Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти 100 ёшда!
Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти мамлакатимиздаги энг кекса жамоат ташкилоти ҳисобланади. Жамиятга 1925 йилда асос солинган. Жамиятимиз ўзининг 100 йиллигини нишонлайди.
Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг асосий мақсади - якка-ёлғиз ва ўзгалар кўмагига муҳтож қариялар, ногиронлар, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам беришда, аҳолини табиий офатларда ҳаракат қилишга ўргатишда ва бошқа муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда давлат органларига яқиндан ёрдам беришдан иборат.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари Қизил ярим ой жамиятининг аъзолари ва кўнгиллилари учун жиддий синов даври бўлди. Жамиятнинг 17 минг нафар аъзоси фронт ортида ярадорларга ёрдам кўрсатдилар. Жамиятнинг 4 минг тиббиёт ҳамшираси ва кўнгиллилари фронтда жангчиларга ёрдам кўрсатдилар. Уларнинг кўпчилиги орден ва медаллар билан мукофотландилар.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Жамият асосан соғлом турмуш тарзи ва бепул донорликни тарғиб қилиш билан шуғулланди. Ўзбекистондаги қон заҳираси банкининг 98 фоизи Қизил ярим ой жамияти томонидан таъминланган. Шунингдек, ёшлар ўртасида санитария ишини ривожлантириш, табиий офатларда ёрдам кўрсатишга эътибор берилди.
1992 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти тўғрисида"ги Фармони имзоланди. Бу билан Жамиятнинг мустақил Миллий жамият мавқеини олиши учун ҳуқуқий асос яратилди.
ҚЯОЖнинг вилоят ва туман, шаҳар ташкилотларида "Меҳр-шафқат" хизматлари ташкил этилган ва уларда бугунги кунда 16 та тиббий ҳамшира фаолият олиб бормоқда. Улар жамият шафелигидаги юртдошларимизга, хусусан, 243 нафар якка-ёлғиз қариялар ва ногиронларга ўз уйларида ижтимоий ёрдам кўрсатишмоқда.
Жамиятимиз фаолиятининг яна бир муҳим йўналишларидан бири аҳолини биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатишдир.Ташкилотимизга тегишли ҳукумат қарори билан корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари, аҳолини биринчи ёрдамга ўқитиш вазифаси юклатилган бўлиб, ҳозирда ушбу йўналиш бўйича ўқув курслари ташкил этилган.
Жамият вилоятимиздаги таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича ҳам катта иш олиб бормоқда. Умумтаълим мактабларда санитар постлари тузилган, улар ўқув юртларида санитария-маърифий ишларни олиб боришмоқда. Барча туман ташкилотлари қошида "Саломатликнинг ёш дўстлари" клублари ташкил этилган.
Айниқса, кўнгилли донорлик бўйича катта иш олиб борилмоқда. Жамият ходимлари олиб бораётган тушунтириш ишлари натижасида фақат ўтган йилнинг ўзида 1000 дан ортиқ киши қон топширган.
ХолидахонМИРЗАРАҲИМОВА,
ҚЯОЖ вилоят ташкилоти раҳбари.