Версия для печати
10 Апр 2020

НАМУНА ЭНГ ЯХШИ ТАРБИЯДИР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

Бутун дунёга тарқалган коронавирус балоси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Бугун халқимиз мураккаб синовни бошидан кечирмоқда.

Ушбу фалокатдан қутилиш учун, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, сабр - бардошли, интизомли бўлмоқ шарт. Буни чуқур англаган ҳолда биз ёши улуғ бобо, бувижонлар оилага, фарзанд, невараларга янаям яқин бўлишимиз, уларга ҳаёт сабоқларини беришимиз учун фурсатдир.

Мана шундай бир даврда  китоб ўқиш, уйда спорт билан шуғулланиш, пазандалик, уйни саранжом - саришта қилиш, бичиш - тикишга ўргатиш каби ишларни қизларимизга, ўғил болаларимизни бирон бир ҳунарга йўналтирсак, ҳовлидаги экин-тикин ишларини ўргатсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Китоб ўқиш - фарзандларимизда дунёқарашни, фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Бу бор, ҳақиқат. Китобхон юртни - асло енгиб бўлмайди. Болаларимизда ушбу фазилатларни намоён қилишларида ота - оналар, айниқса, бувижон ва бобожонларнинг ўрни беқиёсдир.

Оғир синов кунларида биз катталар аввало, ўзимиз улар учун ибрат бўлмоғимиз керак. Зеро, намуна - бу энг яхши тарбиядир! Болажонларимизни соғлом турмуш тарзига эътибор бериб, гимнастика машқлар билан узлуксиз шуғуллантириш ва уларни доимий назорат қилиш биз катталар зиммасидаги вазифа.

Президентимизнинг халқимизга қилган мурожаатини таълим фахрийси, она, аёл сифатида ҳаяжон билан тингладим,  қалбим жунбушга келди. Давлатимиз раҳбарининг: "Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларини қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг" деган гаплари ортида юрт эртаси ҳақида қайғуриш бор, ҳар бир инсон, айниқса, ҳар бир ўғил-қиз учун ғамхўрлик ҳисси бор.

Азал-азалдан ёши улуғлар миллатни сақлаб қолиш, қадриятларимизни авайлаб-асраш, тарбиянинг нозик томонларини фарзандларимизга сингдиришда катта аҳамият беришган. Баъзида боламизга ножўя ҳаракатлари учун ҳадеб танбеҳ бераверсак, у безиб қолади. Тўғрида у болада, эркалиги, инжиқлиги бор. "Болага мен сени жуда яхши кўраман, фақат нуқсонингни ёмон кўраман" деган гапларини айтсак ва шунга монанд фарзандларимиз тарбияси учун жон куйдирсак, бундан албатта ютамиз.

Бугунги қийинчиликлар, синов вақтинчалик эканини каттаю-кичик бирдек англаб, бардошли бўлайлик. Бу синовли кунлар албатта, ортда қолади, барчамиз ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилсак, уйимиздан чиқмасак вирус балосидан тезроқ қутуламиз.

Тўтихон ИСМОИЛОВА

 

Шаҳрихон тумани.

Прочитано 814 раз Последнее изменение 18 Май 2020
Super User

Последнее от Super User