учун бир-бирларини қийин аҳволга солаётганлиги гуноҳ эканлигини ҳар биримиз яхши англаб олишимиз керак. Биз сўзда, гўзалликда, ибо-ҳаёда, одамгарчилик, дину диёнатда дунё аёлларига ибрат бўла олган улуғ момоларимиз, - Нодирабегим, Увайсий, Саидахоним, Зулфияхоним каби оқила ва доно аёллар авлоди эканимизни унутмайлик. Хушхулқ, муомалада, одоб-аҳлоқда тенгсиз  халқнинг вакилалари бўла туриб, муомалада, хатти-ҳаракатимизда миллатимиззга хос бўлмаган бемаъни одатларга ўрганишимиз, кераксиз нарсаларни урфга айлантиришимиз иллатдан ўзга нарса эмас.

Ўзаро муносабатларда, айниқса, оила мустаҳкамлигида аёлнинг хушмуомала ва ширинсўзлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Келинининг хатосидан дили ранжиган қайнонанинг "Шу даккини юмшоқроқ айтай" ёки "Шу гапни     кейинроқ айтай" қабилидаги андишаси, келиннинг эса ўз хатоси учун вақтида узр сўраши уларнинг бир-бирларига бўлган меҳрларини оширади. Ўйлаб, фикр билан қилинган тадбир, ширин сўз оиладаги меҳр-муҳаббат ришталарини узилмас қилиб боғлайди.

Қизларимиз келин бўлган уйнинг чин бекаси, хонадонида азизу мукаррам бўлсин, туғилиб ўсган уйига меҳмон бўлиб келиб, меҳмон бўлиб кетсин. Турли гап-сўзлар билан ота-онаси, яқинлари осойишталигини бузмасин. Ана шу хайрли ишга тамал тошини қўйгувчи энг аввало, оналардир. Азиз опа-сингиллар! қиз тарбиясида ҳамиша сезгир, ҳушёр бўлайлик. Келинимиз эса қизимиздай азиз, хонадонимизнинг ҳақиқий бекаси бўлиб қолсин.

Саодатхон РАСУЛОВА,

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Прочитано 2282 раз
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « АЁЛ ЎЗЛИГИНИ УНУТМАСИН! БАХТ БОЙЛИКДА ЭМАС »