Версия для печати
14 Нояб 2019

ҚАЙНОТА ОИЛАНИНГ УСТУНИДИР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Муносабат

Қиз узатиш, ўғил уйлаш, юртга ош бериш орзуси ҳар бир ўзбекнинг қалбидаги улуғ ниятлардан бири. Бироқ, кейинги пайтларда бемаъни орзу-ҳавас, янгича урф-одатларнинг кўпайиши айрим фуқароларимизни молиявий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўйди. Тўйлар дабдаба ва ўзини-ўзи кўз-кўз қилиш воситасига айланиб қолган эди. Шукрки, аёлларимиз тарафидан ўйлаб топилаётган ҳар-хил урф-одатлар, 40 кунгача мазар ташишлар анча қисқарди, лекин барибир, буткул йўқотилганича йўқ. Бу эса қиз узатган хонадонни бирмунча қийнаб қўймоқда.

Олий Мажлис сенати ва қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида тўй-ҳашамларни тартибга солиш бўйича низом ишлаб чиқилгани халқимиз учун айни муддао бўлди. Низомда ҳар бир масала - тўйлар, оилавий тантаналар, маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишни тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилган. Тўй ва маъракалардаги исрофгарчилик ва бошқа муаммоларни бартараф этишда маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, имом хатиблар, отинойилар, маҳалла оқсоқоллари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида зарур чоралар кўрилмоқда, фаолларимиз томонидан ота-оналарга тўйларда кераксиз, ортиқча харажатлар ўрнига, ёшларга ҳаётда зарур бўлган жиҳозлар, маънавиятни оширишга  хизмат қиладиган китоблар берилиши фойдали экани тушунтирилмоқда.

Ҳозирги келин-куёвлар ҳар томонлама бахтли. Тинч ва фаровон замон, ота-оналар ёш оила учун барча шароитни яратиб бермоқда. Бунга фақат шукр келтириб, муносиб ҳаёт кечириш керак, холос. Аммо, арзимаган маиший муаммолар сабаб, орага совуқчилик тушмоқда. Майда-чуйда гаплар, арзимас келишмовчиликлар катталашиб, ёшлар ажралиш остонасигача келиб қолмоқда. Келин-куёв ёш, қайнона ўта талабчан. Келиннинг орқасидан келаётган совға-салом, тоғора-саватдаги мазарни кутади. Кўнгилдагидек бўлмаса, қайнона томонидан пичинг гаплар юзага келади. Ёш куёв учун бир томонда турмуш ўртоғи, бир томонда онаси, нима қилишга ҳайрон.

Ҳикматли гап бор: эркак бош бўлса, хотин бўйин. Бўйин қаёққа бурилса, бош ҳам ўша ёққа бурилади. Эркакларга тўйни камчиқим қилиб ўтказиш, савату тоғорани, мазарни камайтириш ҳақида айтилса, у "хўп" дейди-ю, яна "аёлларимиз билан маслаҳатлашайликчи", дейди. Келин томондан таом, совға-салом келса: "шундай қизни боқиб, катта қилиб, бизга келин қилиб берганингиз учун сизларга катта раҳмат, овора бўлманглар, ҳеч нима керак эмас", дейдиган қайноталар хотинининг жаврашига бепарво бўладилар. Шунда ўйланиб қоламан. Оилада қайнотанинг роли қаерда? Ўғил майдакашлик қилса, қайнона жавраса, "жим бўл, овозингни ўчир", дейдиган, турмушга чиққан қизи келса, "сабр қил, чидайсан, оилада менинг айтганим бўлади", дейдиган эркаклар, оилавий можароларга одилона хукм чиқара оладиган қайноталар қаерда?

Афсуски, ҳозир бундай қайноталар жуда озчиликни ташкил этмоқда. Агар қайнота оила  мустаҳкам бўлишини истаса, оилада ўз ўрнини эгаллаши, аҳли аёлига гапини ўтказа олиши  лозим. Куёвлар эса, келин тарафдан юборилган сарполарни кийишдан, "ўлчами тўғри келмади, ранги ёқмади, алмаштириб беришсин, арзонидан олишмасин" дейишдан ор қилишлари керак. Фарзандли бўлишса, қайнона-қайнотасидан суюнчи олишдан, келиннинг ота-онаси чўнтагига кўз тикишдан уялишлари зарур.

Оила - муқаддас гўша! Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, бахту- камоли энг аввало, оиласи билан чамбарчас боғлиқ, оилада эса эркакнинг айниқса, қайнотанинг роли катта. Қайнота адолатли, қатъий, сўзини келин-куёвга ҳам, қайнонага ҳам ўтказа оладиган бир сўзли эркак бўлсагина, ажримларни камайтиришга эришиш мумкин, деб ўйлайман. Чунки, қайнота оила мустаҳкамлигини ушлаб турувчи устундир.

 

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Обод" МФЙ фаоли.

Прочитано 928 раз
Super User

Последнее от Super User