+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Июль 2018

АСАЛАРИЧИЛИК - МУРАККАБ, ЛЕКИН СЕРДАРОМАД СОҲА

Автор
Маколани бахоланг
(1 Овоз бериш)

Оилавий тадбиркорлик

Олтинкўлнинг Толмозор қишлоғида яшовчи Пўлатовлар оиласини ҳамма "Асалчилар оиласи" деб атайди. Хонадон аъзолари асаларичилик соҳасининг бошини тутганига ҳадемай 40 йил бўлади. Уларнинг кундалик иш тартиби деярли ҳар куни шундай: хонадон бекаси Ҳамрохон опа уйқуга ётишдан олдин ва эрталаб уйғонганда, биринчи навбатда асалари уяларидан хабар олади.

Кечаси усти очилиб қолган боласининг устига кўрпа тортиб қўйган меҳрибон онадай, ҳаво салқин бўлса уялар устига ёпинчиқ ташлайди,  ишчи арилар иш бошладими-йўқми, қараб чиқади. Шоназар ака об-ҳавога, ҳашаротларнинг кайфиятига қарайди, уяларни қулай, кенг ва баҳаво бўлишини таъминлайди, таъмирталаблари борми-йўқми текширади. Уялар устига ёпиладиган ёпинчиқ(холстиг)лар ҳам ҳеч кимникига ўхшамаган, замонавий. Хуллас, тонг ёришиши билан эр-хотин асаларичилар ариларини ишга "кузатишади". Оила соҳибининг эътироф этишича, улар ҳаётини асалариларсиз, дастурхонини асалсиз тасаввур қила олмайдилар.

- Асаларичилик билан шуғулланишдан олдин соҳага оид адабиётлар билан танишиб чиққанмиз, - дейди Ҳамрохон Пўлатова. - Асалари парвариши, соҳанинг қийинчиликлари, нимадан бошлаш, қандай юқори натижаларга эришиш мумкинлиги борасидаги китоб ва қўлланмаларни  ўқиб-ўрганиб, сўнгра иш бошлаганмиз. Соҳага оид барча керакли жиҳоз, ускуна, асалариларни сотиб олдик. Биринчи йили бироз қийналдик. Фарзандларимиз ҳали ёш, эр-хотин икковимиз ўқитувчимиз. Таътилга чиқиб асалариларни Қирғизистоннинг Ўзган вилоятига, тоққа олиб чиқиб кетганмиз.Ундан сўнг ўзимизнинг Шаҳрихон туманига, ғўза майдонига олиб тушганмиз. Ўша йили 15 фляга асал олганмиз. Даромадимиз қарзимизни бемалол қоплаган. Аста-секин соҳадаги ишимизни ривожлантириб бордик. Ўша пайтда кичик ўғлимиз Баҳодиржон 4 яшар бола эди. Мана ҳозир ҳам шифокор, ҳам вилоятимиздаги энг кўзга кўринган асаларичилардан бири.

Айни пайтда Пўлатовларнинг асаларичилик хўжалигидаги 220 та асалари уясида 500 асалари оиласи бор. Пўлатовлар хонадони асал етиштириш билан бирга, она асалариларни кўпайтириш, тарқатиш билан ҳам шуғулланади. Ҳар йили эрта баҳорда асалари қутилари тоққа олиб чиқиб қўйилади. "Кейинги йилларда кўпроқ Наманган вилоятининг тоғли туманлари, асосан Чустнинг Нанай қишлоғига олиб бораяпмиз, бугун-эрта ариларимдан хабар олгани боришим керак", - дейди Шоназар ака.

- Асаларичилик сердаромад бўлгани билан, мураккаб соҳа, - дея сўзида давом этади у. - Чунки асалари жуда нозик ҳашарот. Яхши парвариш, эътибор керак. Бунинг учун эса тинимсиз меҳнат, изланиш, ҳафсала ва энг муҳими, соҳага доир билим ва малака талаб этилади. Ҳукуматимиз тадбиркорликка кенг имкониятлар яратиб бераяпти, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитлар ажратяпти. Аммо, асаларичиликни ривожлантираман, деган тадбиркорлар кам. Сабаби-соҳадаги муаммолар, қийинчиликлар. Лекин, даромад ўз-ўзидан келмайди, меҳнат ва машаққатларга чидаган     кишининггина пичоғи мой устида бўлади, ҳар куни асал ейди.

Асал - минг дардга шифо, дейдилар. Албатта, агар у ҳақиқий, тозаси бўлса. Кўпчилик асал сотиб олаётганда унинг табиийсини сохтасидан фарқлолмайди. Ҳамрохон опа асал сотиб олаётганда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги бўйича бир қатор маслаҳатларини бериб ўтди:

-Асал июльнинг охири, август ойларида йиғиб олинади. Янги асал суюқроқ бўлади, аммо вақт ўтган сари, куз-қишга бориб аста-секин қуюқлашади. Хиралашиб, нисбатан рангсизланади. Тоза асал ҳеч қачон тиниқ рангда бўлмайди, лойқароқ бўлади. Тоза асал кристалланади. Баъзан, асаларининг асалини олиб қўйиб, ўрнига шакар бериб боқишади. Ундаям оз бўлса-да асалари ишлаб чиқарган ферментлар бўлади, лекин у тоза асал бўлмайди. Айримлар "эски асал яхши бўлади", дейишади. Бу ҳам нотўғри маълумот. Асал таркибидаги ферментлар, аминокислоталар вақт ўтиши билан, яъни 2-3 йил сақланганда, кислород таъсирида ўзгаради. Органик кислоталар анорганик кислоталарга айланади. Томоқни кучли ўртаса, "зўр асал экан", дейишади. Аслида бу унинг ўзгарганидан дарак. Яхши асал эскиси эмас, келгуси ҳосил давригача сақланганидир. Айрим асалфурушлар "Майский асал", деб асал сотишади. Бу ҳам нотўғри маълумот. Бизда май ойида асал олишнинг умуман иложи йўқ. Асалари улгурмайди май ойида асални тўплашга. Хонадонма-хонадон асал сотиб юрганларнинг маҳсулотини эса умуман олиб бўлмайди, чунки у синтетик асал, бундай асалда асаларининг иштироки бўлмайди.

...Асаларичилар билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Хонадон соҳиблари асал ҳақида, асалари ва соҳанинг ютуқ-муаммолари ҳақида кўп гапирдилар. Оилавий тадбиркорликнинг афзалликлари, асаларичиликнинг нафақат оила даромадига, балки табиатга ҳам фойда келтиришини таъкидладилар.

Бугун юртимизда "ҳар бир оила - тадбиркор"дастури амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган эзгу мақсад оилалар даромадини ошириб, фаровонлигини таъминлаш. Чунки,    Президентимиз таъкидлаганларидек, халқ бой бўлса, давлат тинч бўлади.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Прочитано 1887 раз Последнее изменение 27 Авг 2018