Версия для печати
21 Май 2020

Ўқишдан, ўрганишдан тўхтамайман

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ўқувчи фикр айтади

     Бугун юртимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари жорий ўқув йилини якунлаш арафасида турибди. Коронавирус пандемияси сабаб икки ойдан буён телевизион дарсларни томоша қилиб, онлайн машғулотларда қатнашяпмиз.

Мана шундай оғир синов даврида ҳам юртимиз, Президентимиз биз ўқувчиларни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Чиройли дарслар, онлайн ўқув   машғулотлари, турли-туман танловлар ташкил этилди. Биз ёшларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун албатта, юртбошимиздан чексиз миннатдормиз. Президентимизга ташаккурларимни қуйидаги сатрларим орқали ифода этганман:

 

Ёшлар илм олсин деган,

Ўқиб уйда қолсин деган,

"Онлайн дарслар" ташкил этган

Президентимга раҳмат!..

 

Ўзимдан мисол қилиб айтишим мумкинки, барча ўқувчилар ана шу машғулотларда катта қизиқиш билан иштирок этди, ўз билимларини янада бойитди.

Карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолдик. Устозларимиз билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, ўтилган телевизион дарслар юзасидан уй вазифаларини бажариб, тушунмаганларимизни сўраб, ўргандик. Бўш вақтларимизни ҳам мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратдик. Бадиий китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Шунинг учун бўш вақтимнинг асосий қисмини китоб мутолааси билан ўтказдим, ўндан ортиқ бадиий китоблар ўқидим. Бундан ташқари, онамга уй ишларини бажаришда ёрдамлашдим, турли таомлар, пишириқлар тайёрлашни ўргандим.

Онлайн тарзда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди бўйича ҳамда "Ким бўлсам экан?" мавзуларида ўтказилган иншолар танловига ижодий иш ёзиб юбордим.  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган шеър ўқиш танловида ўзим ёзган ва Муҳаммад Юсуф     шеърларини ўқиб қатнашдим. Шеърлар ўқиб, фейсбук ва телеграмм каналларига жойладим.

Тўғри, онлайн машғулотлар барибир, мактабдаги таҳсилга етмайди. Лекин, шароит тақозоси билан  жорий этилган бу тартиб ҳам қайсидир маънода кўп нарсаларни билишга, ўрганишга ёрдам берди. Бир сўз билан айтганда, карантин даврида ўқишдан, ўрганишдан тўхтаб қолмадим. Бошланадиган таътил давомида ўқиш, ўрганишни давом эттираман. Устозларим ишончини оқлаш, юртимга муносиб фарзанд бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Инобатхон МАМАДХОЖИЕВА,

       Қўрғонтепа туманидаги

 

3-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси.

Прочитано 830 раз Последнее изменение 15 Июнь 2020
Super User

Последнее от Super User