Версия для печати
17 Окт 2019

ХАЗОНЛАР - ОЛТИН КУЗНИНГ БОЙЛИГИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Бугун ўлкамизда куз фасли ҳукм сурмоқда. Фасллар ичида олтин кузнинг ўзгача таровати бор. Узум, анор, беҳи сингари мевалар, сабзавотлар ғарқ пишган. Олтин рангга бурканган дарахтларнинг барглари гўё ерга гилам тўшайди. Олтинранг хазонларга бурканган гўзал манзара шубҳасиз, қалбларга ҳузур  бағишлайди.

Табиатга ошно бўлиш, гўзал фаслнинг завқини туя билиш қандай яхши. Беихтиёр мана шундай гўзалликка ошно этгани учун она табиатга, Яратганга шукроналар келтирамиз.

Минг афсуски, орамизда шундай инсонлар ҳам борки, хазонларни тўплаб, ёқиб юборади. Мусаффо осмонимизни хазон тутуни билан захарлайди. Бундай номақбул ишни қилаётганлар наҳотки, она табиатимизни захарлаётганлигини, хазон тутунидан одамлар турли хасталикларга гирифтор бўлишини англаб етмасалар?

Бундай  нохуш  ҳолатни  ҳар бир маҳаллада, ҳар бир кўчада учратамиз. Улардан чиқаётган тутун жамланса, унинг зарарли оқибатлари қанчалик улкан бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Тўғри, бугун бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича телевидение, радио, матбуот нашрлари орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда, кўп гапирилмоқда. Бироқ, орамиздаги эътиборсиз, лоқайд инсонлар тутунлар келтириши мумкин бўлган офатни тушуниб етмаяпти. Агар кузатадиган бўлсак, хазонларни ёқиб юбораётганлар ёш болалар эмас, балки ҳаёт тажрибасига эга, ақли расо кишилар эканлигига гувоҳ бўламиз. Улар атроф-муҳит мусаффолигига, одамлар, айниқса, фарзандларимиз саломатлиги, келажагига эътиборсиз кимсалардир. Маҳалла, кенг жамоатчилик ундайларга нисбатан қатъий чоралар кўриши керак. Зотан, мусаффо осмонимизнинг заҳарланишига йўл қўймайлик.

Хазонларни супуриб шаҳар жойларда махсус чиқинди қутиларига ташлаш, қишлоқларда эса уларни томорқанинг бирор жойига кўмиб қўйиш керак. Маълум муддат ўтиб, кўмилган хазон чириб, табиий ўғитга айланади. Энг асосийси, атрофга зарар  етказмайди.

Оқилона фойдалана билсак, назаримда хазон ҳам улкан бойлик. Ундан самарали фойдаланишга илмий ёндашиш, инновацион ишланмалар яратиш масалаларига эътибор кучайтирилиши жуда муҳимдир.

Нима бўлганда ҳам бугун кўчаларимиз, хонадонларимизда тўпланаётган хазонларни асло ёқиб юбормайлик.

 

Санобар ТОШИЕВА,

АДУ филология факультети

 

3-босқич талабаси

Прочитано 960 раз
Super User

Последнее от Super User