+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

10 Авг 2019

Биз қачон шукр деймиз?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

Элимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг сайланма китобидаги "Шукр дейсан сен қачон?" сарлавҳали шеърини такрор ва такрор ўқигим келаверади. Бизнинг феълу атворимиздан келиб чиқадиган ношукрчиликдан зада бўлган шоирнинг аламли сатрлари бежиз битилмаганлигига ўзим ҳам ҳаётда кўп бора гувоҳ бўлганман.  Ахир:

Таъмагирни тортқилаб,

Нафси қўймас дейдилар.

Нокас ўзи тўйса ҳам,

Кўзи тўймас дейдилар.

Боқ бир ёруғ оламга,

Кимлар зўрға кун кўрар.

Одамлар бор, боғдаги,

Булбулдан ҳам пул сўрар.

каби ҳар қадамда ўзининг тўймас нафсини ўйлайдиган, бировга салом-алик қилишдан ҳам манфаат кўзлайдиганлар орамизда йўқ деб, ўйлайсизми?...

Бу ёруғ оламда турфа дунёқарашга, феълга эга бўлган инсонлар бор. Хизмат юзасидан улар билан деярли ҳар куни юзма-юз бўламан, суҳбатларини оламан. Ҳузуримга бирор юмуш билан келган одам ўзини қийнаётган муаммоларини тўкиб солади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида мендан ёрдам беришимни илтимос қилишади. Албатта, уларга ўз ўрнида ёрдам беришга, имкон қадар идорамиздан кўнгилларидаги ғубор тарқаган ҳолда чиқиб кетишларига ҳаракат қиламан. Очиғи, шу сингари одамлар билан ишлаш жараёнида турмушимиздан нолийдиган, ҳаётда яшаш оғирлашиб боришидан шикоят қилувчилар кўпайиб бораётганидан ташвишга тушаман. Тўрт мучаси соғ бўла туриб, билагидаги кучини енгил-елпи ишларга сарфлаб, ҳалол меҳнат қилишни хоҳламайдиган  оталарнинг болалари қандай бахтли яшасин? Фарзанд тарбияси билан шуғулланиб, уларни оқ-ювиб, оқ-тарайдиган она шўрлик не қилсин, бундай шароитда?

Мен бир оилани биламан. Бундан йигирма йил аввал институтда сиртдан ўқир, аммо иш жойининг тайини йўқ эди. Бирор бир жиддий иш билан шуғулланиш ўрнига отаси берган пулга ароқ олиб ичиб, кун ўтказар эди. Уни бу йўлдан қайтаришга ота-она, ака-ука кўп уринишди, аммо ичкилик йўлидан қайтариша олишмади. Ахири ўйлай-ўйлай ота-она бир тўхтамга келишди. "Уйлаб қўйиш керак!" Енгил ҳаёт кўчасига кириб бўлган йигитга 24 ёшида гулдай бир қизни келин қилиб олиб беришди. Узоқ қариндошлик ҳурматидан тузукроқ сўраб-суриштирмасдан узатилган қизнинг келинлик ҳаёти илк куниданоқ     бахтсизлик билан бошланган эди. Йигит турмуш қуриш не эканлигини ҳис қилиш туйғусидан маҳрум эди. Келинчак мактабда ишлар, иш ҳаққини тийин-тийинигача, қайнона-қайнотанинг қўлига тутқазар эди. Куёв бола эса келинчакнинг пулидан ароқ олиб ичиш учун отасидан пул сўрашни канда қилмас эди. Орадан йиллар ўтди, оилада бирин-кетин тўрт фарзанд туғилди. Бироқ, оилада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Йигит ичкиликка пул топа олмаган чоғида уйдаги жиҳозларни, телевизор, музлатгич ва ҳатто кўрпа-тўшакларни ҳам сотиш даражасига етди. Охир- оқибат тўрт фарзанднинг онаси болалари билан ота-она уйига қайтиб келди. Ўша аёл ҳозир  ҳам ота, ҳам она бўлиб болалари тарбияси билан шуғулланаяпти, мактабларнинг бирида ҳурмат ва эътибор билан ишлаб келмоқда...

