+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

24 Авг 2018

ИСРОФ ҚИЛИШЛИК ГУНОҲДИР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Аллоҳ таоло инсонга ақл-идрок, фаҳм-фаросат ато этиб, уни барча маҳлуқотлардан устун қилиб қўйди. Шу билан бирга, берган неъматларига шукур қилишни, ҳаётимиз давомида улардан ўз ўрнида, исроф қилмай фойдаланишни буюрди.

Ҳадисларнинг бирида: "Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди", дейилади. Яна бир ҳадисда эса "Ишларнинг яхшироғи - ўртачасидир", деб айтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг юқоридаги сўзларидан шундай хулоса қилинадики, инсон ҳаётида исрофга йўл қўймасдан тежамкор бўлиши ўша киши олий фазилатлардан бирининг соҳиби эканлигини кўрсатади.

Минг афсуски, кейинги пайтларда юртдошларимиз орасида исрофга йўл қўяётган кишилар ҳам тез-тез учраб турибди. Халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ берган фарзандни уйлаш ёки қизни турмушга узатиш каби тантаналар борки, бундай қадриятлар билан ҳамоҳанг яшаш қон-қонимизга сингиб кетган. Лекин ана шу маросимларни ихчамлаштириш, камчиқим қилиб ўтказиш ўрнига уларни дабдаба,  ортиқча исрофгарчилик билан ўтказишдек иллатлар ҳаётимизда одатга айланиб қолаётганли барчамизни ташвишга солиши керак. 

Тўй, бошқа маросимларни ўтказишда манманлик ва риёкорликка берилиш шунингдек, одамлар мен тўй қилганимни, қўша-қўша қозонларда ош дамлаганимни гапирсинлар, деган мақсадда қилаётганлар ортиқча сарф-харажат қилиш гуноҳ эканлигини билиб қўйсин.

Тўйни дабдаба билан ўтказишлик динимизда қораланади, қолаверса, ҳаётий мезонларимизга ҳам зиддир. Мисол учун, расмий никоҳдан ўтиш маросимидан аввал  кафеларда ўтириб базм уюштириш, фотосессиялар қилиш, тўйдан кейин куёвнинг уйига ҳафталаб бир неча маҳал маъзар ташиш - булар риёдан ўзга нарса эмас. Ана шу каби салбий одатларни урфга айлантираётганлар билсинки, бундай ўзини кўз-кўз қилишлик инсонийликка ҳам хос эмас.

Айниқса, бугунги кунда қиз чиқарган томонга машаққат ва жабр бўлмоқда. кўп ҳолларда келин олаётган томон бизга сизларнинг ортиқча нарсаларингиз керак эмас, деб айтиш ўрнига фалон-фалон нарсангиз кам экан, дейишлик билан овора. Кейинги пайтларда келиннинг сепига қўшилиб келадиган буюмлар сони ҳам кўпайиб кетди. Ахир бу қудаларнинг бир-бирларини қийнашдан ўзга нарса эмас. Ана шу буюмларни келин-куёв ҳаётлари давомида меҳнат қилиб, ўзлари олса, мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Шаръий нуқтаи назардан йигит киши бир қизни никоҳига олса, уни емоқ-ичмоқ, кийим-бош билан таъминлаш унинг вазифаси ҳисобланади. Аммо айрим йигитлар борки, келиннинг ортидан бир кунда уч маҳалдан келадиган маъзарга, ҳатто, тансиқ овқатларни буюриб, ўша таомларга кўз тикиб ўтиришни ўзларига эп кўраётганлиги дилимизга оғриқ солади. Наҳотки, улар уят, орият деган туйғулардан узоқ бўлса?

Ахир бизнинг ота-боболаримиз ақл-заковатли, ғурурли, орияти баланд ҳамда таъмадан йироқ инсонлар бўлган. Наҳотки, бугун айрим ёшларимиз авлодларимизнинг муқаддас удумларини унутган бўлса? Айрим опа-сингилларимиз келиннинг одоб-аҳлоқи, тарбияси, уқувидан кўра, унга берилган матолар, кийим-кечаклар, қайнонасига қилинаётган сарполарни баланд қўйса? Ўғли, қизининг бахтини мато ва буюмларга тенглаштираётган ота-оналар калтабин кишилардир.

Тўйдан олдин қудалар ўзаро маслаҳатлашиб, ортиқча олди-бердиларни йўқотишни, маҳалла фаоллари, ёши улуғ инсонларни чақириб, тўйни исрофгарчиликсиз, тежамкорлик билан ўтказишни келишиб олишлари оқилона йўлдир.

Демак, исроф, "фалончидан мен камми", деб манманлик ва риёкорлик билан тўйларга, маросимларга керагидан ортиқча сарф-харажат қилиш ҳам ақлан, ҳам шаъриат нуқтаи назаридан тўғри эмас, яъни гуноҳ иш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни имонли, инсофли, гуноҳдан қўрқадиган бандаларидан бўлишлигимизни насиб этсин.

Марҳабо БОЗОРОВА,

 

Андижон тумани бош отинойиси.

Прочитано 2083 раз
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « Қайтар дунё Бахиллик - гуноҳга етаклайдиган одат »