Жараён
Андижонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали ҳудудларда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишларига кўмаклашиш ҳамда танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини, айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар ўргатиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
“Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, хусусан, Андижон Маҳаллий ривожланиш маркази томонидан Европа иттифоқи ҳамда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Фуқаролик жамияти иштироки орқали ҳудудларда гендер ислоҳотларига кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида танлаб олинган Олтинкўл туманидаги Ижтимоият ва Бўстон маҳаллаларида истиқомат қилувчи, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган 90 нафар хотин-қиз қандолатчилик, тикувчилик, каштачилик, компьютер саводхонлиги ва аёллар сартароши ҳунарларига ўқитилди.
Марказ ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш, бизнес лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида касб-ҳунар курслари битирувчилари учун ташкил этилган танловда қатнашган бир гуруҳ хотин-қизлар ўзларининг микробизнесларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ҳамда бизнес ғоялари билан иштирок этдилар.
Тадбирда ана шу танловда ғолиб деб топилган 8 нафар хотин-қиз тақдирланиб, уларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун қандолат маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланиладиган жиҳозлар ҳамда тикув машиналари топширилди.
-Марказнинг тикувчилик курсини муваффақиятли тамомладим, - дейди Олтинкўл тумани Бўстон маҳалласида яшовчи Зарифахон Жўраева. – Ўрганган ҳунарим бўйича хонадонимда тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа билан танловда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан ўрин олганлигимдан хурсандман. Менга тикув машинаси берилди. Энди тикувчилик билан шуғулланиб, даромад топиш имконига эга бўлдим.
Тадбирда “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари Мавлуда Ширинова, Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси раҳбари Аброрбек Аҳмадалиев танлов ғолибларини муборакбод этди. Улар билан мулоқотда белгиланган йўналишларда ўз тадбиркорликларини самарали юритиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.
Шунингдек, Марказ ҳамда вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ўртасида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикрлашиб олинди.
Наргиза МИРЗАЛИМОВА,
“Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш марказининг Андижон Маҳаллий ривожланиш маркази раҳбари.