ҲуҚуҚшунос минбари
Айни кунда коррупцияга қарши кураш масаласи бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам долзарб ва муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Коррупция жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократик принципларини емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун жиддий хавф туғдиради. Шу боис ҳам ушбу иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилган. Бу борадаги энг муҳим ҳужжат 2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунидир. Мазкур қонунда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар, вазифалар белгиланган.
"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир, дея таъриф берилади.
Қонуннинг 5- моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар - аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар, омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат эканлиги қайд этилган.
Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирлиги сингари қатор тизимлар белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий таълим-тарбияси етук, маънавиятли инсонлар жамият ривожига соя солувчи иллат - коррупцияга асло йўл қўймайдилар.
Бугунги кунда жамият ривожига соя солувчи коррупцияга қарши курашиш борасида суд идоралари томонидан ҳам аниқ ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича мутасадди ташкилотлар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимларини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Нодирбек МИРЗАЖОНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани судининг раиси.