+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

06 Авг 2020

Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Қадрли андижонликлар, азиз маҳалладошлар!

Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус инфекцияси  мамлакатимиз, шу жумладан, вилоятимиз аҳлини ҳам оғир синовдан ўтказмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан инфекция қарийб беш ойдан буён саломатлигимиз, ҳаётимизга хавф солиб келмоқда. Минг афсуски, COVID-19, деб номланаётган ушбу офатни ҳозирча тўла енгиб ўта олганимиз йўқ.

Глобал муаммога айланган ушбу хасталикнинг олдини олиш, юртдошларимизни ана шу офатдан асраш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳеч ким ва ҳеч бир давлат ушбу балодан ҳимояланмаган. Шу боис, ҳар бир киши, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла, бутун мамлакат, қўйингки, бутун инсоният хасталикка қарши ҳамжиҳатлик билан курашиши, якдил бўлиши лозим.

Ўзимизнинг, яқинларимизнинг соғлигига, ҳаётига хавф солаётган инфекцияга қарши кураш чораларини кучайтириш, унинг юқиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоятимизда яшаётган нуроний отахон-оналарга, маҳалла раислари, оқсоқоллари, фаоллари ҳамда опа-сингилларимизга мурожаат қиламиз!

 

Қадрли юртдошлар!

Андижонликлар азал-азалдан ўзларининг меҳмондўстлиги, қатъияти, бирсўзлиги, фарзанди, оиласи, юрти учун фидойилиги билан кўпларга ибрат бўлган, ҳурмат-эътибор қозонган.

Ҳар қандай яхши-ёмон ишлар, юртни юксакларга кўтарадиган эзгу саъй-ҳаракатлар оиладан, маҳалладан бошланади. Одамларни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган, эзгу ишларга сафарбар этадиган гўша - маҳаллаларда яшаётган, юртдошларимиз, қадрли нуронийларимиз, муҳтарама опа-сингилларимиз бугунги оғир синовли кунларда шубҳасиз, қатъият ва жасорат намуналарини кўрсатишингизга ишонамиз.

Минг афсуски, ҳаво ҳароратининг исиб кетиши, айрим кишиларнинг инфекция юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилмаганлиги, янада аниқроқ айтсак, эътиборсизлигимиз оқибатида кейинги пайтда касалланиш ҳолатлари бирмунча ортди. Натижада, юртимизда 15 июлдан 15 августгача яна кучайтирилган карантин тартиби жорий этилди. Халқимиз бошига тушган офатдан эсон-омон қутилиш, оиламиз, фарзандларимиз саломатлиги, тақдири кўп жиҳатдан сизу бизга боғлиқ эканини унутмайлик. Юртимизда тарқалган коронавирус пандемияси туфайли карантин деб эълон қилинган кунларда нафақат ўзимиз, балки яқинларимизни имкон қадар уйда қолишига ҳаракат қилайлик. Агар зарурат бўлмаса, умуман, кўчага чиқмайлик.

Кўзга кўринмас офат бизни безовта қилиб турган бир пайтда кўпни кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга отахон-онахонларимиз, маҳалла фаоллари, уй бекалари масъулиятни ўз қўлига олишлари лозим. Болаларимиз билан уйимизда Ҳукуматимиз томонидан белгиланган карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилайлик.

Аввало, ваҳимага тушмасдан, синовларга сабр қилайлик, ўз саломатлигимизни асраб-авайлашга, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга алоҳида эътибор қаратайлик.

Тиббиёт ходимлари тавсияларига қулоқ тутинглар! Агар саломатлигингиз ёмонлашса, касаллик белгилари кузатилса, ўзингизча даволанишга уринманг, уй ҳамширалари хизматидан асло фойдаланманг, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг! Мураккаб вазиятдан вирусни фақат темир интизом, аҳиллик, соғлом турмуш тарзига риоя этиш билангина енгиб чиқиб кетишимиз мумкинлигини ҳар биримиз англаб етишимиз зарур!

Бу курашда кўп нарса ўзимизга, сабр-тоқатимизга, интизом билан иш кўришимизга ва албатта, бирдамлигимизга боғлиқ. Ҳар бир инсон ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи ва яқинлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса, жамоатчилик назоратини олиб борса, пандемияни албатта, енга оламиз.

Мамлакатимизда пандемия эълон қилинган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келинаётган оддий лекин, жуда ҳам муҳим бўлган қоидалар ва талабларга кўпчилик аҳоли ўртасида амал қилинмаяпти. Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки  номигагина тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз кўчага чиқиш, турли тадбирларни ўтказиш ҳолатларини кузатмоқдамиз. Бу эса касалликнинг занжир сифатида кенгайишига шароит яратмоқда. Биз мана шу занжирни узиб ташлаш учун "бир ёқадан бош чиқариб" ҳаракат қилишимиз ва карантин талабларига қатъий ва тўлиқ амал қилмоғимиз лозим.

Кўплаб синовлар ва оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз бу синовни ҳам муносиб енгиб ўтади, албатта.

Юртбошимиз айтганларидек, «Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз "Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!" деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт».

Ҳушёр ва огоҳ бўлайлик! Эътиборсизлик, бепарволигимиз билан касалликнинг тарқалишига сабабчи бўлиб қолмайлик! Турли миш-мишларга ишониб, одамларни саросимага соладиган гап-сўзларни тарқатмайлик.

Бутун оила уйда эканимизда фарзандларимиз тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, қизларимизга бичиш-тикиш, мазали таомлар тайёрлаш сабоғини бериб, уларни меҳнатга ўргатайлик. Биргалашиб китоб ўқиб, фарзандларимизни китоб ўқишга бўлган қизиқишини, билим олишга бўлган интилишини янада мустаҳкамлайлик.

 

Азиз андижонликлар!

Таҳликага тушиб, меҳр-оқибатни унутиб қўйманг! Агар ён-атрофимизда ёрдамга муҳтож инсонлар бўлса, улардан ёрдамингизни аяманг. Маҳалламизда, кўчамизда ёлғиз яшаётган кексалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар холидан хабар олиб турайлик. Улардан хабар олганда ёки бирор нарса харид қилиш учун дўконга чиққанда албатта, ҳимоя ниқобида бўлинг. Қўлингизни тез-тез совунлаб ювиб туринг, махсус дезинфекция воситаларидан фойдаланишни унутманг!

 

Ҳар биримиз аҳил, ҳамжиҳат, тартибли бўлиб, соғлом турмуш тарзига амал қилиб, синовли кунлардан эсон-омон ўтиб олайлик. Соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик барчамизга ҳамроҳ бўлсин. Дуо қилайлик, Яратган дуоларимиз ижобатини берсин. Оиламизни, маҳалламизни, юртимизни, бутун инсониятни офату балолардан асрасин.

Прочитано 728 раз