"101" огоҳлантиради!
Юртимизда жорий йилнинг 15 мартидан 15 апрелига қадар "Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Андижон ва Хўжаобод туманларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олишга, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Жумладан, ойлик доирасида Андижон, Хўжаобод туманларида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича туман комиссияси ҳамда туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг ойликни ўтказиш режасига асосан:
- баҳор-ёз ойларида ер кўчкилари, сув тошқинлари ва сел оқимлари хавфи мавжуд ҳудудларда амалий махсус-тактик ўқув машқларини ўтказиш;
- ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг олдини олиш бўйича "маҳаллабай" ва "хонадонбай" тизимида профилактика тадбирлари ўтказиш;
- "Крим-Конго" геморрагик иситмаси касаллиги билан боғлиқ эпидемик ва эпизоотик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида аҳоли орасида кенг қамровли профилактик, тушунтириш тадбирларини амалга ошириш;
- таълим муассасалари, ташкилотлар, маҳаллалар, бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектларда белгиланган тартибда ўрганишлар олиб борган ҳолда истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотларини сотувдан ва истеъмолдан чиқариш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли профилактика тадбирларини амалга ошириш;
- "Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" давомида тизим ташкилотларида "Очиқ эшиклар куни" тадбирларини ўтказиш бўйича ишлар олиб борилади. Бу борадаги ишлар туманлар Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича комиссиялари ишчи органлари, Фавқулодда вазиятлар бўлими шахсий таркиби, туман ФВДҚТ хизматлари, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида амалга оширилади.
Нодирбек СИДДИҚОВ,
Андижон тумани ФВБ инспектори.
Умиджон УСМАНАЛИЕВ,
Хўжаобод тумани ФВБ инспектори.