+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Окт 2017

ОТА-ОНА - ЖАННАТ ДАРВОЗАСИДИР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

( 41-сон)

Инсониятни тўғри йўлга етакловчи ва дунёда фаровон ҳаёт кечириб, охиратда эса нажот топишларини таъминловчи Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розилигини топиш Аллоҳнинг амри эканлиги баён қилинади.

Ота-она ҳурматини жойига қўйиш, уларга яхшилик қилишлик фарзандларга фарз қилинган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: "Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди..." (Исро сураси, 23-оят). Бундан кўринадики, Аллоҳ таоло бандаларини ўзига ибодат қилишга, кейин эса ота-онага яхшилик қилишлик буюришлиги Исломда ота-онанинг қадри ва мақоми қанчалик улуғ эканлигини англатади. 

Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий Муҳаммад (с.а.в.): "Роббининг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббининг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир"  дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг розилигини умид этган ҳар бир инсон ота-онаси ким, қандай инсон бўлишидан қатъи назар уларни розилигини топишлиги лозим. Айрим манбаларда баъзи улуғ алломалар ота-онага хизмат қилишликни ҳатто, баъзи фарз ибодатлардан ҳам аввалга қўйганликларининг гувоҳи бўламиз.

Ибн ат-Туфайл (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий Муҳаммад (с.а.в.)ни Жиъронада гўшт тақсимлаётганини кўрдим. Ўша вақтда мен ёш бола эдим. Туянинг суягини ташиб турган эдим. Бирдан бир аёл келиб қолди ва Набий (с.а.в.)га яқинлашди. У зот уни кўриб, ўринларидан турдилар ва унга ридоларини ёздилар. У унинг устига ўтирди. Мен: "Бу ким?" дедим. "У зотни эмизган оналари," дейишди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзларини эмизган аёлга кўрсатган хурматлари шунчалар олиймақом бўлса, ҳомиладорлик вақтида туну кун минг машаққатларни бошидан ўтказган, ўлимни бўйнига олиб туққан, тунлари бедор бўлиб эмизган, фарзандини еру кўкка ишонмай, бағрига босиб, ювиб-тараб парвариш қилган, фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр онага бўладиган ҳурмат ва эҳтиром қандай юксак бўлиш кераклиги  ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: "Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса-ю (уларга яхшилик қилиб), унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан улар рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди" деди. "Ота-она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?" дейишди. "Зулм қилган бўлсалар ҳам", деди". Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, баъзи бир ота-оналар томонидан фарзандларга ҳар-хил сабабларга кўра кўнгил оғритишлар бўлганда фарзандлар кўнгилларига олмасликлари, кечиримли бўлишлари, уларни ҳамиша эъзозлашлари керак. 

Умуман, ҳеч қайси ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Аммо минг афсуслар бўлсинки, орамизда шундай "фарзандлар" ҳам борки, улар ота-онасидан аразлаб, йиллаб гаплашмайди, улардан хол сўрамайди. Ҳатто, фарзандларига тўйлар, хайру эҳсонлар қилади-ю, лекин ўзини дунёга келтирган, едириб-ичириб, тарбия бериб, вояга етказган инсонларни арзимаган сабаблар туфайли юзага келган дилхиралик туфайли ўрталарида йўқламайдилар. Ўша кишилар бу ожизлик, гуноҳ инсоннинг икки дунёсини куйдириб юборишини наҳотки англаб етмайдилар? Саҳобалардан бири Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан: "Ота-онам мен учун ким" деб сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз "ота-онанг ё жаннатинг ё дўзахинг" деб жавоб бердилар. Қайсики банда ота-онасининг дуосини олиб, уларни рози қилса, ўзига жаннатдан жой тайёрлайди, кимки бунинг аксини қилса, у охиратда дўзахдан жой олади.

"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади", - дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, фарзанд ота-онасига қандай муомала қилса, у ҳам фарзандидан ўша муомалани кўрар экан. Чунки аждодларимиз "Бу дунё қайтар дунё" деб бежизга айтмаганлар. 

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишига қуйидагини айтганларини эшитдим: Яхшиликларнинг энг яхшиси отасининг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир. У кетганидан кейин. Яъни отаси ўтиб кетганидан кейин ҳам". Ушбу ҳадиси шариф ҳам отанинг нақадар улуғ зот эканлигини кўрсатади. Ҳатто, уларнинг  яхши кўрган дўсларини ҳам ҳурмат қилишлигимиз лозим экан.

Солиҳ аждодларимиз ота-онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда ҳамиша ибрат бўлганлар. Умар ибн Зар айтади: "Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси эса менга бирон озор етишидан қўрқиб олдимда борар, мендан юқорида бўлмаслик учун ҳатто, мен турган уй томига ҳам чиқмас эди". Машхур ислом олими Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи оналари вафот этганларида қаттиқ йиғлаган эди. Шунда атрофидаги инсонлар ўзингиз бизларни бундай ҳолатларда сабрга чақирар эдингиз, лекин ўзингиз ҳаммадан ҳам қаттиқроқ йиғлаяпсиз-ку дедилар. Шунда у: "Қандай қилиб йиғламай, ахир бу кун  уйимдаги жаннат дарвозаси беркилиб қолдику" деган эканлар.

Шундай экан, ота-оналаримизни тириклигида қадрига етиб, уларнинг дуосини олайлик, рози қилайлик.

Ана шу амолимиз билан икки дунё саодатига мушарраф бўлишлик, ўзимизга жаннатдан жой ҳозирлашлик насиб этсин.

Абдуҳалим ҲАМРОҚУЛОВ,

 

Андижон шаҳридаги  "Ат-Термизий" жомеъ масжиди имоми.

Прочитано 2191 раз