(10- сон) мулоҳаза
Бугунги кунга келиб ер юзида "татировка" деб аталган танага расм чизиш одати анча кенг тарқалган. Дастлаб бу "санъат асари" дея ғарб мамлакатларида "донг таралди". Улар асосан, мусиқанинг рок йўналишида ижод қилувчилар ва уларнинг мухлислари белгиси сифатида елка, қўллар ва тананинг турли қисмларида акс эттирилган.
Бу каби чизгилар авваллари ғарб мамлакатларида кенг ёйилган бўлса, ҳозирга келиб, шарқ мамлакатлари ва ҳатто, юртимизда ҳам кузатиш мумкин. Эътибор берсак, уларни кўпроқ ёшлар орасида учратамиз. Шу ўринда савол туғилади: бу "гўзаллик"ни минг азобда танага жойлаштиришдан қандай наф бор? Татировкалар инсонларга ҳам маънан, ҳам жисмонан катта зарар келтиради. Унинг маънавий зарарлари ҳақида айтадиган бўлсак, чизгиларда асосан тиғли анжомлар, йиртқич ҳайвонлар ва бошқа ваҳшиёна суратлар акс этган. Уларни бир сўз билан ёвузлик нишонаси дейиш мумкин.
Танасига бундай суратни чизиб олган шахс ҳақида ҳеч кимда ижобий фикр туғилмаслиги аниқ. Қолаверса,бундай кўринишни ваҳшийликка даъват қилиш, инсон онгини заҳарлаш деб баҳолаш мумкин. Энди татировканинг инсон саломатлигига кўрсатадиган зарари хусусида тўхталсак, бу ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Аммо биз улардан айримларинигина келтириб ўтамиз. Бу "санъат асари" терининг остига игна билан ранг бериб чизилганлиги сабабли уни чизиш жараёнида теридаги миллионлаб ҳужайралар нобуд бўлади. Яхши дезинфекцияланмаган асбоблар орқали ОИТС, ОИТВ, сил каби хавфли касалликлар юқиши, бундан ташқари, саратон, турли тери касалликларига чалиниш эҳтимоли жуда юқори бўлиши тиббий текширувлар жараёнида исботланган.
Татировка инсон танасида бутун умрга қолади. Ҳатто ҳозирда таклиф қилинаётган лазер нурлари ҳам бу "безак"нинг зарарли оқибатларидан қутилишга кафолат бера олмайди. Шунга қарамасдан, орамизда танасига татировка чиздирувчилар борлиги ачинарлидир. Янада ташвишлиси эса улар орасида қизлар ва аёлларнинг борлигидир. Баъзи аёллар танасига татировка чиздираётган бўлса, айрим қиз-аёллар қош, кўз, лабларига "татуаж" билан "оро" беришмоқда. "Татуаж" ҳам татировкадан деярли фарқ қилмайди. Вақт ўтгач, уларнинг ҳар иккиси ўзининг аянчли асоратларини кўрсатади, аммо кейин кеч бўлади.
Маънавиятимизга, ҳам соғлигимизга жиддий зарар етказадиган ушбу иллатдан узоқ бўлайлик. Яқинларимизни, айниқса, ёшларимизни унга ружу қўйишларига асло йўл қўймайлик. Шундагина кўплаб нохушликларнинг олдини олган бўламиз.
Мадина АКБАРОВА, талаба.