+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Окт 2017

ЮРТ ТИНЧЛИГИНИНГ ФИДОЙИ ПОСБОНЛАРИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(44-сон) 25 октябрь - Ички ишлар идоралари ходимлари куни

Мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда Ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланди. Маълумки, кейинги йилларда ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада фаолият олиб бораётган ходимлар билим ва маклакасини ошириш, уларга қулай иш шароитлари яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар тўғрисида"ги қонуни, жорий йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони, 20 апрелда эса "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар бу борадаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қуйида ички ишлар тизимида ибратли иш олиб бораётган бир гуруҳ опа-сингилларимиз фаолияти хусусида сўз юритилади.

 

Мақсадимиз: эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш,

- дейди майор гулнорахон Абдувоҳидова

Кейинги йилларда ички ишлар тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар орасида хотин-қизлар сафи анча кенгайди. Бу юртимизда қиз-аёлларга кўрсатилаётган эътибор, уларга берилаётган кенг имкониятлар самарасидир. Хусусан, вилоятимизда ҳам мазкур соҳада ибратли иш олиб бораётган опа-сингилларимиз талайгина. Улардан бири вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор Гулнорахон Абдувоҳидовадир.

 Андижон давлат университетида ҳуқуқшунос мутахассислигини эгаллаган Гулнорахон ички ишлар тизимида 1996 йилдан буён меҳнат қилиб келади. Дастлаб қўриқлаш бўлимида милиционер бўлиб иш бошлаган. Сўнг Андижон шаҳар ИИБ вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими инспектори, катта инспектори лавозимларида ишлади.

Хизмати жараёнида у ўзининг билимдон, меҳнатсевар, зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан, масъулият билан адо эта олишдек фазилатларини намоён этди. Гулнорахондаги интилувчанлик, ташаббускорликни кўрган раҳбарлар унинг зиммасига янада масъулиятлироқ вазифа юклади. 2010 йили у вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасига ишга ўтказилди. Ўтган давр мобайнида у ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

- Юртимиз, фуқароларимиз тинч-лиги-осойишталигини сақлаш ўта масъулиятли вазифа, - дейди Гулнорахон Абдувоҳидова. - Тизимимизда меҳнат қилаётганлар, хусусан аёллар ҳам кун-тун, байрам демасдан ҳамиша хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келмоқда. Шу ўринда бошқармамиз хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси, подполковник Маъмурахон Жалилова, майор Зулфизар Холматова, капитанлар Наргиза Комилова, Диана Темиргалиева, катта лейтенантлар Ибодатхон Йўлдошева, Иродахон Муҳаммедова, лейтенантлар Нодира Алихонова, Хамидахон Тожибоева, сержант Зулфизар Ҳайдарова, сафдорлар Хуршидахон Юлдашева, Барно Юсупова, Нодира Матмусаева сингари кўплаб ҳамкасабаларимизнинг ибратли фаолиятлари ҳар қанча таҳсинга муносиб эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиқат, ички ишлар тизимида меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг ибратли ишлари ҳақида ҳар қанча илиқ гаплар айтсак арзийди.

 Мақоламиз қаҳрамони Гулнорахон Абдувоҳидова бугун янада масъулиятли вазифа - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида иш олиб бормоқда. У соҳада кўп йиллик тажрибага, юксак билим ва  салоҳиятига эга мутахассис сифатида зиммасига юкланган ана шу вазифани юқори савияда адо этишга, ўзига билдирилган ишончни оқлашига асло шубҳа йўқ.   

Гулнорахон нафақат ўз соҳасининг етук мутахассиси, балки ибратли оиланинг бекаси ҳамдир. Бугун қизи Гуласал ҳам ўзи сингари ички ишлар тизимида меҳнат қилмоқда. Гулнорахон оила даврасида бўлганида, айниқса, набиралари ҳасанбой, Хусанбойларни бағрига босганида бутун чарчоқларини унутади, юртнинг бахтли аёлларидан бири эканлигидан фахр-ифтихор туяди.

- Тизимимизда меҳнат қилаётган ҳар бир кишининг мақсади битта, у ҳам бўлса, эл-юрт тинчлиги, осойишталигини сақлашдир, - дейди Г. Абдувоҳидова. - Ана шундай эзгу мақсад йўлида иш олиб бораётган барча ҳамкасбларимни касб байрамлари билан муборакбод этаман. Оилалари тинч, ишларида муваффақиятлар ёр бўлсин.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

КАСБИМ – ФАХРИМ

Марина Антонова қурилиш техникумини тамомлагач, ёнғин хавфсизлиги бошқармасига ишга киради.   Дастлаб марказий алоқа маскани диспетчери, катта диспетчер вазифаларида меҳнат қилди. Айни дамда котибият катта иш юритувчиси вазифасида фаолият олиб бормоқда.

