Версия для печати
17 Авг 2017

ОБОД БЎЛАЁТГАН АНДИЖОН

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(34-СОН) Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!

Вилоятимизда "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" анъанавий кўрик-танлови  мустақиллигимизнинг қутлуғ йигирма олти йиллик байрами арафасида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўзгача шукуҳ ва юксак кўтаринкилик билан  бўлиб ўтмоқда.

Ободонлаштириш ва     бунёдкорлик борасидаги   илғор ташаббусларни, ана шу йўналишда олиб борилаётган ибратли ишларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, қолаверса, юрт ободлиги йўлидаги   ҳайрли ҳаракатда аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш, истиқлол шарофати билан юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини фуқароларимиз, ёшлар онгига чуқур сингдириш, қишлоқлар, маҳаллалар, ташкилот ва муассасалардаги тозалик, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, умуман, амалга оширилаётган ибратли ишларни кенг оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов тадбирларида андижонликлар фаол иштирок этмоқда.

Танловда хонадонлар, кўп қаватли тураржой бинолари ҳудудларининг озодалиги, саранжом-саришталиги, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўламини кенгайтириш, маҳаллалар, туман ва шаҳарларда янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, халқ ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари, миллий ҳунармандчилик, ижодиёт ва санъат соҳаларининг кенг намойиш этиш, уларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кўрик-танлов доирасида Шаҳрихон ва Андижон туманларида бўлиб ўтган тадбирлар халқ сайлларига айланиб кетди.

Айни кунда Шаҳрихон тумани, айниқса, туман марказида замонавий кўринишдаги бинолар, янги-янги савдо ва маиший хизмат иншооатлари барпо этилиб, ишга туширилгани туман аҳлини беҳад мамнун этди.  Жумладан, танлов тадбирлари доирасида Дўлан маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси, "Шаҳрихон барака газ" масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда туман марказида    "Мустақиллик" савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди. Натижада туманда аҳолига савдо, маиший хизмат кўрсатиш кўлами ва сифати тубдан яхшиланди, қолаверса, юзлаб янги иш ўринлари яратилди.

Ўрта Шаҳрихон қишлоғида ташкил этилган интенсив боғ, Бўстон маҳалласида ишга туширилган "Саховат текс" хусусий корхонасида 200 нафардан зиёд ёшлар ва аёллар доимий иш ўрнига эга бўлди. "Аёллар маслаҳат маркази" эса опа-сингилларимизнинг муаммоларини бартараф этишга ёрдам беради. Ваҳм маҳалласида  Саримсоқов номли қишлоқ врачлик пунктининг янги биноси ишга туширилганлиги қишлоқ аҳли учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

- Ёшим етмишдан ошди, - дейди Вахм маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Тўхтахон Йўлдошева. - Ёшим ўтгани    сайин тез-тез хасталаниб қолаяпман, очиғи тиббий пунктга боришга қийналаман. Ана шундай пайтларда қишлоқ врачлик   пункти шифокорлари, айниқса, патронаж ҳамшираси хонадонимизга келиб, зарур муолажаларни кўрсатади, тавсия ва маслаҳатлар беради. Авваллари қишлоғимизда бундай имкониятлар қаёқда эди, дейсиз. Туманимиз бўйича бир нечта тез ёрдам машинаси бўларди. Агар маҳалламиздан кимдир касал бўлиб, тез тиббий ёрдам марказига қўнғироқ қилсак, бизга етиб келгунча анча вақт ўтарди.

Бугун эса ёнгинамизда барча шароитлари эга қишлоқ врачлик пункти, турли мутахассисликлардаги шифокорлар хизматимизда. Бунга беадад шукрлар айтамиз,   халқимиз учун шундай шароитларни яратиб берган ҳукуматимизга, юртбошимизга раҳмат.  

Янги Найнаво маҳалласида ҳунармандлар кўргазмаси ва истеъдодли ёшлар томонидан ташкил этилган маданий-маърифий тадбирлар барчага хуш кайфият улашди. Умуман, тумандаги Дўлан, Беш маҳалла, Намозгоҳ,  Абдусамад, Навбаҳор, Қозиқўрғон, Сегаза маҳаллаларида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берилди. 

* * *

Андижон туманида ҳам    бунёдкорлик борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тумандаги корхона, ташкилот ва муассасаларда, коллежлар, мактаблар ҳамда болалар боғчаларида, фермер хўжаликларида, гузар, кўча, маҳалла, қишлоқдаги ободонлаштириш ишлари таҳсинга муносибдир.

Айниқса, Оқёр, Найман, Ёрбоши, Қўнжи, Хакан, Храбек ва Орол қишлоқларидаги ҳар бир хонадон соҳиби ўз   томорқасига, кўчасига эътибор, меҳр билан қараши, чиройли ишлов бераётганлиги, томорқадан унумли фойдаланаётганлиги алоҳида эътиборга лойиқ.

-  Обод, саранжом-саришталик, тозалик ва гўзаллик  бор жойда юксалиш бўлади, - дейди туман ҳокими ўринбосари,  хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодирахон Зокирова. - Шу боис ҳам юртимизнинг ҳар бир гўшаси, кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни  обод қилишдек эзгу ҳаракатда барча фаол иштирок этмоқда.

Танлов тадбирлари доирасида тумандаги Бахт маҳалласида 32 хонадонли икки қаватли уй фойдаланишга топширилди.

- Икки нафар фарзандим бор, уй-жойга жуда муҳтож эдим, - дейди Орол маҳалласида яшовчи уй бекаси Муножат   Мирқосимова. - Мустақиллик байрами арафасида янги барпо этилган уйнинг 2 хонали квартираси менга насиб этди.  Истиқлол шарофати, қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган бундай чиройли ва кўркам уй соҳиби бўлаганлигимдан беҳад мамнунман. Мамлакатимизда инсонларга, хусусан, мен каби оддий фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди. Бунинг учун Юртбошимизга мингдан минг раҳмат.

Шу куни туман маркази ва қатор маҳаллаларда спорт мусобақалари, ҳунармандлик маҳсулотлари, гуллар кўргазмаси, савдо ярмаркаларининг ташкил этилганлиги байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Ана шу тадбирларда  каттаю кичик фаол иштирок этди. Бу фуқароларимизнинг юрт равнақига, унинг обод ва кўркам бўлишига бефарқ эмасликларини англатади. Демак, Ватанни обод қилишга иштиёқ, хоҳиш бор экан, Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнайди.

Мухтасар айтганда, мазкур танлов юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этишга ундайди. Шу билан бирга,  халқимиз руҳиятини кўтаришга, улуғ неъмат - Истиқлолга шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Байрам тадбирларида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова иштирок этди.

"Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлови вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.

 

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 2462 раз Последнее изменение 09 Окт 2017
Super User

Последнее от Super User