+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

18 Нояб 2016

ФАҚАТ ЯХШИ НАРСАЛАР ҲАҚИДА ГАПИРАЙЛИК

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларни ҳадя қилди. Инсон танаси, жисмидаги маълум вазифани бажарадиган аъзоларининг ҳар бири соғлом бўлмоғи муҳимдир.

Умр ва ҳаёт инсонларга берилган бир омонат ҳисобланиб, шариатимиз инсонга умрини хайрли ишлар қилишига, ёмонликдан сақланишига буюради. Кишига берилган азиз неъматлардан бири тил, сўзлаша олиш неъматидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло Қуръони каримда: "Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!" (Балад сураси, 8-9-оятлар) дея Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишда тилнинг ўрни катта эканлигига ишора қилади.

Инсоннинг сўзига, муомала маданиятига қараб, унинг инсонийлик мақомига баҳо берилади. Қалб ва тил гўзаллиги инсонийликни кўрсатадиган муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Улардан бири хатога йўл бошласа, бошқа аъзолар ҳам у сабабли гуноҳга ботади. Тил ёлғон қасами билан бошқа аъзоларни дўзах оташига дучор қилади. Айнан тилнинг ножўя ҳаракати аёлларни эридан, болани отадан, акани укадан айириши, дўстни душманга айлантириши, мўмин бандаларнинг қалбига озор етказиши мумкин. Мўминнинг қалби эса Аллоҳнинг назаргоҳидир. Ҳақиқий мусулмон нажот ва бахтиёрлик тилини ножўя сўзлардан тийиш ва ҳасад қилмасликда эканлигини яхши англаши керак.

Бир ривоятда ёзилишича, кечани ўтказиб, тонг отганидан сўнг тана аъзолари тилга шундай деб айтар экан: "Бизнинг ҳақимиз учун Худодан қўрққин, чунки бизни ихтиёримиз сендадир, агар сен тўғри ва ҳалол бўлсанг, бизлар ҳам тўғри ва ҳалол бўламиз. Агар сен нотўғри қадам қўйсанг, биз ҳам нуқсонли бўламиз". Ана шу ривоятдан келиб чиқиб, тилни ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.

Муоз ибн Жабал (р.а) бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) билан саёҳатга чиққанида Пайғамбаримиздан "Ё Расулуллоҳ! Мени жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган бир амални айтинг", деб сўради. Улар: "Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмайсан. Намоз ўқийсан, закот берасан, рамазон рўзасини тутасан, ҳажга борасан" деди ва "Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми?" деб сўради. Муоз ибн Жабал: "Ё Расулуллоҳ, кўрсатинг" дегач, Пайғамбаримиз (с.а.в): "Рўза жаҳаннамга пардадур, садақа хатоларни кетказади, ҳудди сув оловни ўчиргани каби кечаси ўқиладиган намоз яхшиларнинг белгисидир", дедилар. Сўнг ушбу оятни келтириб ўтдилар: "Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқларидан ажраб турар (оз ухлашади). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар" (Сажда сураси, 16-оят).

Муҳаммад (с.а.в): "Бу диннинг боши Ислом, устуни намоз, чўққиси жидду жаҳддир. Буларни бутунлаштирадиган нарса тилдур" дедилар ва қўллари билан Муоз (р.а)нинг тилини кўрсатдилар.

Муоз (р.а) "Ё Расулуллоҳ! Биз гапирганларимиз учун жавоб берамизми?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) "Эй, Муоз! Инсонларнинг бурунларидан тутиб, юзтубан оловга отилишларига сабаб уларнинг тиллари бўлмасдан нима?" деб хитоб қилдилар.

Дарҳақиқат, Муҳаммад (с.а.в) биз - умматларини тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганида сукут сақлашга буюрганлар. Яъни: "Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин" дея марҳамат қилганлар.

Динимиз тилга, сўзлашишга алоҳида эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларни айтишдан қайтаришнинг сабаби тил қалбга яқиндир. Қалб эса имон маскани ҳисобланади. Демак, инсон иродали, соф ва маънавиятли бўлса, унинг тилидан ҳам фақат ширин сўзлар чиқади. Тил ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби ҳам қорая бошлайди ва натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пай-ғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Абу Зар (р.а)га қилган васиятларининг бирида: "Сукут сақлашни ўзингга одат қилгин, чунки сукут сақлашлик, биринчидан шайтонни қувади, иккинчидан, динингни сақлашингга ёрдам беради" деганлар. Мутафаккирларимиздан бири Абдулла Авлоний эса: "Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз. Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз" деб ёзган эди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга тили, дили бир ва гўзал бўлган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Абдухалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги

 

"Ат-Термизий" жомеъ масжиди имоми.

Прочитано 2871 раз Последнее изменение 15 Янв 2017
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « ИСТИҚЛОЛ НЕЪМАТИ МЕҲР ЭЗГУЛИККА ДОЯ »