Устозлари Татьяна Жўраева, Барно Амановалардан касб сирларини қунт билан ўрганган Марина ўз устида тинимсиз ишлади, янгиликларни ўзлаштириб, танлаган соҳасига жорий этишга уринди. Жамоада ҳурмат ва эътиборга эришган Маринанинг фаолият бошлаганига ҳам 20 йилдан ортиб кетди.

- Мен бу соҳани танлаганимдан ва юртимиз тинчлиги, осойишталиги, фуқароларимизнинг осуда яшаши, хотиржам ишлаши учун жонини фидо қиладиган касбдошларим орасида эканлигимдан мамнунман,-  дейди Марина. -Аслини олганда севган касбингда ишлаш инсонга завқ бағишлайди.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби ёнғин ўчириш хизматида ҳам ўзига хос қийинчиликлар бор. Бир нафар фарзандини тарбиялаётган Марина гоҳида ишларнинг кўплигидан уйга кеч қайтишига тўғри келади. Шундай бўлса-да, у ўз касбига доимо содиқ қолишга аҳд қилган. Спорт соҳасида эришган ютуқлари учун бир неча маротаба тақдирланган.

- Тизимимиздаги аёл-қизларимиз орасида яхши натижаларга эришаётганлар кўпчиликни ташкил этади, - дейди ходимлар бўлими бошлиғи Дилшодбек Шокиров. - Меҳнаткаш, фаол ходимларимиздан, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Гулбаҳор Маткаримова "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланган. Моҳидил Қурбонова, Гулнозахон Исмоилова, Дилфузахон Мадраҳимова, Жаннатхон Назарова сингари ходимларимиз ҳам ҳар қанча мукофот ва тақдирлашга муносибдир.

Ўз касбини ардоқлаб келаётган соҳадаги аёл-қизлар доимо эл хизматида.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

 

Бурч ва масъулиятни ҳис қилиб ишлайман

Мен болалигимдан милиционер бўлишни орзу қилганман. Ниятим холис экан, бугун ички ишлар тизимида иш олиб бораяпман.

Андижон шаҳридаги 11- мактабни, сўнг енгил саноат техникумини тамомлаб, дастлаб Булоқбоши туманидаги 25- мактабда меҳнат фани ўқитувчиси сифатида иш фаолиятимни бошлаганман. Сиртдан Андижон давлат педагогика  институти (ҳозирги АДУ)да таҳсил олдим.

Белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, 1998 йилдан Андижон шаҳар ички ишлар бўлими канцелярияси мудири вазифасида иш бошладим. Орадан бир йил ўтиб Андижон шаҳридаги собиқ ип-газлама комбинатига қарашли пост-патруль хизматида милиционер вазифасида фаолиятимни давом эттирдим.

2002 йилда вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш марказига тарбиячи бўлиб ишга ўтдим. 2011 йилдан эса Асака туманида иш олиб боряпман. Мен қаерда, қандай вазифада ишлашимдан қатъи назар ҳамиша зиммамдаги бурч ва масъулиятни ҳис этиб, сидқидилдан хизмат қилдим. Ўзимга топширилган ҳар қандай вазифани бекаму кўст бажаришга, раҳбарлар ишончини оқлашга интилдим. Шу боис ҳам масъул лавозим, юқори унвонларга эга бўлдим.

Туманимизда кейинги йилларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, профилактика, тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда Бунинг самараси ўлароқ, кейинги йилларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари камаймоқда.  

Қарийб 20 йиллик фаолиятим мобайнида турли йилларда Андижон шаҳар, Асака тумани, вилоят ички ишлар бўлими ва бошқармасининг ташаккурнома, фахрий ёрлиқ, ички ишлар вазирининг эсдалик соатини олишга мушарраф бўлганман. Ана шу рағбат ва эътиборни сидқидилдан қилган меҳнатларимга берилган баҳо, деб биламан. Бу мени янада шижоат билан ишлашга ундайди.

Оиламдан кўнглим тўқ. Бугун ўғлим Раҳматулло Бухоро тиббиёт институти талабаси, қизим Мубинахон набирам тарбияси билан банд, кенжа қизим Муслимахон эса мактаб ўқувчиси. Оиламнинг, яқинларимнинг тинчлиги, ишончи менга ҳамиша куч беради.

Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан барча ҳамкасбларимизни табриклайман, масъулиятли ишларида ҳамиша омад ёр бўлишини тилайман. 

Азизахон КАРИМОВА,

Асака тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори, майор.

Прочитано 1873 раз Последнее изменение 27 Нояб 2017