Версия для печати
31 Дек 2020

ШУКРОНАЛИК НЕЪМАТЛАРНИ ЗИЁДА ҚИЛАДИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ислом дини ҳамиша инсонларни берилган неъматларга, яхши-ёмон кунларга, дарду қувончга шукр қилиб яшашга чақиради.

Орамизда синов учун берилган      қийинчиликка чидай олмай, ношукрлик қилиб, тақдирини, замонни айблаётган кимсалар ҳам бор, шу билан бирга, оғир дард ёхуд айрилиқ азобини чекса-да, тилидан шукрни қўймаётган одамларнинг борлиги эса қалбларга нур беради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён келтирилади: "Ва яна эсланг, вақтики Парвардигорингиз хабар беради. Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, зиёда қилурман сизларга. Ва агар ношукрлик қилсангиз, албатта, менинг азобим жуда ҳам қаттиқдур" ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Муфассир Ибн Касир (р.а.) "Тафсирул Қуръонил аъзим" номли китоби тафсирида қуйидаги ҳадисни келтиради: "Албатта, банда қилган гуноҳлари сабабли ризқдан маҳрум бўлади".

Бу хусусда яна шундай ривоят келтирадилар: "Бир куни Расули акрам (с.а.в.) нинг ҳузурларидан бир соил (тиланчи) ўтди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга бир дона хурмо ҳадя қилдилар. Соил ҳадяни оз санаб, ғазаби келиб қабул қилмади. Сўнгра бошқа бир соил келди. Унга ҳам сарвари коинот бир дона хурмо ҳадя этдилар. У бир дона хурмони расулуллоҳ (с.а.в.)дан деб муҳаббат ва шукроналик билан қабул қилди. Шунда у зоти шариф жория Умму Салама (р.а.)га ҳузурларидаги 40 тангани шу соилга беришликни буюрдилар".

Юқоридаги "Агар ношукрлик қилсангизлар, менинг азобим жуда қаттиқдур" деган ояти карима хусусидаги тафсирларда айтиладики, "Албатта, азобнинг қаттиғи дунёда неъматни олиб қўйиш ва охиратда дўзах азоби билан бўлади". Бу баённинг маъноси шуки, инсон ўзига берилган неъматга шукр қилиши ўша неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Бугунги тинч-тотув кунларимизга шукрона айтиб яшаш ҳар бир юртдошимиз учун фарздир. Юртимиз тинчлигига, кунларимизнинг осуда ўтаётганига шукрона айтишдан чарчамайлик. Ҳар бир бандани Аллоҳ таоло ҳидоятда собит қилсин, ношукрлик балосидан барчамизни Яратганнинг ўзи сақласин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жоме масжиди имоми.

 

Прочитано 799 раз
Super User

Последнее от Super User