Версия для печати
27 Фев 2025

Туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик қандай?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

ҲуҚуҚшунос минбари

Ҳақорат қилганлик - шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41- моддасига асосан, ҳақорат қилган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади.

Жиноят кодексига асосан, ҳақорат қилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳақорат қилиш нашр қилиш, ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида жойлаштириш орқали амалга оширилса, ушбу ҳаракат учун айбдор:

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Замон ривожлангани сари кишилар ўртасида мулоқот воситаларининг турлари ҳам ортиб бормоқда. Интернет аталмиш жаҳон ахборот тармоғидаги маълумотларнинг бири тўғри, бири қинғир мақсадни кўзлаган бўлса, яна бири кимнидир шаъни ва қадр-қимматини камситишга, бадном қилишга хизмат қилади.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали бир шахсга нисбатан бошқа шахс ёки гуруҳлар томонидан туҳмат қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Хўш, туҳмат ўзи нима, унга қонунларимизда қандай жазо белгиланган? Бу ҳақда қуйида қисқача тўхталамиз.

 

Туҳмат нима?

Била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шаъни, қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи ёлғон маълумотлар бериш туҳмат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг пленум қарорига кўра, туҳмат деганда юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан, оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.

Бундай маълумотларни    шахснинг ўзига айтиш - маълумот тарқатиш дея ҳисобланмайди. Бадном этувчи дея, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқ ости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар дея белгиланган.

 

Туҳмат учун жавобгарлик қандай?

Амалдаги қонун ҳужжатларида туҳмат қилган шахсга нисбатан унинг оғирлик даражасига қараб икки хил - маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40- моддасига кўра, туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши мумкин.

Туҳматга оид ишлар бўйича суриштирув ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилади. Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо эса тегишли маъмурий суднинг қарорига мувофиқ қўлланилади.

Маъмурий суднинг қарорига асосан, туҳмат қилганликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган шахс бир йил ичида ушбу ҳаракатни такрор содир этса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Муроджон МАМАДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судининг тергов судьяси. 

Прочитано 173 раз
Super User

Последнее от Super User