(4- сон) 21 январь - Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил топган кун
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ, яъни 1992 йил 21 январь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил топган.
Мамлакатимиз Миллий олимпия қўмитаси 1993 йил сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан расман тан олингач, счпортчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси - қишки ва ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 25 йилдирки, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Олимпия ҳаракати ва олимпия ғояларини кенг тарғиб этиш йўлида фаол иш олиб бормоқда. Ҳар йили спортчи ва мураббийлар билим ва тажрибасини янада юксалтириш мақсадида МОҚ ташаббуси билан халқаро семинарлар, илмий-амалий конференциялар, минтақавий форумлар ташкил этилмоқда. Бу ҳам, ўз навбатида, халқаро спорт майдонларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар салмоғини йил сайин юксалишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз Президенти ва ҳукуматимиз томонидан спортга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ўзбекистонлик спортчилар олимпиада ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Истиқлол йилларида олти марта (1996 йил Атланта (АҚШ), 2000 йил Сидней (Австралия), 2004 йил Афина (Греция), 2008 йил Пекин (Хитой) ва 2012 йил Лондон (Буюк Британия), 2016 йилда Рио Де Жанейро (Бразилия) шаҳарларида бўлиб ўтган) ёзги ва олти маротаба (1994 йил Лиллихаммер (Норвегия), 1998 йил Нагано (Япония), 2002 йил Солт-Лейк-Сити (АҚШ), 2006 йил Турин (Италия), 2010 йил Ванкувер (Канада), 2014 йили Сочи (Россия) шаҳарларида ўтказилган) қишки олимпия ўйинларида юртимиз спортчилари иштирок этиб, 12 та олтин, 8 та кумуш ва 17 бронза медалларига сазовор бўлганлар. Ана шу муваффақиятларга вилоятимиз вакиллари Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Хайдаров, Баҳодир Султонов, Хасанбой Дўстматов, Руслан Нуритдинов сингари спортчилар муносиб ҳисса қўшдилар.
Спорт гимнастика бўйича мамлакатимиз вакили Оксана Чусавитина эса олимпиада ўйинларида иштирок этиш бўйича рекорд ўрнатган. Шунинг учун ҳам у расман Гиннес рекордлари китобига киритилди.
Оксана Чусовитина кетма-кет етти марта олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона гимнастикачи аёл сифатида Гиннеснинг рекордлари китоби саҳифаларидан ўрин олди. У олимпия ўйинларида илк бор 1992 йили қатнашган ва ўшанда бирлашган МДҲ жамоаси таркибида жамоавий баҳслар якунига кўра, олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлган.
41 ёшли спортчи учун "Рио-2016" ўйинлари еттинчи Олимпиада бўлди. Бундай кўрсаткичга дунё спорт гимнастикачилари орасида ҳали ҳеч ким эриша олмаган. Оксана шунингдек, 2008 йилда Пекинда ўтказилган олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган.
Оксананинг профессионал спортдаги фаолияти 25 йилдан бери давом этаётган бўлиб, бу кўрсаткич ҳам спорт гимнастикаси тарихида мутлақ рекорд натижа ҳисобланади.
Ҳамюртимизнинг Гиннес рекордлари китобидан жой олишига сабаб унинг шу йил августда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги - олимпия ўйинларида иштирок этиши бўлди. Оксана 41 ёшида ўзининг севимли йўналиши - таяниб сакрашда 7-ўринни эгаллаб, олимпия ўйинлари тарихида спорт гимнастикаси беллашувларида иштирок этган энг ёши катта спортчи номига сазовор бўлди.
Чусовитина фаолияти давомида айтиб ўтганимиздек олимпия ўйинларининг олтин ва кумуш медадллари, шунингдек, уч карра жаҳон чемпионлиги, Европа чемпионлиги ва Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган. Шунингдек, юртимиз жаҳон чемпионатларида тўрттадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган.
Оксана Чусовитинанинг спортдаги фаолияти ҳар қандай спортчи учун ўрнак бўладиган даражада. У хақиқий матонат ва жасорат соҳибасидир.
Нигора РАЗЗОқОВА.