Педагог минбари
Бугунги кунда юртимиз таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу ислоҳотлар замирида ҳар бир педагогнинг фидойилиги, билими, касбий салоҳияти, янгиликлар, илғор тажрибалар ҳамда давр талабига мос равишда ишлашга интилиши ётади.
Ушбу ўзгариш ва янгиланишлар нафақат таълим сифатини ошириш, балки келажагимиз эгалари бўлган билимли ва замонавий ёш авлодни тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Андижон давлат чет тиллар институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Профессор-ўқитувчиларимиз ўз устида ишлаш билан бирга, доимий ўзгариб бораётган талаблар ва замон билан ҳамнафас бўлиш учун фаолиятларига инновацион услубларни татбиқ этиш, илғор педагогик ёндашувларни жорий этиш ҳамда талабаларга чуқур билим бериш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар. Педагогларимиз илмий ва амалий кўникмаларини ошириш, талабалар билан доимий ва эркин мулоқотда бўлиш орқали уларнинг малакали мутахассис бўлиб етишиши, ҳар томонлама камол топишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жамоамиз нафақат Фарғона водийси вилоятлари, балки республика миқёсида хорижий тиллар бўйича етук ва малакали мутахассислар тайёрлашда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Айниқса, профессор-ўқитувчиларимизнинг олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари, илғор ва инновацион лойиҳалари мутахассислар томонидан, шунингдек, республика ва халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманлар, танловларда алоҳида эътироф этилмоқда.
Кўплаб устозларимизнинг мақолалари нуфузли хорижий илмий журналларда чоп этилиб, улар ўзларининг илмий салоҳиятларини намоён этмоқдалар.
Институтимиз раҳбариятининг эътибори билан ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишлари олиб бориши, самарали меҳнат қилиши, талабаларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Институтимизнинг ўқув, илмий, моддий-техник базаси мустаҳкам ва салоҳиятли бўлиб, бу талабаларнинг замонавий услублар, илғор педагогик технологиялар ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда билим олишларига хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, институтимизда турли малака ошириш курслари, илмий тўгараклар ҳамда хорижий тилларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатишга кўмаклашувчи махсус лабораториялар фаолиятининг йўлга қўйилганлиги ҳам институт эришаётган натижаларнинг салмоқли бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Институтимизда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ривожланган давлатлар олий ўқув юртларининг илғор ўқитиш услубларини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида нуфузли хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Кўплаб ўқитувчи ва талабаларимиз ҳамкор хорижий олий таълим муасссасаларида таҳсил олиб, ўзларининг билим ва тажрибаларини бойитишмоқда.
Институт дарс жараёнларига замонавий технологиялар, CLIL, ESP, коммуникатив ёндашув, интеграциялашган таълим каби илғор услублар кенг жорий этилмоқда. Натижада талабалар замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда глобал ахборот маконида бемалол ҳаракатланиш, билимларини уйғунлаштириш ва турли муҳим масалаларни мустақил ҳал қилиш бўйича малакаларини ошириб бормоқда. Шу билан бирга, интеграциялашган таълим натижасида фанлараро боғлиқлик кучаяди.
Институтда ташкил этилаётган тўгарак, семинар, очиқ дарс ва маҳорат сабоқлари ёш ўқитувчиларнинг касбий маҳорат, билим ва малакаларини юксалтиришга ёрдам бермоқда.
Ана шу каби тадбирлар қатнашчилари соҳадаги илғор тажрибалари билан яқиндан танишади, ўзаро фикр алмашади ва замонавий таълим ёндашувларини чуқур ўрганадилар. Айниқса, "Young researchers", "English for specific purposes", "Multilingual education" каби илмий тўгараклар талабаларнинг илмга бўлган иштиёқини кучайтириб, уларни илмий изланишга ундамоқда.
Бугун институтда фаолият юритаётган ҳар бир педагог касбига фидойилик билан ёндашмоқда. Бу нафақат устозлар, балки институт эришаётган муваффақиятларга муҳим омил бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, хорижий тиллар бўйича бугунги кун талабига жавоб бера оладиган, рақобатбардош ва малакали мутахассислар тайёрлашни ўзларининг бош мақсади деб билган институтимиз фидойи профессор-ўқитувчиларининг самарали фаолиятлари ҳар қанча эътироф ва эъзозга муносибдир.
Институтимиз педагогик жамоаси бундан буён ҳам ана мақсад йўлида бор билим, иқтидор ва салоҳиятларини ишга солиб меҳнат қиладилар.
Гулзода ТАДЖИБОЕВА,
Андижон давлат чет тиллар институти инглиз филологияси ўқитиш методикаси ва таржимашунослик факультети ўқитувчиси.