Версия для печати
21 Май 2020

ИЙД РАМАЗОН - ЭЗГУ АМАЛЛАР ҚАЛБ ЭҲТИЁЖИГА АЙЛАНАДИГАН КУН

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Яратган Роббимизга беҳад ҳамду сано ва шукурлар бўлсинким, барчамиз Рамазон ойи рўзасини тутиб, Аллоҳ таоло ваъда қилган улкан мукофотни қабул қилиш куни бўлган Рамазон ҳайити шодиёнаси арафасида турибмиз.

Рамазон ойи оғир синовли кунларга тўғри келганига қарамай, юртдошларимиз мурувват, хайр-эҳсон, яхшилик қилиш, ўзаро иттифоқлик каби хислат ва сифатларни намоён этиб, Аллоҳнинг катта ажр-савобларига сазовор бўлиш ҳаракатида бўлдилар. Расули акрам (с.а.в.) ҳайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти, деб атаганлар. Кечагина барча мўмин-мусулмонлар емак ва ичмакдан ўзларини  тийиб, фақат тоат ва ибодат билан машғул бўлган бўлсалар, бугун Аллоҳ таолонинг неъматларидан, ажр-савобларидан баҳрамандлик, хурсандчилик ва шод-хуррамлик айёмига етишдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: "Бева ва мискинга      ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир", - дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан етимларга, бева-бечораларга, боқувчисини йўқотганларга ва ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш ва уларнинг дуоларини олиш нақадар катта савоб амал эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Рамазон ҳайити кунида мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга рушди ҳидоят тилашади. Қариндош-уруғларини, ёру биродарларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда мана шундай яхши амаллар ҳар бир эзгу ниятли инсонларнинг қалб эҳтиёжига айланади. Бирор бир сабабга кўра аразлашган таниш-билишлар ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Чунки, кечиримли ва меҳр оқибатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Абдуллоҳ ибни Масъуд (р.а) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дан ривоят қиладилар: "Мўмин бандалар Рамазон   ойининг рўзасини бутун тутиб, ҳайит куни намозгоҳга йўл олганда, Аллоҳ таоло фаришталарига: "Эй фаришталар, бировнинг хизматини адо этган киши хизмат ҳаққини талаб этади. Бандаларим менинг рўзамнинг хизматини адо этиб, ҳақларини олиш учун намозгоҳга бормоқдалар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, уларни мағфират қилдим", - дейди. Шунда фаришталар: "Ё Муҳаммад (с.а.в.) умматлари, энди уйларингизга боринглар, Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирди", - деб нидо қиладилар".

Анас ибни Молик (р.а.) ривоят қиладилар Расулуллоҳ (с.а.в.): "Кимки фитр садақасини ҳайитдан илгари адо этмаса, унинг рўзаси ер билан осмон ўртасида муаллақ ҳолда қолади. Фитр садақаси берилганидан сўнг, Аллоҳ таоло унинг рўзасига иккита яшил қанот ато этади ва рўзаси парвоз қилиб, еттинчи осмонгача боради ва аршдаги қандилга қўниб, ўз эгасига розилигини изҳор этади" - деб марҳамат қилдилар.

Ривоят қиладиларки: "Ҳазрати Усмон ибни Аффон (р.а.) бир маротаба Фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутиб қўйган эканлар. Ҳайит намозидан сўнг эсларига тушиб, Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдилар, сўнг Пай-ғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига бориб: "Ё Расулуллоҳ, фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутган эканман. Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдим", - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ё Усмон, юзта қулни озод этганнинг савоби фитр садақасини ҳайитдан илгари берганликнинг савобига тенг бўлмайди", - деб марҳамат қилдилар. Демак, фитр садақасини ўз эгаларига ўз вақтида беришлик жуда фазилатли амал ҳисобланади.

"Фитр садақасини ҳайитдан олдин адо этганга Аллоҳ таоло ўнта яхшилик ато қилади: 1. Уни гуноҳлардан пок этади. 2. Дўзах оташидан сақлайди. 3. Тутган рўзасини қабул қилади. 4. Ана шу бандасига Беҳиштни вожиб қилади. 5. Қабрдан соғ-саломат турғизади. 6. Ана шу йилда қилган яхши амалларини қабул қилади. 7. У бандасига шафоъатул Мустафони вожиб қилади. 8. Сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтказади. 9. Мезон тарозусида унинг савобларини оғир қилади. 10. Унинг исмини бадбахтлар, бахтсизлар қаторидан чиқариб ташлайди", - деб  марҳамат қилдилар.

Ватанимиз истиқболи порлоқ, юртимиз тинчлиги ва осо-йишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз. Яна бир бор Рамазон     ҳайитингиз муборак бўлсин!

Сарварбек ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги

 

"Мирзо Шариф" жомеъ масжиди имоми.

Прочитано 1487 раз Последнее изменение 15 Июнь 2020
Super User

Последнее от Super User