+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

14 Июнь 2018

Санъат инсонни ёшартиради

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Санъатимиз фидойилари

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, тиниб-тинчимас фахрий санъаткор Жўрабек Қодиров "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбариятига учраб, жамғарма қошида "Нуронийлар" бадиий жамоасини ташкил этсак, деган таклифни илгари сурди. Мутасаддилар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Шу тариқа жорий йил бошида "Нуронийлар" бадиий жамоаси тузилиб, фаолият юрита бошлади.

- Болалигимдан санъаткор бўлишни орзу қилганман, - дейди жамоанинг яккахон хонандаси Санобархон ая Қобулова. - Лекин қишлоқчилик, ота-онам санъат йўлини танлашимга қарши бўлишди ва турмушга узатиб юборишди. Бахтимга, раҳматли турмуш ўртоғим Маҳмуджон Норхўжаев ўқимишли, тушунган инсон эди. Шу инсон туфайли, ўқидим, олий маълумотли бўлдим. Ишладим, жамият ривожига ҳисса қўшдим. Санъат соҳасида ҳам халқимизга баҳоли қудрат хизмат қилдим.

Нафақага чиқиб, ёшим ўтиб, уйда, бир неча йил набиралар тарбияси билан машғул бўлдим. Шу йил бошида устоз санъаткор Жўрабек Қодиров менга қўнғироқ қилиб, фахрийлардан иборат бадиий жамоа тузилаётганини айтганида юрагимдаги учқун қайтадан аланга олгандай бўлди. Кўп ўтмай мен ҳам ушбу жамоага қўшилдим.

А. Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган Нуронийлар масканида бугун вилоятимизнинг турли туман ва шаҳарларида яшовчи фахрий отахон ва онахонлардан тузилган жамоа бадиий раҳбар Жўрабек Қодиров бошчилигида мумтоз ва замонавий ўзбек қўшиқлари, фольклор,  рақс, ўзбек чолғулари ижрочилиги, аскиячилик йўналишларидаги ранг-баранг репертуарлар тайёрлаб, мухлислар эътиборига ҳавола этишни ўз олдиларига асосий мақсад қилиб қўйганлар.

Ижод аҳли қўллаб-қувватланса, уларнинг очилмаган қирралари очилаверади. Фаолиятни аввалига санъат дарғалари ижро этган қўшиқлар асосида бошлаган жамоа аста-секин ўз репертуарларини яратдилар. Шеър ёзиб куй басталадилар, рақслар саҳналаштирдилар. Нуронийлар масканида жамоанинг самарали фаолият юритиши учун барча шароитлар яратиб берилди.

- Аввалига 3 киши билан бошланган хайрли ишимиз ривожланиб, ҳозирда яхлит жамоага айландик, - дейди жамоа бадиий раҳбари Ж.Қодиров. - Бу хайрли ишни йўлга қўйишда Ўзбекистон фахрийларни қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўктамжон Охуновнинг кўмаги катта бўлди. Қолаверса, вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам бизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда.

Айни вақтда бадиий жамоада 20 га яқин нуроний санъаткорлар фаолият кўрсатмоқда. Қувонарлиси, уларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этади. Хонандалар Санобар Қобулова, Тамара Холмирзаеваларнинг қўшиқлари, фольклор ижрочилари Муҳаррамхон Исмоилова, Муҳаррамхон Мўйдиноваларнинг лапар ва ўланлари, доирачи Хотирахон Тошбоеванинг маҳорати, раққоса Мақсудахон Ҳалилованинг ўзига хос рақслари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

- Санъатга иштиёқ болалигимдан уйғонган, - дейди раққоса Мақсудахон Ҳалилова. - Мукаррама Турғунбоевага ҳавас қилардим. "Тановар"га ўйнаганимда бутун дунёни унутардим. Аммо менда санъаткор бўлишга имконият етишмади. 35 йилга яқин далада меҳнат қилдим. "Нуронийлар" бадиий жамоасига таклиф этишганда сираям иккиланмадим. Пенсионер бўлсам нима бўпти? Санъатим билан одамларга қувонч улашсам, бунинг нимаси ёмон. Баъзан мендан сўраб қолишади: "67 ёшдасиз, рақсга тушганда чарчаб қолмайсизми?", деб. "Нега чарчайман", дейман.   Тенгдошларим бўлган баъзи аёллар ҳали оёғим, ҳали белим, деб нолиб юришади, Мен эса аксинча, ҳам руҳан, ҳам жисман соғломман. Чунки санъат инсонни ёшартиради.

Репитиция жараёнида жамоа ёр-ёр айта бошлади. Кўп йиллардан буён, яъни тўйларимиз замонавийлашиб, миллий урф-одатлардан хиёл йироқлашган ҳозирги замонда ёр-ёр эшитиш жуда ёқимли туюларкан.

Мана сизга жонли ижро, табиий овоз, ҳақиқий истеъдод, жозиба, санъатга чин муҳаббат, ҳеч қандай таъмасиз, жамоатчилик асосидаги санъаткорлик - фидоийлик. Менинг назаримда, улар оддий санъаткор эмас, балки фидойи санъаткорлардир. 

Дарвоқе, ушбу жамоа республикамизда нуронийлардан ташкил этилган илк ва ягона бадиий жамоа ҳисобланади. Биз жамоага ижодий парвоз, аъзоларига эса соғлик ва куч-қувват ҳамиша ёр бўлишини тилаб қоламиз.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Прочитано 1603 раз Последнее изменение 30 Июль 2018