Мутахассис минбари
Қадимдан ҳар қандай давлатнинг шаклланиш ва ривожланиш тарихида унинг миллий бойликлари, табиий ресурслари тўғрисидаги маълумотлар муҳим аҳамият касб этган. Мамлакатни бошқаришда, айниқса, аҳоли сони, ер майдони ва моддий бойликлари тўғрисидаги аниқ маълумотлар, билимлар жуда муҳим ҳисобланган.
Йирик, марказлашган давлатларнинг ривожланиши билан бирга, уларнинг миллий бойликларининг ҳақиқий миқдори тўғрисидаги билимлар, шунга мувофиқ мамлакат аҳолиси ва унинг мулкини ишончли ҳисобга олиш усулларини билиш ва фойдаланишга эҳтиёж ортиб борган.
Статистика фан сифатида пайдо бўлишидан анча аввал, давлатлар ҳукмдорлари маъмурий ва хўжалик ҳисобининг турли усулларидан фойдаланганлар. Аҳоли сони, мулкнинг мавжудлиги, ерларнинг таркиби, уларнинг миқдори, чорва молларининг сонини билиш, савдонинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Аксарият давлатлар аҳолисининг асосий қисми асосан, қишлоқда яшаган, қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланган. Шу боис, биринчи навбатда ерга оид маълумотлар тўпланган. Ушбу маълумотлар солиқларни белгилаш ва ҳарбий мақсадлар учун хизмат қилган.
Тарихий манбаларда қишлоқ хўжалигининг ҳолати, экин майдонлари, экин турлари, чорва моллари бош сони тўғрисидаги дастлабки маълумотлар Америка Қўшма Штатларида 1840 йилда ўтказилган қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тадбири орқали шакллантирилганлиги қайд этилган.
Рус тарихчиларининг маълумотларига кўра, Россияда қишлоқ хўжалигининг ҳолати тўғрисидаги кўрсаткич ва маълумотларни йиғиш илк бор IХ асрда амалга оширилган. Рус князликларида биринчи хўжаликлар рўйхати 1245-1287 йилларда, кейинги рўйхат XIV-XV асрларда шакллантирилган.
Мамлакатимизда ҳам мазкур жараён тарихи узоқ даврларга бориб тақалади.
Нуриддин КАМОЛДИНОВ,
Улуғнор тумани статистика бўлими бошлиғи.