Жиноят ва жазо
Мамлакатимизда қимор ёки таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ана шуни била туриб, Андижон туманида яшовчи фуқаролар Р.А., Р.Я. ва Х.Э.лар тумандаги Ҳақиқат маҳалласида жойлашган чойхонада қимор ўйини ташкил этишган ва қимор ўйнаётганликлари ички ишлар ходимлари томонидан аниқланган.
Ички ишлар ходимлари томонидан қимор ўйини даврасида бўлган жами 422 минг сўм пул ва 24 дона ўйин қартаси ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу ҳолат бўйича очилган иш Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди томонидан тумандаги "Саноат" МФЙ биносида ўтказилган очиқ, сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд жараёнида айбланувчиларнинг оила боқувчиси эканлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, айбига иқрорлиги, бундай хатти-ҳаракатни қайта содир этмасликка ваъда берганликлари ҳисобга олиниб, уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида, яъни 1 миллион 125 минг сўмдан жарима жазоси тайинланди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш - ана шу ўйинлар буюмлари, шунингдек, ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмлар мусодара қилиниб, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилганлигини эслатиб ўтамиз.
Шунингдек, Жиноят кодексига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш - 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолананиши белгиланган.
Ҳар қандай жиноят, ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмайди. Шундай экан, юртдошларимиз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликлари, айниқса, қимор ва тавакалчиликка асосланган ўйинларни ўйнамасликлари лозим. Акс ҳолда улар жавобгарликка тортилиши, жарима тўлаб, моддий ва маънавий зарар кўриши, ташвишга қолишлари аниқ.
Шоҳрух ВАҲОБОВ,
Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди раиси.