+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Дек 2019

НУТҚИНГ РАВОН БЎЛСИН, БОЛАМ!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза 

Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва гўзал тиллардан биридир. Асрлар давомида у янада сайқаллашиб, такомиллашиб келди. Бунда албатта, буюк ўзбек мутафаккирлари, ёзувчи, шоир ва олимларининг ҳиссаси катта. Ҳозирги кунда она тилимизга эътибор ҳар қачонгидан кўра ошган. Бироқ, эътиборсизлик, ҳурматсизлик, тил софлигига путур етказиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

Тил равнақига тўсиқ бўладиган, нутқ қашшоқлигини келтириб чиқарадиган сабаблардан бири - болаларнинг бадиий асар ўқишга бўлган қизиқишларининг сусайишидир. Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: "Битта китоб ўқиган бола ўнта болани ортидан эргаштира олади". Кўп китоб ўқиган боланинг сўз бойлиги ҳам ортади. Фарзандларимиз компьютер марказларида турли ўйинлар ўйнаш билан вақтларини беҳуда ўтказганидан кўра, кутубхонага борса, китоб ўқиса, энг аввало ўзлари учун фойдали бўлади. Бунинг учун ҳукуматимиз томонидан етарлича шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Баъзи ёшларнинг бачканалиги, нутқида ғализ сўзлардан фойдаланиши, икки гапининг бирида сўкиниб, ёки бошқа тилдаги сўзлардан фойдаланиб гапиришини эшитиб, беихтиёр улар "бундай гапларни қаердан ўзлаштиряпти?" дея ўйланиб қоласан. Очиғини айтиш керак, айрим ота-оналар тирикчилик, рўзғор ташвишини деб, ўсмир фарзандига етарлича вақт ажратолмайдилар. Натижада, бола ҳатто сўзлашиш одоби ва маданиятини ҳам кўчадан, ўзи каби тажрибасиз ўртоқларидан ўрганади.

Шаҳар кўчаларидаги реклама баннерлари ёки бинолар пештоқидаги ёзувларда ҳам кўплаб хатоликларни кўришимиз мумкин. Буларни албатта, мактаб ўқувчиси ёзмагандир. Шундай фаолият билан шуғулланувчи махсус фирма, тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Аммо, улар ёзувнинг чиройига эътибор қаратадилар-у, имло хатоларига етарлича эътибор бермайдилар. Эндиликда ёмғирдан сўнг чиқадиган қўзиқориндек кўпайган жамоат  транспортларининг "пешонасига" ёзиб қўйилган хато ёзувлар ҳам кишининг ғашига тегади. Жой номлари, хизмат йўналиши номлари, бекат номларининг нотўғри ёзилиши каби ҳолатлар қачон барҳам топади, деган савол, айниқса, зиёлиларни жиддий ташвишга солиши керак.

Ўз она тилимизда шунчалар хато ёзар эканмиз, бизнинг саводхонлик даражамизни нечага баҳолаш мумкин? Ахир, мактабларда она тили ва адабиёти дарслари ўтилмаяптими?

Телерадиоканаллардаги кўрсатув ва эшиттиришларда сўз қўллаш билан боғлиқ хатоларга кун сайин кўникиб боряпмиз. Бачкана сўзлардан фойдаланиш, шевада гапириш, адабий тилни ҳурмат қилмаслик орқали қандай қилиб томошабин ёки тингловчининг эстетик дидини ошириш мумкин? Адабий тил меъёрларига энг аввало, тележурналистлар риоя этишлари керак эмасми?

Она тилимизда чиройли ва бехато ёзиш, равон сўзлаш бизнинг маънавий жиҳатдан бойлигимизни билдиради, ўзимизга бўлган ҳурматимизни, тилимиз, миллатимизга бўлган эътиборимизни кўрсатади.

Тил - халқ мулки. У асрларнинг синовларига дош бериб, сайқалланиб, бизгача етиб келган. Шундай экан, ўз она тилимизни чуқур ўрганиш, ўргатиш, унга муҳаббат билан ёндашиш бизнинг бурчимиз, вазифамиздир. Зеро, шоир айтганидек;

  Гўрўғлидек сўз сўзлагил,

  Бедил каби оз сўзлагил,

  Бобур каби рост сўзлагил,

  Нутқинг равон бўлсин, болам.

Фотимахон ҲАКИМОВА,

 

 Асака туманидаги 2-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт ўқитувчиси.

Прочитано 885 раз