Оилада ғурур ва орини унутган оталар кўпайиб кетаётгани учун бугун аёлларимиз бозорларга чиқиб кетишди,  юртма-юрт кезиб, камёб матоларни олди-сотдиси билан шуғулланиш ҳолатлари ҳар қадамда учрайди. Энг ёмони, келажагимиз ворислари бўлмиш болалар тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилаётгани ачинарлидир.

Юқорида сўзимни шукр қилмоқликдан бошлаган эдим. Тўғриси, биз ҳар тонг субҳи содиқни, қуёшнинг уфқдан бош кўтаришини равшан кўзларимиз билан кўриб, атроф гўзаллигини ҳис этаётганимиздан, қулоқларимиз ёқимли куйни   тинглаётганидан, қўл-оёқларимиз оғриқсиз ҳаракатга келаётганидан шукр қилишни ҳам ҳаёлимизга келтирмаймиз. Турмушдаги учрайдиган, ўзимизнинг интилишимиз билан бартараф қилиш мумкин бўлган қийинчиликларни рўкач қилиб, оҳ-воҳ чекишга тушамиз. Зеро, бугунгидек тадбиркорликка кенг йўл очиб берилган шароитда ҳар ким ўз иқтидорини, имкониятини ишга солишга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди-ку! Қўлида гулдек ҳунари бўлганлар, меҳнатдан қочмайдиганлар тўкинликда яшаб келишаяпти. Шундай ҳамюртларимизнинг фарзандлари ҳам эмин-эркин улғайиб, оталарининг ҳунарларини эгаллашмоқда, олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Аниқ биламанки, мамлакатимизнинг келажаги ана шу иқтидорли, билимли, зукко ёшлар қўлида. Ана шуларни ўйлаганимда, дилим таскин топади.

Яна ношукрлигимиз шунда кўринадики, биз яқин ўтмишдаги маиший ҳаётимизни унутиб қўйдик. Ўчоққа тезак, ўтин-чўп ёқиб, уйимизни қорайтириб, кўзимизнинг ёшини оқизиб овқат пиширардик. Кўчадан сув ташиб, тунда фонар ёки шам ёқиб тонг отишини кутар эдик. Ҳозир ҳар бир хонадонда табиий газ, тоза ичимлик суви оқиб турибди.  Электр нуридан уйимиз чароғонлигига кўникканмиз. Ҳеч бир машаққатсиз уйимиз исийди, овқатимиз тайёр, чанқоғимизни машаққатсиз қондирамиз. Бироқ, ана шундай истеъмол қилаётганимиз газ, сув ва электр ҳаққини тўлаб қўйишни пайсалга соламиз. Эгнимизга қимматбаҳо либослар ҳарид қилишга пул топамиз, ким ўзарга тўй қилишга  ҳафсала қиламиз-у, шундай фаровон турмушимиз учун асқотаётган газ, сув ва электр тўловларига маблағ топа олмаймиз. Бундай кимсаларни ҳам мен бир сўз билан ношукрлар дегим келади. Агар уч кун сув бўлмасинчи, 24 соат электр ва табиий газсиз яшангчи, ҳолингиз нима кечар экан? Олмоқнинг бермоғи бор, деб бежиз айтилмаган, ўз вақтида қарзни тўлаш ҳар бир инсоннинг одатига айланмоғи зарур.

Яна шунга шукр қилишимиз керакки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ҳатто, тунда кўчада юрсангиз ҳам биров мушугингизни "пишт" демайди. Кўчаларимиз ёруғ, чароғон, ҳатто кечаси ҳам манзилингизга бир зумда, эсон-омон етказиб қўювчи    транспортлар хизматда. 

Бозорларимиз тўкин-сочин. Сархил мева-сабзавотларни оралаб ўзингизни жаннатда юргандай ҳис этасиз.

Юракда бир савол пайдо бўлади: Биз  шукр қилишни қачон ўрганамиз?

 

Гулчеҳра Бегматова,

Олтинкўл туманидаги

 

«Ўрта» МФЙ раиси.

Прочитано 1354 раз