(26- сон)
Гиёҳвандлик - аср вабоси, инсонни таназзулга етакловчи жирканч иллатдир. Ушбу иллат охир оқибат инсон ҳаётини захар-зақумга айлантиради, яқинларидан айиради, жиноятга етаклайди.
Аслини олганда бировнинг бошига кулфат солиш эвазига даромад орттиришга асосланган бу қора "бизнес"да гиёҳвандлар қанча кўп бўлса, оғуфурушлар даромади ҳам мўл бўлади.
Мамлакатимизда гиёҳвандлик жиноят ҳисобланади. Гиёҳванд моддаларини сотиш, олиб юриш, истеъмол қилиш қонун бўйича таъқиқланади. Хусусан, вилоятимизда ушбу жиноятнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини тушунтириш борасида зарур ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим кимсаларнинг бойлик орттириш мақсадида ушбу жиноят йўлига киришларини асло кечириб бўлмайди.
Андижон вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлимига тезкор маълумот келиб тушади. Унга кўра, Пахтаобод тумани, Шомат маҳалласида яшовчи Абдухалим Шерзодов "гашиш" гиёҳванд моддасини сотиш пайида эканлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан "назорат-харид" тадбирини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди. Махсус харидор телефон орқали суҳбатлашиб, 1000 АҚШ доллар қийматидаги "товар"ни Андижон шаҳрига етказиб беришга келишади.
Абдухалим ҳамқишлоғи Карим Халимов бошқарувидаги "СОBALT" русумли автомашинада Андижон аэропорти олдидаги бекатга етиб келганида уни махсус харидор ва контрабандага қарши курашиш бўлими ходими кутаётган эди. Абдухалим харидор билан нарх бўйича талашиб-тортишади ва 600 АҚШ доллар эвазига 30.29 грамм "гашиш" гиёҳванд моддаси сотишга келишади. Икки бўлак оқ рангсиз целофан пакетга ўралган захри қотилни сотаётганида қўлга олинади.
Суриштирув давомида А. Шерзодов гиёҳванд моддани қаердан, кимдан ва нима мақсадда сотиб олганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳар қандай жиноятнинг охири "вой" эканлигини била туриб, осон даромад олиш илинжида нафсини тия олмайдиган бу каби юртдошларимизнинг борлиги барчамизни ташвишга солади. қолаверса ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат, жиноят учун жазо муқаррар эканлигини барчамиз яхши билиб олишимиз керак.
Фарҳодбек КАРИМОВ,
Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи.