(29-сон) Қалб туFёни
Озод ва обод юртимизда ёшларнинг билим олиши, ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Ўтказилаётган кўплаб ижодий танлов ҳамда фестивалларнинг мақсади ҳам истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва юзага чиқаришдан иборат.
Бундан йигирма йил илгари ташкил этилган ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ёшларга қанот берган йирик тадбирлардан бири сифатида эътироф этилади. Ўз даврида семинарга Абдулла Орипов, Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Юсуф, Турсунбой Адашбоев, Ҳалима Худойбердиева сингари халқимизнинг забардаст ижодкорлари бош-қош бўлган, кўплаб етук ижодкорларнинг бўй кўрсатишига замин яратган.
Маълум вақт тўхтаб қолган мазкур ижодий тадбир муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта ташкил этилиб, иқтидорли ёш қаламкашларнинг ўз ижод намуналари билан устозлар назарига тушишига, янги-янги дўстлар орттириб, янада самарали ижод қилишларига йўл очиб берди. Бу эса мен каби кўплаб ёш ижодкорларни ижодий парвозларга чорлайди. Зомин семинари ижод борасида сабоқ, маҳорат ва юксалиш мактаби, ўзбек адабиётининг ўзига хос "устоз-шогирд" анъанаси давомийлигининг ёрқин бир намунасидир. Яқинда бўлиб ўтган семинар юртимиздаги кўплаб истеъдодларни кашф этди. Семинар доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқа кўплаб устозлар билан бўлган қизиқарли учрашувлар, мушоиралар, маҳорат дарслари ҳар бир қатнашчи учун унутилмас таассуротларга бой бўлганлигини алоҳида эътироф этиш керак.
Гўзал Зомин заминида менга она табиат шу қадар пок, шишадай тиниқ ва мусаффо, тонгнинг юраги бордай туйилди гўё. Бугун ушбу замин бағрини озод юртнинг бахти кулган биз ижодкор ёшларига очиб берди. Кўнгли соф, туйғулари беғубор ёшларга тўлди. Онамнинг ўсма сиққан кафтлари сингари яшиллик қоплаган тоғлар бизни бош эгиб, таъзим қилгандай кутиб олди. Ёш ижодкорларнинг кўксида кўз очган ижод булоғи "Ўриклисой" шарқироғига ҳамоҳанг тарзда қўшилиб жўшади.
Кипригимда тутиб олганча,
Ҳув қуёшнинг нур этагини.
Ўриклисой бўйлаб бораман,
Уч кун айтган чин эртагингни.
Йўл четида қўлларин силкиб,
Чўпон йигит оқ йўл тилайди.
Унга асли жилғанинг боши,
Юрагингда дегим келади.
Мен ҳам Зомин сенинг кафтингдан,
Ирмоқ бўлиб тошиб бораман.
Сен ҳақингда сўйламоқ учун,
Яна довон ошиб бораман.
Оқ қоғозда офтобранг сўзлар,
Ва туганмас бахтларнинг иси.
Куйлаб борар энди менинг ҳам,
Юрагимда Зомин жилғаси.
Юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш ижодкорлар қатори устозимиз Хуршидабону Қўчқорова бошчилигида биз андижонлик ижодкор қизлар ҳам семинарда фаол иштирок этдик. Семинарда Маҳбуба Жалолхонова - наср, Мақсуда Баҳромова - адабий танқид, Моҳидил Абдуллаева - болалар адабиёти, Хуршида Аъзамжонова - бадиий таржима ва мен бадиий пуплицистика йўналишларида ўз ижодимизни устозлар ҳукмига ҳавола этдик ва муносиб баҳо олдик.
Семинарда иштирок этган барча ёш ижодкорлар сертификат ҳамда Президентимизнинг махсус совғалари билан тақдирландилар.
Зоминнинг сурати эса яна оқ қоғоздаги сўзларда, қутлуғ келсин, дея илк қадамини бағрига босган қоракўзларда мангуга муҳрланди. Қушларнинг чуғурида ҳам бахтиёрлик, ўйноқи шабаданинг эпкинида ҳам қувончга тўлиб шеър ўқиётган қалбларни эркалайди. Халқимизнинг тинч, осуда ҳаётига ярашиқли бу манзараларни тасвирлаш менга чексиз ғурур бағишлайди. Бу унутилмас ва бетакрор онларда қалбимдаги она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, шукроналик туйғуларини тасвирлашга ожизман. Бундай улуғ туйғуни фақат ҳис этиш, англаш мумкин холос. Мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан қалбим фахр-ифтихорга тўлади.
Қутлуғ ерлардан, гўзал ва сўлим Ўриклисой бўйларида таниқли устозларнинг излари қолган маскандан, тоғларинг кафтидан бир пайтлар Жиззах чўлига тушган шоир Асқад Мухтор излаган юлдузни кўксига қадаб, бугун ижодкорлар учиб боради. Уларнинг эндиги мақсадлари, парвози Зомин ҳавоси каби тиниқ, тоғларидан-да юксак! Зоминнинг пурвиқор тоғлари, сенинг бор ғуруринг, салобатинг менинг ёш қалбимга жонажон Ўзбекистонимнинг қудрати бўлиб жо бўлди.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА,
ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчиси.