(27-сон) 26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
Маълумки, Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 1987 йилда 26 июнь - Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни деб эълон қилинган. Ушбу сана муносабати билан дунёнинг барча мамлакатларида гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши кураш борасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади.
Вилоятимизда ҳам ушбу кун муносабати билан мана шундай тадбирлар ташкил этилди.
Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ муаммоларга жамият эьтиборини қаратиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги билимларини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ана шу тадбирлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам берди.
Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигидаги "Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги" доирасида маҳаллаларда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган "Биз ёшлар - гиёҳвандликка қаршимиз, соғлом турмуш тарафдоримиз" мавзусидаги тадбирлар ҳам қизиқарли ва ранг-баранглиги билан иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.
Тадбирда вилоятдаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчилар гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатларини акс эттирувчи расмлари, ижодий ишлари ва қўл меҳнати намуналари кўргазмалари, шунингдек, иқтидорли ёш спортчилар спортда эришаётган ютуқлари намойиши билан фаол қатнашдилар. Ёшлар бадиий жамоалари томонидан гиёҳвандлик иллатнинг жирканч қиёфасини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбирда тиббиёт ходимлари иштирок этиб, гиёҳванд-лик оқибатида келиб чиқадиган касалликлар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар бердилар.
- Бугунги тадбирлар давомида гиёҳвандлик ва унинг оқибатлари ҳақидаги 3 мингга яқин буклет ва эслатмалар тарқатилди, - дейди Саломатлик ва тиббий статистика институти Андижон вилоят филиали оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими мудири Набижон Назаров. - Тарғибот ишларини янада кучайтириш мақсадида йўл бўйларига баннерлар ўрнатилди. Ижтимоий кўрсатув, ролик ҳамда фильмлар маҳаллий телеканаллар орқали бериб борилмоқда. Қолаверса, фуқаролар билан учрашувлар, суҳбатлар жараёнида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчалари янада бойитилмоқда.
Тадбир якунида бадиий жамоалар, хушовоз хонандаларнинг ёшлик, она Ватан, мустақиллик, муҳаббатни, соғлом турмуш тарзини мадҳ этувчи рақс, куй ва кўшиқлари иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Мазкур тадбир ёшларни фидойи, фаол ва огоҳ бўлишга, гиёҳвандлик, шу билан бирга, диний экстремизм, одам савдоси сингари ёт иллатларга қарши муросасиз курашишга ундади.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА,
Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабаси.