Версия для печати
25 Янв 2025

Юртимизда шахмат янада ривожланади

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мутахассис мулоҳазаси

Инсониятнинг ақлу тафаккури ила яратилган кишини ҳар тамонлама фикрлаш ва дунёқарашини ривожлантиришга кўмаклашувчи шахмат ўйини минг йиллардан буён миллионлаб инсонларнинг кўнглига завқ бериб келмоқда. Шахмат ўйини ихтиро қилингандан сўнг барча даврларда кўплаб буюк саркардалар, фотиҳлар, олиму-фузалолар, давлат арбоблари томонидан катта қизиқиш билан ўйнаб келинган. Ушбу ўйиннинг ривожланиш босқичларида бизнинг юртимиз, хусусан, улуғ алломаларимизнинг ҳам алоҳида ўрни ва роли бор, десам асло муболаға бўлмайди.

 1972 йилда Далварзинтепа (Сурхондарё)да олиб борилган археологик қазишмалар вақтида Кушон даври (I-II асрлар)-га оид шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёб (Самарқанд)да ўтказилган тадқиқотлар чоғида эса VII-VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган. Абу Райҳон Берунийнинг "Ҳиндистон", Абдураззоқ Самарқандийнинг "Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн", Алишер Навоийнинг "Мажоил ул-нафоис", "Лисон уттайр" Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома" ва бошқалар тарихий асарларда шахмат (шатранж)га оид қимматли маълумотлар бор.

Амир Темур даврида эса кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али аш-Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан. У шатранж ҳақида китоб ёзиб, унга ўзининг ва XIV асргача Ўрта Осиёда яшаб ўтган кўплаб олия (гроссмейстер)ларни  киритган.

Али аш-Шатранжий Амир Темур билан ҳам шатранж ўйнаб турган. Шу ўринда шахматнинг ривожланишида буюк давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темурнинг ҳам алоҳида хизматлари борлигини эътироф этиш ўринли. Тарихий манбаларда баён этилишича, Амир Темур шатранжга кучли меҳр қўйган. Жанглардан аввал ўзининг стратегияларини янада мустаҳкамлаш, жанг санъатини мукаммал ўрганиш  учун мунтазам Шатранж ўйнаб турган. Энг асосийси, у шахмат ўйинининг янги бир услубини яратган. Соҳибқирон яратган шахмат шатранжнинг каттароқ варианти бўлгани учун у "Шатранж ас-сагҳир" ("Кичик шахмат") дан фарқли равишда Шатранж Ал-Кабир (катта шахмат ёки Буюк шахмат) деб ҳам аталган. Гарчи у ўйин замонавий шахматга ўхшаш бўлса-да, пиёда ва сипоҳларнинг ҳар хил турлари борлиги билан ажралиб турган, уларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда ҳаракатланган. Улуғ аждодларимизнинг ақлу тафаккури, шатранж ривожига қўшган ҳиссаси  бугун Янги Ўзбекистон ёшларининг шахматда қўлга киритаётган улкан ғалабаларининг тарихий асоси, десам адашмаган бўламан.  Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шахмат спортини ривожлантириш ва оммавийлигини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада юртимизда шахмат энг оммабоп спорт турларидан бирига айланди. Айниқса, лавлатимиз раҳбарининг 2021 йил 14 январдаги "Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлмоқда.

Юртимиз ёшлари 2022 йил Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44- Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 1-ўринни қўлга киритганликлари бутун дунёни ҳайратга солди. Яна бир тарихий воқелик, яъни  Халқаро шахмат федерациясининг қарори билан 2026 йилда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтказилиши барчамизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

2026 йилда юртимизда Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини юқори даражада ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майда "2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46- Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинган. Ҳозирда ана шу ҳужжат асосида Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда, мусобақага пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Биргина терма жамоа аъзоларини мусобақага тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, шахматчиларимизнинг йирик        халқаро турнир ва мусобақаларда қатнашиши ва рейтинг очколарини ошириб боришлари учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу албатта, терма жамоа аъзоларининг доимий спорт формасида бўлишларига замин яратмоқда.

Амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар замирида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига пухта тайёргарлик кўриш ва юқори даражада ўтказиш мақсади ётади.

Шахматни ривожлантириш, оммалаштириш, ёш спортчиларни саралаб олиш ва тарбиялаш, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эриша оладиган рақобатбардош спортчиларни тайёрлашда шубҳасиз, Халқаро шахмат академиясининг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Катта тажриба ва маҳоратга эга бўлган мураббийлар жамоаси томонидан тайёрланаётган спортчиларимиз бугунги  кунда Осиё ва жаҳон чемпионатларида    совринли ўринларни қўлга киритишмоқда. Хусусан, академиянинг Андижон вилоятида таҳсил олаётган ўқувчилари ҳам жорий йилда юқори натижаларга эришдилар. Жумладан, Абдулборий Абдувалиев, Абдулқодир Баҳодиров ўз ёш тоифаларида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни қўлга киритишди. Бундан ташқари, 5 ташаббус олимпиадаси, Марказий Осиё чемпионати ва бошқа халқаро мусобақаларда Амалия Китьян, Одинахон Юлдошбоева, Иззатулло Акраев, Иқболжон Аҳмаджонов сингари ўқувчиларимиз муносиб иштирок этишди.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси томонидан 2025 йил календар режадан ўрин олган мусобақаларда иштирок этувчи ўқувчилар сони ҳам аввалги йилларга нисбатан бирмунча ортди.

Куни-кеча вилоятимиз марказидаги универсал спорт мажмуасида 7-17 ёшли ўқувчилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати мусобақаларида ҳам андижонлик ёш шаҳматчилар муваффақиятли иштирок этишди. Мамлакатимизнинг 900 нафар ёш шахматчиси қатнашган мазкур мусобақаларда вилоятимиз вакиллари умумжамоа ҳисобида фахрли ўринларни бирини эгаллади. Ишонамизки, спортчиларимизнинг йил бошидаги ушбу муваффақияти кўлга киритиладиган кўплаб ютуқларнинг дебочаси бўлади.

Нажмиддин  УМАРОВ,

Халқаро шахмат академияси Андижон вилояти мураббийи, олий тоифали мураббий, ФИДЕ арбитри.

Прочитано 152 раз
Super User

Последнее от Super User