(4- сон) 23 январь - Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил топган кун
Ўзбекистон бадиий академияси - Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатининг йирик намоёндаларини бирлаштирувчи ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий, амалий, миниатюра санъати анъаналарини ривожлантириш, жаҳон санъати тажрибаларини ижодий ўзлаштириш, ёш авлодни миллий маданиятимизга ҳурмат ва ундан ғурурланиш туйғулари руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъатининг равнақи йўлида юксак профессионал, миллий бадиий ижодиётни ривожлантириш, тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш каби қатор йўналишларга илмий методик раҳбарлик қилувчи олий илмий методик ташкилот саналади.
Ўзбекистон бадиий академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 23 январдаги "Ўзбекистон Бадиий Академиясини ташкил қилиш тўғрисида"ги фармонига асосан 1997 йилда ташкил этилган.
Халқаро алоқалар, ахборот ва маркетинг, таълим, методика ва ижодкор ёшлар билан ишлаш, молия-иқтисод ва моддий техник таъминот, марказий ҳисобхона, ижодий бўлимлар бошқармаларидан иборат Ўзбекистон Бадиий академиясининг миллий ва бадиий кадрларни тайёрлашдаги ўрни ниҳоятда катта. Унинг фаолияти тасвирий ва амалий санъат вакилларига ғамхўрлик қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, ёш истеъдодларни кашф қилиш, кўргазмалар уюштириш, миллий анъаналарни ривожлантириш, бадиийлик асосида юксак маънавий тарбия беришга йўналтирилган.
Бадиий Академия санъат ва санъатшунослик бўйича барча фаолиятларни мувофиқлаштириб борувчи Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, ранг-тасвир ва графика, ҳайкалтарошлик, амалий безак, дизайн, санъат тарихи ва назарияси бўлимларидан иборат. Мазкур бўлимлар ижодий, илмий ва ўқув-методик бўғинлар ҳисобланиб, академиянинг ҳақиқий ва фахрий аъзоларини бирлаштиради.
Бадиий академия таълим тизимида Санъатшунослик инситути, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика рассомлик коллежи, Республика тасвирий ва амалий санъат лицей интернати, Республика дизайн коллежи, Тошкент шаҳри, республика вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган тасвирий ва амалий санъат академик лицейлари ва коллежлари, ишлаб чиқариш устахоналари, шунингдек, унинг таркибида Марказий кўргазма зали, "Хамар" халқаро алоқалар маркази, замонавий санъат маркази, Тошкент фотография уйи, ЎБА махсус фонди, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси, "Оқтош" рассомлари ижод уйи, Камолиддин Беҳзод мемориал мажмуи, Халқаро маданият карвонсаройи, Тошкент халқаро биеннале дирекцияси сингари қатор ташкилотлари фаолият кўрсатади. Вилоятимизда эса Бадиий академия таркибида Избоскан тумани, Тўрткўл қишлоғида жойлашган Андижон тасвирий ва амалий санъат мактаб-интернати иш олиб боради.
Мамлакатимиз тасвирий ва амалий санъатининг тараққиёт даражасини юксалтиришда академия томонидан ўтказилаётган кўргазмалар, халқаро кўргазмалардаги иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, Бадиий академия Голландия, Греция, Франция, Швеция, Корея Республикаси, Сурия, Япония ва бошқа мамлакатларнинг Бадиий академиялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
- Вилоятимизда айни кунда 30 нафардан зиёд ижодкор Академия қошидаги Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси сифатида фаолият юритиб келмоқда, - дейди вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Дилшодбек Юсупов. - Улар бадиий ва амалий санъат намуналарини яратиш, ўзига хос анъаналарини давом эттириш ва кенг тарғиб этиш борасида салмоқли ишларни олиб бормоқда.
Дарҳақиқат, уста ҳунар- мандлар томонидан тайёрланган гўзал ва жозибакор бадиий ва санъат асарларини кўриб, ҳар қандай кишиниг ҳаваси келади. Шу ўринда Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари орасида ҳунарманд аёллар ҳам самарали фаолият олиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жумладан, санъатшунос, миллий қўғирчоқлар устаси Манзурахон Юсупова, наққош ва рассом Салимахон Акбаржонованинг ижодий ишлар нафақат вилоятимиз, балки республика ва халқаро кўргазмаларда ҳам кенг жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Бугунги кунда вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларидан Низомиддин Холиқов, Обиджон Бакировлар Ўзбекистон Халқ рассоми, ёғоч ўймакорлиги бўйича Йўлбарс Ўтагенов Ўзбекистон Халқ устаси, Улуғбек Болтабоев "Меҳнат шуҳрати" ордени, Мирзааҳмад Насиббидинов, Абдуллажон Жўрабоев "Шуҳрат" медали, кулол Мирзабаҳром Абдуваҳобов ЮНЕСКОнинг махсус сертификати ҳамда Бадиий академиянинг Олтин медали билан тақдирланган.
Умида СОТВОЛДИЕВА.